Бош Сахифа » Сиёсий » "ОҚ ШАЙТОН"

 
 
 

"ОҚ ШАЙТОН"

Муаллиф: Admin дан 13-12-2017, 11:04, курилди: 38

0
"ОҚ ШАЙТОН"
измига кирган кимсалар

Инсон эсини таниганидаёқ, қалбида ҳавас ҳисси уйғонада. Ҳавасдан эса орзу туғилади. Киши улғайган сари, орзулари ҳам тобора юксалаверади. Масалан, ҳар ким болалигида кўпроқ ўйинчоғи ёки чиройли кийимлари бўлишни хоҳласа, вояга етганида эса рисоладагидек яшашни яъни, бахтли оиласи, обрў-эътибори бўлишини, хуллас, тукис ҳаёт кечиришни исташади. Албатта, орзуларга етишиш осон эмас. Бунинг учун кишида қатъий ирода, ишонч бўлиши керак.
Жамиятимизда шундай инсонлар борки, улар на орзу қилишни, на яшашни билишади. Бундайлар ғанимат дунёда яшаш фақат тирикликдан иборат, деб ўйлашади. Улар бу феъл-атвори билан яқинларини ҳам ҳаётдан бездириб юборади.
Шомбулоқ маҳалласилик Саттор Рафиқов (исм-фамилия¬си ўзгартирилган) ана шундай кимсалардан. У 1995 йил 20 ёшида суднинг қора курсисида ўтириб, 3 йил қамоқ жазосини ўтаб чиққан бўлсада, "кўзи очилмаган". Уч нафар фарзанднинг отаси бўла туриб бекорчиликни ўзига касб қилиб олган Саттор ичкиликка муккасидан кетган. Бола-чақасини, оиласини бутунлай унутиб, турмуш ўртоғи билан ҳам ажрашган.
С.Рафиқов ҳар куни Самарқанд шаҳридаги "Ҳазора" автошоҳбекатида таксиларга йўловчи чақиради. Бу хизмати эвазига ҳайдовчилардан беш-тўрт сўм пул олиб, ароқ ичади. "Кўр - кўрни қоронғида топади" деганларидек, у 2017 йил 5 апрель куни ҳар доимгидек, "хизмат вазифасини" бажараётган пайтида «Гога» деган киши билан танишиб қолади. Саттор кечга яқин ишлаган пулига бир дона ароқ олиб, янги дўстини уйига таклиф қилади. Икки ароқхўр ўлфатлар бир шишани бўшатиб, иккинчисини очишга чоғланган бир пайтда Сатторнинг қизи дастурхонага егулик олиб киради. Қиз хонадан чиқиб кетгач, сармаст «Гога» унинг ортидан беҳаё сўзлар билан сўкинади. Меҳмоннинг бу қилиғидан жаҳли чиққан мезбон, даҳлиздаги ҳасса таёқни олиб киради ва «Гога»нинг тўғри келган жойига аямасдан ўраверади. Ҳасса сингач болтанинг дастаси билан ура бошлайди. Охири бу улфатчилик фожиа билан тугайди.
Қасддан одам ўлдирганликда айбланган Саттор Рафиқов яна бир бор судланди. Суд ҳукми билан унга Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 97-моддаси қўлланилиб, 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. "Оқ шайтон"нинг изми билан ваҳшийликка қўл урган жиноятчи жазони ўтаб қайтганида ёши ҳам бир жойга етган бўлади. Аммо умрнинг ўткинчилиги ҳақида у бир марта ҳам ўйлаб кўрмаган бўлса керак.

А. МИРЗААҲМЕДОВ,
туман прокуратураси катта терговчиси,
3-даражали юрист.

Йўналиш: Сиёсий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.