"КИТОБ БАЙРАМИ"

Муаллиф: Admin дан 20-11-2017, 13:29, курилди: 52

0
"КИТОБ БАЙРАМИ"
барчада кўнгилли таассурот қолдирди
Китоб ўқиган киши ҳаётда бошқаларга нисбатан ўз ақл - идроки, дунёқараши билан бир қадам олдинда юради. Маънавиятли, маданиятли, билимли инсон сифатида қадрланади. Маънавиятли киши эса ҳеч қачон енгилмайди, ортга чекинмайди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тар-қатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойишида ҳам китобхонлик маданиятини юксалтириш, оилавий кутубхоналар ташкил этиш, айниқса, ёшларни китоб мутолаасига кўпроқ жалб этиш зарурати алоҳида қайд этиб ўтилган.
Туман тиббиёт коллежида ушбу фармойиш доирасида "Китоб барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асоси" мавзусида тадбир бўлиб ўтди. "КИТОБ БАЙРАМИ"
- Ушбу китоб байрамида нафақат ўқув даргоҳи талабалари, балки уларнинг ота-оналари, маҳаллалар вакиллари, имом-хатибларнинг иштирок этаётганидан кўнгил қувончга тўлди, - деди кечада сўзга чиққан "Ўзбекистон - 24" радиоканали мухбири, шоир Тўлқин Сиддиқ. - Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Хизмат тақозоси билан туманларда бўлганимизда, бир маҳалла маслаҳатчиси билан мутолаа тўғрисида суҳбат қилдик. Суҳбат давомида у киши "Маҳалламизда кутубхона йўқ. Қолаверса, кутубхонага кирганимга 2-3 йил бўлди", деб қолди. Берган саволимдан ўзим мулзам бўлиб қолдим. Маҳалла маслаҳатчисининг китобга муносабати шундай бўлса, маҳаллада китоб ўқишга қизиқиш қай даражада эканлигини тасаввур қилинг. Айни пайтда Паст Дарғом туманида бу ҳолатнинг аксини кўриб ҳаяжонга тушдим. Фарзандлари қатори ота-оналар ҳам навбатда туришиб, бадиий китоблар харид қилаётгани хонадонларга мутолаа завқи, унга нисбатан эътибор кириб бораётганлигидан дарак эмасми?
Дарвоқе, тадбир жараёнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда вилоят "Китоб олами" савдо мажмуаси ҳамкорлигида сайёр дўкон ташкил этилди.
- Ўзим шоира Гулжаҳон Мардон қизининг "Сокинлик қўшиғи", Н.Фозиловнинг "Топдиму йўқотмадим" асарларини сотиб олдим. 300 нафардан зиёд ўқувчилар турли мавзудаги бадиий ва илмий адабиётларни харид қилишди, - деди АРМ раҳбари Маҳбуба Қорабоева. - Бу ёшларимизнинг китоб ўқишга иштиёқи баландлигидан далолат, албатта.
- Турли мавзуларни ўз ичига қамраб олган китобларга қараб, ҳаммасидан зарур тушунчаларни олгинг келади, - дея суҳбатга қўшилди тиббиёт коллежи 107- гуруҳ ўқувчиси Наргиза Нормўминова. - Бугун Пушкиннинг "Евгений Онегин", Зулфия қаламига мансуб "Баҳор келди, сени сўроқлаб", Марк Твеннинг" Том Сойернинг саргузаштлари", Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг "Ўз¬бекистон мустақилликка эришиш остонасида" китобларини сотиб олдим. Гарчи бу адабиётларни илгари ўқиб чиққан бўлсам-да, ўз китоб жавонимни безаб туришини, бу хазиналардан оила аъзоларим ҳам баҳраманд бўлишини истадим.
Шунингдек, Маҳлиё Ўралова, Лобар Мусурмонова, Диёра Рустамова, Мадина Эргашева, Хадича Темурова, Ситора Қурбонова, Азиза Нарзуллаева, Дилдора Абдуллаева каби ёш китобсеварларнинг ҳар бири 5-6 тадан бадиий ва илмий адабиётлар харид қилишганини айтишди. Ўша куни жами 2000 дан ортиқ бадиий, илмий адабиётлар китобхонлар қўлига етиб борди.
- Уй бекасиман, 3 нафар фарзандим бор. Уй-рўзғор ишларидан бўшадим дегунимча, бадиий китоб ўқишга тушаман. Бугун тадбир ҳақида эшитиб, ўзимга ёққан китоблардан харид қилиш учун келдим. А.Қодирийнинг "Ўтган кунлар" асарини сотиб олдим. Қизиқарли, ўқишли китоб ўз мухлисини топиши аниқ. Ишонаманки, бу китобни келинларим ҳам ўқийди, - дея ўз фикрларини билдирди "Олмазор" маҳалласилик Н.Йўлдошева.
Барчада кўнгилли таассурот қолдирган "Китоб байрами"ни ташкил этишда коллеж маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Б.Исломов, тиллар кафедраси мудираси Ф.Мавлонова, Л.Эргашева ҳамда "Фаол китобхон" тўгараги раҳбари М.Қорабоеваларнинг ҳиссаси катта бўлди.
Г.МУСТАФОЕВА,
Қ.ЗИЁТОВ (фото).
Калит сўз: Китообхонлик

Йўналиш: Маърифат ва Маданият

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.