Бош Сахифа » Сиёсий » ТАШАББУСКОРЛИК - ҲАЁТ ТАҚОЗОСИ

 
 
 

ТАШАББУСКОРЛИК - ҲАЁТ ТАҚОЗОСИ

Муаллиф: Admin дан 18-08-2017, 10:19, курилди: 99

0
ТАШАББУСКОРЛИК - ҲАЁТ ТАҚОЗОСИ

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси туман Кенгашининг тўққизинчи пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий партиялар, экологик ҳаракат вакиллари билан ўтазган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар юзасидан партиянинг 2017 йил иккинчи ярим йиллиги чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Дарвоқе, мамлакатимизда айни пайтда жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Бу жараённи амалга оширишда партия ва депутатлик гуруҳининг ўрни ҳамда масъулияти ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, аҳоли билан доимий мулоқот олиб бориш, уларни ташвишга солаётган муаммоларга ечим топишда кўмаклашиш, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорликни ошириш каби тадбирларни самарали ташкил этишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Давлатимиз раҳбари вакиллик органлари, хусусан, халқ депутатлари туман Кенгашлари, депутатлик гуруҳлари ўз ваколатларини самарали амалга оширмаганлигини таъкидлаб ўтган эди. Бундай салбий ҳолат "Адолат" СДП туман Кенгаши ва унинг депутатлик гуруҳи фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Жумладан, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд бир пайтда прокуратура, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, туман учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалалар муҳокама этилмаган, партия бу борада ташаббус билан чиқмаган. Ҳал этилиши зарур масалаларни туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритишда сусткашликка йўл қўйилган.
Чунончи, туманда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бу борада тиббиёт ходимлари масъулиятини ошириш, жавобгарлигини таъминлаш бўйича ҳам қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд. Гўзалкент қўрғонидаги поликлиникада тиббиёт анжомлари эскирган, музлаткич талабга жавоб бермайди. Ушбу муассасага хирург, лор шифокори етишмайди. Шундай бўлса-да, партия фаоллари бу муаммога лоқайдлик билан қараб, мутасадди органларга ҳеч қандай таклиф билан чиқмаган. Бундан ташқари, ёшларга оид давлат дастурини амалга ошириш борасида ҳам етарлича иш олиб борилмаган.
Юқорида кўрсатилган камчиликлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон "Адолат" СДП туман Кенгаши пленумида тегишли қарор қабул қилинди.

Тўрақул ШОДМОНОВ,
17- Чандир сайлов округидан туман Кенгаши депутати.

Йўналиш: Сиёсий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.