» » БОҒЧАЛАР ҚУРИЛИШИ

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

БОҒЧАЛАР ҚУРИЛИШИ

                           БОҒЧАЛАР ҚУРИЛИШИ
                        бўйича лойиҳалар тахт
Жисмонан ва маънан етук инсонгина жамият ривожи, юрт тараққиёти учун сидқидилдан хизмат қила олади. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг соғлом ва ҳар томонлама шаклланишини таъминлаш албатта, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришни талаб этади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 9 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам бу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш, болаларни мактабгача таълим тизимига тўлиқ қамраб олиш чораларини кўриш, замонавий механизмларни ишлаб чиқиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, МТМлар моддий-техника базасини яратиш каби қатор масалалар ҳаётий зарурат эканлиги таъкидланган.
Мазкур қарорнинг ижроси юзасидан туманимизда амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман мактабгача таълим бўлими мудираси Ҳанифа Ниёзқулова билан суҳбатлашдик.
- Дастлаб туманимиздаги МТМ лар фаолиятига тўхталиб ўтсангиз?
- Айни пайтда 57 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Шундан 56 таси оммавий, 1 таси махсус боғча таркибига киради. 26 таси замонавий, 31 таси эса мослаштирилган биноларда жойлашган. Педагог ходимлар 431 нафар. Шулардан 12, 2 фоизи олий, 87,8 фоизи ўрта-махсус маълумотли кадрлардан иборат. Туманда (2-7) мактабгача ёшдаги 20305 нафар болаларнинг 5500 нафари мавжуд МТМларга жалб этилган. Болаларни боғчаларга қамраш 27 фоиз.
- Болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамраш ниҳоятда паст эканлиги рақамлардан кўриниб турибди. Болаларни яқин келажакда МТМларга жалб этишнинг чора-тадбирлари ишлаб чиқилганми?
- Даставвал, МТМ ларнинг моддий-техника базасини яратиш, боланинг боғчада ҳар томонлама етук, соғлом бўлишини таъминлайдиган шароит зарурлигини қайд этиб ўтиши жоиз 2017 йилда Давлат Дастури доирасида бирмунча ишлар амалга оширилди. Жумладан, болаларни мактабга тайёрлашни, айниқса, қишлоқ жойларда яхшилашни кўзда тутувчи 2017-2021 йиллар учун Давлат Дастури лойиҳасига асосан, МТМлар моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш, капитал таъмирдан чиқариш, жиҳозлашга эътибор қаратилмоқда. 2 та МТМ биноси таъмирланди. Фикрлаш ва эрта ёшдан ақлий салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қиладиган мантиқий ўйин ва ўйинчоқлар, дидактик материаллардан 23 жамланма 8 та боғчага етказилди. Бу эзгу ишлар натижаси ўлароқ, болалар қамрови оша бошлади. Қолаверса, 2018 йилда қамров юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Нодавлат ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида туман ҳудудида 16 та МТМ ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорлари рўйхати шакллантирилган. МТМ лар қурилиши учун ташаббускор тадбиркорларга "Ориент финанс банк" ҳамда "Микрокредитбанк" Самар­қанд бўлими томонидан кредит маблағлари ажратиляпти. Шу билан биргаликда, 15,16, 19, 30,58-МТМ ва 11-сонли боғча-мактаб мажмуини капитал таъмирлаш учун давлат бюджетлари ажратилган.
- Дарвоқе, фактларга эътибор берадиган бўл­сак, олий маълумотли тарбиячилар атиги 12,2 фоизни ташкил этаяпти. Бу борадаги фикрларингиз…
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2018 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида"ги қарорида ҳам мактабгача таълим соҳасида олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш, олий таълим муассасаларида ушбу йўналиш бўйича қабул квоталарини ошириш зарурати уқтириб ўтилган. Зеро, намунавий фаолият муассасанинг муваффақияти ҳисобланади. 2017 йилда 12 та МТМда қисқа муддатли гуруҳлар "Глобал" дастурига тушиб, жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланди. Навбатдаги босқичда эса 6 та МТМ тарбиячилари ўз малакаларини ошириб, сертификатлар билан қайтишди. 2018 йилда ҳам тарбиячиларни режа асосида олий таълим муассасалари сиртқи бўлимида таълимни давом эттириш, кадрларимиз салоҳиятини ошириш юзасидан режалар ишлаб чиқдик.
- "Ўғлим ҳам, келиним ҳам ишда. Боғча уйимиздан узоқ, невараларимни олиб боролмайман, яқин жойдан боғча қуришни иложи бормикан?", деган эди чекка қишлоқлик онахон суҳбатлардан бирида. Лойиҳа манзилларини кўздан кечирар эканмиз, МТМлар қуриладиган жойлар кўпроқ туман марказига яқин жойлардан кўрсатилган. Туманимизнинг чекка ҳудудларидан ҳам боғчалар бунёд этиладими? Боғчага жалб этилмай қолган болага қандай имкониятлар бор?
- Албатта. Қамровни ошириш даражасини кўтариш учун ҳам бу муҳим масала. Қолаверса, чекка ҳудудларда ташкил этиладиган МТМларда ота-оналар бадал тўловини камайтириш, қисқа муддатли гуруҳлар сонини кўпайтириш, чет тиллар тўгаракларини жонлантириш таклифлари билан чиқдик. МТМларга жалб қилинмаган болалар учун ота-оналарга уй шароитида 5-6 ёшли фарзандини мактабга тайёрлашга ёрдам берадиган 7 номдаги 663 дона услубий қўлланмалар тарқатилди.
Дарвоқе, мазкур соҳада бошқарув тизимини самарали йўлга қўйиш, таълим ва тарбия сифатини ҳамда зарур шарт-шароитларни тубдан яхшилаш мақсадида истиқболли режалари ишлаб чиқилди.
-Кўпинча, МТМларда "Таомнома"да бошқа-ю, амалда бошқа таомлар тайёрланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Баъзида ота-оналар эътирозларини ҳам эшитиб қоляпмиз. Бунга нима дейсиз?
- Тўғри, баъзи МТМ ларда бундай ҳолатлар юзасидан танқидий фикрлар ҳам бўлди. Ўтган йили бу ҳолатлар юзасидан МТМлар фаолиятлари ўрганилди, таҳлил этилди. Ота-оналар фикрлари тингланди. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан баъзи мудиралар огоҳлантирилди. Ушбу йилда ҳам бу борада махсус гуруҳлар тузиб чиқдик. Улар орқали мактабгача таълим муассасалари озиқ-овқат захиралари, "Таомнома"лар қатъий назорат қилиниб борилади. Чунки, ўсиб келаётган гўдаклар тақдирига ота-оналари қатори, биз ҳам масъулмиз. Бугунги ёш авлод эртанги кунимиз яратувчиси эканини унутмаслигимиз даркор.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Суҳбатни Гулжаҳон МАРДОН қизи олиб борди.
скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шахри,
    Амир Темур кучаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56