Бош Сахифа » Сиёсий » ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИГА БАРЧА МАСЪУЛ

 
 
 

ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИГА БАРЧА МАСЪУЛ

Муаллиф: Admin дан 11-01-2018, 11:46, курилди: 22

0
ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИГА БАРЧА МАСЪУЛ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда уни кенг халқ оммасига етказиш мақсадида туманда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Юртимиз тараққиёти масалалари ўз ифодасини топган Мурожаатнома мазмун-моҳиятини уққан ҳар бир фуқаро дахлдорликни ҳис қилаётгани вилоят олийгоҳларининг бир гуруҳ олим ва ўқитувчиларининг 5-10 январь кунлари аҳоли билан 40 дан ортиқ учрашувларида яққол сезилди. 2017-2021 йилларда юртимизни ривожлантиришнинг бешинчи устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги ғоялар қамралган Мурожаатнома ҳаётдаги аниқ рақам ва мисоллар билан тушунтирилиши фуқаролар эътиборини тортмоқда.
- Коллежимизда Самарқанддаги олийгоҳлар олимлари билан Юртбошимизнинг Олий Мажлисга, халққа Мурожаатномасида билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар, белгилаб берилган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Бугун, эртанги кун тараққиётини ифода этадиган ушбу концепция ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги тайин. Президентимиз давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига тўхталар экан, малакали кадрлар тайёрлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Кенг кўламли ислоҳотларни ёритиш, диёримиз фуқароларини тезкор ахборотларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетини ташкил этиш зарурлигини уқтирди. Бу илмга чанқоқ ёшларга эътиборнинг яна бир намунасидир. Бундай ғамхўрликларга муносиб жавоб қайтариш биз ёшларнинг бурчимиз.
Ҳозирги кунда билим масканида таҳсил олиш баробарида туман газетаси қошидаги "Истеъдод клуби"да соҳа сирларини ўрганаяпман. Кўнглимдаги орзуларни амалга ошириш учун танлаган касбим бўйича олийгоҳ очилиши мени янада қувонтирди. Жорий йил албатта, ана шу университетга ҳужжатларимни топшираман. Ниятим юртимиз раҳбари таъкидлаганидек, соҳанинг малакали кадри бўлиб етишиш, халқимизга астойдил хизмат қилишдир, - деди ўз сўзида политехника касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Синдор Зубаев.
8-мактаб фаоллар залига тўпланган Жума шаҳрининг 250 дан ортиқ фуқаролари билан мулоқотда Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида белгиланган топшириқларни туманда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" тузилгани, аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган дастурлар қабул қилинганлиги эътироф этилди.
- Фахр ва ифтихор билан айтоламанки, Мурожаатнома халқимизни бахт-саодатнинг ойдин йўлига чорлайди, - деди туман Кенгаши депутати Фотима Исломова. - Шу билан бир қаторда, юртдошларимизни буюк келажакка бўлган ишончларини мустаҳкамлайди. Катта ҳаяжон билан юртбошимиз сўзларини тинглар эканман, тўғрисўз ва фидойи бўлиб яшаш кераклигини ҳис этдим. Мурожаатда депутатлар зиммасига катта вазифалар қўйилди, уларнинг халқ олдидаги масъулияти улуғвор эканлигига эътибор қаратилди. "Қоғозда юзлаб масалаларни ҳал қилгандан кўра, амалда бир нечта муаммоларни ҳал қилиб берсангиз, одамлар сиздан рози бўлади." Бу таъкид, биз депутатлардан фаол бўлишимизни, фаолиятимизни қайта кўриб чиқишимизни тақозо этмоқда. Йўлларни таъмирлаш, коммунал соҳадаги муаммолар, иш ўринлари яратиш бўйича мутасаддиларга йўллаган депутат сўровномаларига амалий жавоб олмаганимиз ҳақиқатан ҳам бор гап-ку. Бу эса фуқаронинг депутатга ишончини йўқотади. Шунинг учун ҳам ҳеч бир мурожаат эътиборсиз ва масаланинг охирига етмасдан қолмаслиги керак.
- Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномасида амалдаги йилни мамлакатимизда "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилгани барчамизни қувонтирди. Мурожаатда тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари фаолияти чуқур таҳлил қилинди. Меҳнат қилиши, фаолиятини янада ривожлантиришимиз учун янги имкониятлар берилди. "Интернет тармоғида электрон савдолар ва аукционлар орқали ер участкаларини, жумладан, тадбиркорлар учун ажратишнинг ягона тартибини ўрнатиш зарур. Шу мақсадда, 2018 йилдан бошлаб электрон савдо майдонлари орқали давлат активларини сотиш бўйича электрон тизим ташкил этилади." Юртбошимизнинг бу сўзлари фермер ва тадбиркорларни дилидаги гап, орзу-армонлари ушалишига бўлган ишончларини мустаҳкамлади. 20-30 амалдор қўл қўйиши лозим бўлган муаммолар эндиликда бир зумда ечилади. Аминмизки, яратилаётган бундай қулайликлар тадбиркорлар сафини янада кенгайтиради, - деди «Бека Чарос» хусусий корхонаси раҳбари Гулбека Қўчқарова.
Ёшлар марказида Жума шаҳри аҳолиси, уюшмаган ёшлар иштирокида Мурожаатнома мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган мулоқот савол-жавобларга бой бўлди.
- Мурожаатномани катта ҳаяжон билан қайта-қайта ўқидим. Президентимиз барча муаммолардан хабардор ва уларни такрор-такрор тилга олмоқда. Шунинг учун ҳам, "Менинг фикрим" веб-саҳифаси ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Демак, барча соҳаларда ҳар қандай фуқаронинг таклифи инобатга олинади, - деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси Воҳид Жўрақулов.
- Мазкур тарихий аҳамиятга эга ҳужжат давлатимиз раҳбарининг якунланган йил бўйича ўзига хос ҳисоботи ҳам бўлди, - деди Ўзбекистон "Адолат" социал демократик партияси туман кенгаши раиси Х.Ҳайитова 18-мактабдаги аҳоли билан учрашув чоғида. - Унда давлатимизни келгусида ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалари белгилаб берилди. Бу эса партия фаоллари, депутатлик гуруҳи аъзоларимиздан янада масъулият ҳис этишни, тадбиркорликни ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш, бизнес субъектларини жадал ва бар-қарор ривожлантириш йўлида изланиш, ташаббус кўрсатишни тақозо этади. Мурожаатнома халқ манфаати йўлида хизмат қилиши, аҳоли билан мулоқотларни давом эттириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, келажакка ишончларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Партия фаоллари билан очиқ мулоқотларни изчил давом эттириш режаларини белгилаб олдик. Муаммоларни ҳал қилиш бўйича ижро ҳокимиятига масалани қатъий қўйиб жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш асосий вазифамиз бўлади.
Б.ШУКУРОВ.

Йўналиш: Сиёсий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.