Бош Сахифа » Сиёсий » ТУМАН КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

 
 
 

ТУМАН КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ

Муаллиф: Admin дан 11-01-2018, 11:40, курилди: 22

0
ТУМАН КЕНГАШИНИНГ СЕССИЯСИ
Шу йил 5 январь куни халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Туман Кенгаши депутатлари, ҳоким ўринбосарлари, маъмурий органлар ходимлари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган сессияда дастлаб, туман прокурори Б.Ғаффоров ҳамда ички ишлар бўлими бошлиғи А.Отамуродовларнинг 2017 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги амалга оширилган ишлари юзасидан ахборотлари тингланди ҳамда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳудудда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза этиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида муайян ишлар амалга оширилган.
- Ахборотлардан кўриниб турибдики, - деди ушбу масала юзасидан мулоҳазаларини билдирган вилоят прокурори Ф.Зуфаров. - Туманда умумий жиноятлар 31 тага ошган. Айниқса, қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, ўғирлик, фирибгарлик сингари жиноят турлари кўпайганлиги бу борадаги ишлар талаб даражасида эмаслигидан далолат. Жиноят содир этилишининг олдини олишга доир профилактик тадбирлар самарадорлиги мутлақо сезилмайди. Жиноятларнинг олдини олиш мақсадида 25 банддан иборат мезон ишлаб чиқилган бўлиб, ўтган йилнинг апрель ойида бу ҳақда тегишли кўрсатмалар берилган. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу ишга мутасадди бўлган прокуратура, ИИБ ходимлари маҳаллаларда мезон асосида йиғма жилдлар ташкил этилишига ҳам панжа орасидан қарашган. Нотинч оилалар, ичкиликка муккасидан кетганлар, жиноят содир этишга мойил кимсалар рўйхатини шакллантириб, улар билан ишлаш йўлга қўйилмаган. Маҳалла оқсоқоллари, ҳудуд фаоллари билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлиги хўжакўрсинга бўлаётганини кўрсатади бу.
- Рақамлардан профилактика инспекторлари етарли даражада иш олиб бормаётганлиги ойдин, - деди вилоят ИИБ бошлиғи А.Тошпўлатов. - Содир этилган жиноятнинг туб илдизи билан етарли даражада қизиқиш йўқ. Айрим маҳалла оқсоқоллари ўз ҳудудида профилактик ишларни ҳамкорликда ташкил этиш тугул қанча жиноят, кимлар томонидан содир этилганини ҳам билмайди. Жиноят кўрсаткичлари ошаётган ҳудуд профилактика инспекторларига нисбатан тегишли чоралар кўрилади. Лекин, Ш.Рашидов, Янгиобод, Болдир, Сазағон, Меҳнат, Қўқони сингари ўнлаб маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ошганлигига оқсоқоллар нима деб жавоб қайтаришади? Ҳудудда атиги 5 та маҳаллада ўтган йили бундай салбий ҳолатлар қайд этилмаган.
"Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси М.Бобоёров, вилоят ҳокими ўринбосари М.ўафурова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Р.Қобиловлар ҳам масала юзасидан танқидий таҳлил қилинган маҳаллалар раислари, профилактика инспекторлари йўл қўйилган камчиликлар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Туман ҳокими биринчи ўринбосари М.Абдуллаевнинг 2017 йил иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ҳам эшитилди.
Таъкидланганидек, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ўтган йили 3 та йўналишда лойиҳа қиймати 109 миллиард 669 миллион сўмлик 207 та лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг натижасида 1506 та янги иш ўринлари яратилди. Тижорат бинклари томонидан 4045 нафар фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш учун 19 миллиард 433 миллион сўм кредит ажратилган. 8,7 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Йил бошидан яна иккита янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилинган. "К.Элдор" фермер хўжалиги томонидан тухум, "Виланта гроуп" МЧЖ томонидан қуруқ ва ҳўл мевалар етказиб бериш бўйича чет эллик ҳамкорлар билан шартномалар имзоланди. Шунингдек "MASSIMO LAVORO" МЧЖнинг экспорт қилиш бўйича ишлаб чиқарилаётган уч юз долларлик оёқ кийими намуналари Россия давлатига жўнатилди.
Сессияда туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи И.Бобобеков муассасалар фаолиятининг самарадорлиги ва истиқболдаги вазифалар юзасидан ахборот берди. Жумладан, 2017 йил давомида бир қатор замонавий текшириш усуллари йўлга қўйилди. 2018 йили инвестиция дастури асосида терапия бўлими қурилиши режалаштирилмоқда. Олтита оилавий поликлиника УТТ аппарати, рақамли флюрография текшируви, лапроскопия жамланмаси, тиббий ёрдам машиналарига GPRS навегатори, тез тиббий ёрдам бригадаларини жиҳоз билан таъминлаш, барча муассасаларга малакали мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилмоқда. Кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларнинг саволларига тегишли жавоб берилди.
Сессияда кун тартибидаги масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
Ўз мухбиримиз.

Йўналиш: Сиёсий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.