Бош Сахифа » Сиёсий » ҚОИДАНИ УНУТГАНЛАР

 
 
 

ҚОИДАНИ УНУТГАНЛАР

Муаллиф: 013101 дан 26-01-2017, 15:50, курилди: 231

0
ҚОИДАНИ УНУТГАНЛАР

Ҳарбий соҳада хизмат қилиш шарафли вазифа. Зеро, мудофаа тизими хизматчиси касбий тайёргарликдан ташқари ўз фаолиятида қонунларга қатъий риоя этиши, Ватанга содиқлик ва ҳалоллик тамойилларига амал қилиши муҳим аҳамиятга эга.
Таассуфки, нафс балоси туфайли ушбу ҳаётий зарур қоидани унутиб қўядиган ёки унга амал қилмайдиганлар ҳам учрар экан. Самарқанд ҳарбий суди томонидан кўриб чиқилган жиноят иши билан танишган киши бунга амин бўлади. Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими молия-хўжалик бўлинмаси бошлиҚи бўлиб ишлаб келган Надежда Барановская шундай тоифадагилардан бўлиб чиқди.
Терговда аниқланишича, дастлаб Н.Барановкая 2013 йилнинг 13 октябрида аслида иш ҳақи ва бошқа тўловлари тўлаб берилган 5 нафар ҳарбий хизматчи номига қалбаки тарқатув варақаси тайёрлайди ва уларнинг имзоларини сохталаштириб, давлат бюджетидан ажратилган 7 миллион 376 минг 494 сўм миқдоридаги нақд пул маблағларини ўзлаштиради. Ўша йилнинг 28 декабрдаги тарқатув варақасига эса аванс пули ҳисоблаб, яна 1 нафар ҳарбий хизматчининг имзосини сохталаштириб, 1 миллион 265 минг 930 сўм нақд пулни чўнтакка уради.
Нафси ҳакалак отган Н.Барановскаянинг жиноий ҳаракатлари 2014-2015 йилларда тобора кенг тус олади. Энди у Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими ҳисобида турувчи пенсионерларга моддий ёрдам пули ҳисоблаб, тарқатув варақаларига уларнинг номидан сохта имзолар қўйишга ўтади. Жумладан, 2014 йил февраль ойидан 2015 йил декабрь ойига қадар 438 нафар шахсга моддий ёрдам пули ёзиб, бу қинғир иши орқали 77 миллион 161 минг 360 сўм нақд пул маблағини тарон-тарож қилади.
Бу даврда Н.Барановская пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ёқилғи харид қилиш учун берилиши лозим бўлган бюджет пулларига ҳам кўз олайтиради. Шу мақсадда 2014 йил 27 февралда 1 миллион 348 минг 800 сўм ва 2015 йил 30 декабрда яна 1 миллион 348 минг 800 сўм нақд пул маблағларини Қазнага кирим қилмасдан, ими-жимида жиғилдонига уради. Расмий ҳужжат ҳисобланган тарқатув варақаларига эса сохта имзолар қўяди.
Ундан ташқари, Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими ҳарбий хизматчи ва ишчиларининг ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловлари учун 2014-2015 йиллар давомида банкдан олинган 2 миллион 35 минг 66 сўм нақд пулларни "бегона қилмай", ўз эҳтиёжларига ишлатади. Шундай қилиб, Н.Барановская 2013 йил октябрь ойидан 2015 йил декабрь ойига қадар давлат бюджетидан ажратилган ва ўзига ишониб топширилган 90 миллион 536 минг 450 сўм пул маблағларини ўзлаштиради.
Шу ўринда "Н.Барановскаянинг жиноий ҳаракатларини вақтида ил¬ғаб, чора кўриши керак бўлган мансабдор шахс йўқмиди?" деган савол туғилади. Бор эди. Лекин вилоят мудофаа ишлари бошқармасида молия ва ижтимоий таъминот бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаган Исматулла Қудратов зиммасидаги хизмат вазифасини лозим даражада бажармаганлиги, моддий бойликлардан фойдаланишда етарлича ҳисоб-китоб ва назоратни таъминламаганлиги оқибатида у ҳам Н.Барановская билан ёнма-ён суд курсисида ўтиришига тўғри келди.
Суд мажлисида у Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими томонидан нафақахўрларга моддий ёрдам пули қайси асосларга кўра берилганини умуман назорат қилмаганини, уларнинг моддий ёрдамга муҳтожлигини тасдиқловчи ариза ва маълумотларни сўрамаганини, тузиб келинган маълумотномаларни чуқур текширмасдан имзо қўйиб берганини, бунинг оқибатида Н.Барановская маблағларнинг катта қисмини ўзлаштирганидан бехабарлигини маълум қилди.
Ҳарбий суд ушбу жиноятни содир этган кимсаларга нисбатан қонун талаблари асосида ҳукм чиқарди.
А.БЎРИЕВ.

Йўналиш: Сиёсий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.