» » Боласини сотган аёл

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

Боласини сотган аёл

    Оилада қиз фарзанд туғилганидан ранжиган отага кексалар дашном беришади. "Ношукур бўлма, тирноққа зорлар бор". Ана шу панд-насиҳатлар таъсири қай даражадалигига ҳаётда кўп бора дуч келамиз. Кўнгилдан ўтказилган норозилигини ҳеч бир ота тилга чиқаришга ботинмайди. Кейинчалик эса ўғилми- қизми, комил фарзанд ота-онанинг фахри эканини тушунишади. Лекин гуноҳдан, уволдан қўрқмайдиганлар ҳам баъзан учраб туриши, миллийлигимизга хос бўлмаган, нафсни ҳар нарсадан устун қўйувчи, фарзанд уволи тутишини англаб етмаган аёлларнинг борлиги эса ачинарли ҳол. Ўтган йил якунланиши арафасида жағалбойлилик эндигина 25 ёшни қаршилаган Чарос Тўраевага қилмиши учун суд ҳукми ўқилди. У айни ишлаб чарчамайдиган, фарзандлар тарбияси билан машғул бўладиган шу ёшида 6 йил умрини қамоқда ўтказадиган бўлди. Қуйида унинг жиноий қилмиши билан боғлиқ бўлган воқеалар ҳар қандай инсоннинг вужудини титратади.
Чарос биринчи турмушидан ажрашгач, Ургут туманида яшовчи Бобур исмли йигит билан ҳаётини боғлади. Икки ёш турмуш қуришгач, кўп ўтмай, Туркияга ишлаш учун кетди. Сафарга чиқиш олдидан хотинининг ўгай онасига тайинлашни ҳам унутмади.
- Неварангизга қарайдиган одам уйда қолмади. Чарос авариядан лат еганлиги сабабли, болага қарай олмайди…
Бола тарбиясидан "қутулган" Чарос ўша кезлари эрининг уйига сиғмай қолди. Ота уйига қайтай деса, ғурури йўл қўймади. Шу боис, Жума шаҳрида яшовчи таниши Раъно исмли аёлга қўнғироқ қилиб, уй топиб беришини сўради. Орадан бироз муддат ўтиб, учрашишди ҳам. Иккаласи ижарага уй топиш масаласини муҳокама қилишди. Суҳбатлари устига яна бир меҳмон қўшилди. Хонадон соҳибаси уй ишлари билан андармон маҳал Умида (меҳмон) билан Чароснинг суҳбати қур олди.
- Мен эримнинг олдига ишга кетишим керак. Пулим йўқ. Бунинг устига паспорт ҳам олмаганман, - суҳбатдошининг ўзига тўқ оиладан эканлигини сезиб, ўсмоқчилади Чарос.
- Яқин орада фарзанд кўрасиз, шекилли. Шу аҳволда қаерга борасиз? - сўради меҳмон.
- Биров билмасину, туғиладиган болани сотаман. Фақат мижоз Паст Дарғомдан бўлмаса бас…
   Иккаласининг суҳбати шу даражага етгунча, Чарос Умиданинг учта уй-жойи борлиги, аммо кўп йиллардан буён фарзанд кўрмаётгани ҳақида билиб бўлганди. Меҳмоннинг унга раҳми келиб, уйларидан бирортасида яшаши мумкинлиги, кейинчалик ҳужжатларни тўғрилашда ёрдам бериши ҳақидаги гаплари Чаросни дадиллантирди.
- Шу болани ўзингиз олақолинг. Опа-сингил бўлиб қолдик. 300 АҚШ долларига бераман…
Умида бу масалани турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиши кераклигини айтиб, хайр-маъзур қилди. Улар шу суҳбат жараёнида гаплашиб туришишга келишади. Орадан икки ойча ўтиб, Умидага қўнғироқ бўлди.
- Опажон, қизча туғилди. Суюнчи беришингиз керак. Йўл-йўлакай ул-бул егулик ҳам олиб келинг.
Чароснинг бу гапи Умидани ўйлантириб қўйди. "Наҳотки, она ўз фарзандини кўзи қийиб сотади. Фарзанд уволидан қўрқмайдими?.."
Икки-уч марта Чароснинг ҳолидан хабар олган Умида чақалоқ туғруқхонадан чиқариладиган кун "эри" (Чарос айтгани учун) билан келди. У ерда Чароснинг ўгай онаси, опаси билан ҳам танишишди. Меҳмонларни ўзининг яқинларига Чарос "Эримнинг опаси билан поччаси" деб таништирди. Ҳужжатлар расмийлаштирилгач, барчаси биргаликда Жума шаҳридаги "Файзли барака" ошхонасида овқатланишди. Бу орада Чарос даврадагиларга "қайнопа"си билан гаплашиб олиш учун холи қолдиришларини сўради.
- Опажон, харажатларим ортиб кетди. Энди 500 доллар берасиз. Ҳозироқ шу пулни берсангиз, бола сизники, - деди Чарос.
- Чақалоқни менинг номимга расмийлаштириш қандай бўлади? - сўради "мижоз".
- Қолгани ўзингизга ҳавола. Менга ҳозир ўтирган столимиз тагидан пулни узатинг, сўнг болани олиб чиқаверинг. Яқинларимга "Болага қайнопам қараб туради, дейман…"
Фарзанд уволидан қўрқмаган бу аёлни "Она" деб атамадик. Чунки оналар фарзандига ўзи емай, едиради, ўзи киймай, кийдиради. Оналар нафсга қул бўлмайди. Аёл- она деган муқаддас номга иснод келтирган бундай кимсаларга қандай таъриф бериш мумкин?
О.АЛЛАЕВ,
жиноят ишлари бўйича туман судининг судьяси.
скачать dle 11.3
Калит сўз Bolasini sotgan ayol

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56