Бош Сахифа » Маърифат ва Маданият » "КИТОБ ОЛАМИ" МАЖМУАСИ

 
 
 

"КИТОБ ОЛАМИ" МАЖМУАСИ

Муаллиф: Admin дан 13-12-2017, 11:12, курилди: 34

0
"КИТОБ ОЛАМИ" МАЖМУАСИ
қурилиши бўйича жим-житлик

- Неварам 9-синфда ўқийди, - деди мутолаа маданиятига бағишланган тадбирлардан бирида Гўзалкент қўрғонида истиқомат қилувчи онахон М.Бектамишева. - Бадиий китоб ўқишга қизиқиши кучли. Оиламизда мўъжазгина кутубхона бор. Чунки, ўзим ҳам турли мавзудаги китобларни ўқишни ёқтираман. Шу сабабми, ҳаётда эзгу ниятларим рўёбга чиқди. Институтни тугатиб, то нафақага чиққунга қадар туман халқ таълими бўлимида бошланғич синф ўқитувчилари етакчиси сифатида ишлаб, обрў-эътибор топдим. Китобдан камолотга эришганимни ёддан чиқармаган ҳолда, нафақа пулимга бадиий китоблар сотиб олиб, неварамни хурсанд қилиш ниятида туман марказида жойлашган китоб дўконига йўл олдим. Аммо… афсуски, истаган китобларим дўкон пештахтасида йўқ. Шу пайт ёшгина бир қиз хаёлимдан ўтаётган фикрларни уққандек, саволга тутди.
- Бу дўконда излаган китобларингиз барибир топилмайди. Самарқанд шаҳрига борсангиз, "Китоб олами" мажмуаси бор. У ердан истаган китобингизни топасиз, ҳам арзон…
Ўйлаб қолдим. Кексаман, шаҳарга бориб келишим учун қанча масофани босишим керак. Бормасам, наварамнинг дили оғрийди. Туманимизда ҳам 350 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Шундай катта туман марказида наҳотки каттароқ китоб дўкони қуриш мумкин эмас.
Дарвоқе, онахоннинг гапидан сўнг яна бир бор Жума шаҳри марказидаги китоб дўконларини айлана бошладим. Бор-йўғи икки жойда дўкон мавжуд бўлиб, саноқли китобларгина териб қўйилган. Нархлари қиммат. Афсусланарлиси, китоб харид қилаётган бирорта ихлосмандни учратмадим. Шу ўринда Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида ҳам мутолаа маданиятини тарғиб қилиш, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда кутубхоналар ташкил этиш, кўпроқ ёшларни китобга қайтариш масалалари алоҳида қайд этиб ўтилган. Матбуот нашрлари саҳифаларида, радио, телевидение орқали китобнинг инсон ҳаётидаги ижобий ўрни, аҳамияти тўғрисида тинимсиз бонг ураяпмиз. Аммо китобни кимдир қаердан олиб ўқиши лозимлигини ҳам яна бир бора ўйлаб кўришимиз лозим эмасми? Марказда йўқ китоб дўкони, кутубхоналарни чекка қишлоқ ҳудудларида ташкил этилган, деб ким кафолат бера олади? Ёшларнинг интернетга боғланиб қолганлиги, китобга меҳри сусайгани ҳақида бот-бот гапирамиз. Аммо… "Меҳр кўзда…", деган нақл бежизга айтилмаган. Агар туман марказидан ҳам "Китоб олами" бунёд этилганида, катта-ю кичик ҳеч бўлмаганда марказга қадам ранжида қилганда, бир бўйламасмиди? Олисга бориб келиш учун гоҳида маблағ, баъзида вақт "ёқамиздан олади". "Китоб олами" қурилиши хусусида фақат бугун гапирилмаяпти. 2-3 йил бурун ҳам "Ёшлар боғи"нинг ичидан китоб дўкони қурилиши ҳақидида фикр-мулоҳазалар туман ҳокими томонидан айтилганди. Ҳатто бу эзгу ишни зиммасига оладиган тадбиркорлар ҳам чиқди. Яна "Ёшлар ва ҳоким" учрашувида ҳам шу муаммо кўтарилгани кўпчиликнинг ёдида. Яна ваъда берилди. Ҳамон "жимжитлик". Китобсеварлар кўп. Уларнинг талаб-истаклари инобатга олиниши зарурлигини ўйладим. Аслида, туман марказида "Китоб олами" мажмуаси ташкил этиладими? Бунга мутасаддилар нима дейди?

Гулжаҳон МАРДОН
қизи.

Йўналиш: Маърифат ва Маданият

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.