» » Мактаб раҳбарлари журнал "тўлдиришибди" бошқа ўқитувчилар андаза олишмасин, ишқилиб...

ЯНГИЛИКЛАР / МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

Мактаб раҳбарлари журнал "тўлдиришибди" бошқа ўқитувчилар андаза олишмасин, ишқилиб...

   Ўқитувчи қадр-қиммати ва таълим сифати бир-бирига боғлиқ жараёнлар бўлиб, жамият тараққиётини белгилашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, Президентимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийлар ойлик маошини ошириш, уларга имтиёз бериш, зарур бўлса, уй-жой, ҳатто, автомашина олиши учун паст фоизда кредитлар ажратишгача бўлган қулайликлар яратилаётганлигини айтиб ўтишимиз жоиз. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳам, соҳа ходимларининг жамиятдаги мавқеини тиклаш орқали бу муқаддас касбга ҳавас уйғотиш, таълим тизимини ривожланган мамлакатлардан кам бўлмаган даражага олиб чиқишдан иборат. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 сентябрдаги "Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида ҳам ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмларини жорий этиш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги қайд этиб ўтилган. Хўш, бугун ўқитувчи бу имкониятларнинг қадрига етаяптими? Туман умумтаълим мактабларида ёш авлод таълим-тарбиясига қай даражада эътибор қаратилаяпти?
    Туманимиздаги 121-умумтаълим муассасасида 528 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Ўқув биносига кириб боришингиз биланоқ, тозалик, ободончиликка етарли даражада аҳамият берилмаганлигига гувоҳ бўласиз. Мактаб коридоридаги бир неча кундан бери инсон "қўли тегмаган" чанг-ғуборлар киши таъбини хира қилиши тайин. Айниқса, деворда осиғлиқ турган "Эълонлар тахтаси"га турли хабарларнинг мазмунсиз, жўн, тушунарсиз ҳолатда ёзилганлигини кўриб, даргоҳда таълим бераётган "устоз"ларнинг эстетик маданияти шундай бўлса, ўқувчилар "хат-савод"и қандай экан, деб ўйлаб қоласиз? Ўзини "кўз-кўз" қилиб турган бошланғич синфлар учун "Дарс жадвали"нинг ўқув йили тугашига 3 ой қолган бўлса-да, мактаб раҳбари томонидан тасдиқланмаганига нима дейсиз?
Бунга аниқлик киритиш учун синф журналларини кўздан кечира бошладик.
10-"А" синфида (ўқитувчи Б.Эсонов) 14 февраль куни рус тили фанидан ўқувчилар билими умуман баҳоланмаган. Энг қизиғи, журналнинг 14 февралдан кейинги саналар ёзилиши керак бўлган катакларига (14 февраль куни таълим муассасасида бўлган эдик) Ҳусан Сайфуллаевга 2 та "5", Табассум Сайфуллаевага ҳам баҳо қўйилган. Ваҳоланки, ҳали ўтилмаган мавзулар, келмаган саналарга ҳам бу ўқувчилар баҳо "олиб бўлишган".
    Информатика дарси (1-гуруҳ) 2 февралдан буён умуман ўтилмаган. Фан ўқитувчиси Ҳ. Қўзиев эса "Касал эдим, бугун ишга чиқдим", деб жавоб берди. Аммо, ушбу дарснинг 2-гуруҳи ўқитувчиси Қувонч Ҳошимов ҳам 2 февралдан буён дарс ўтмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Баъзан ўқитувчининг дарсга келмай (узрли сабаб билан) қолиши мумкин. Лекин ишламаган ўқитувчига ойлик маошини (ўтмаган дарсига) тўлиқ тўланиши мумкинми? Ёки фан бўйича иккинчи ўқитувчига 2 гуруҳни қўшиб (ўқувчилар бўш қолгандан кўра) қўшиб машғулот ўтса ҳам "айб" бўлмасди. Ушбу фан ўқитувчиларига ойлик маош энди қандай тўланади? Бунга ҳам кимдир изоҳ бериши керак-ку!.
    Физика фани ўқитувчиси Мунира Эсонова томонидан 2, 8, 9-февраль кунлари ўқувчилар билими баҳоланмаган, журналга мавзулар қайд этилмаган. Жисмоний тарбиядан (ўғил болалар) ўқитувчи Зафар Болиев 22 январдан буён синф журналига ёзмаган. Балки, дарслар ҳам вақтида ўтилмагандир, деган фикрга борасиз. Бу ҳақда ўқитувчининг ўзи "жим". Аслида, синф журнали ўқувчи билими учун "ойна", ўқитувчининг эса "юзи" ҳисобланади. Чунки, унда ҳар иккисининг ҳам меҳнати акс этади. Бу жумлалар жамоа ўқитувчиларига "бегона" эканлигини журналлардаги "хирмон" каби камчиликлардан сезса бўлади. ЧЁТ фанидан Зафар Ниёзқуловнинг 17, 21, 26 январь, 4 февраль кунлари, жисмоний тарбия (қиз болалар) дарсидан эса Шерзод Назаровнинг 4 февралдан буён ўқувчилар билимини баҳоламагани фикримизнинг исботидек гўё… Синф журналларида шунча камчиликлар бўла туриб, мактаб директори Б.Эсонов, ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари З.Холмўминов томонидан мазкур ҳужжатнинг 268-бетидаги "Синф журналини юритишдаги камчиликлар" саҳифасига ҳеч қандай огоҳлантириш кўрсатилмаган. 9-"А" синф журналида ҳам юқоридаги камчиликлар бир-бирига "эгизак". Айниқса, мактаб раҳбарининг ушбу журналда ҳам сана кўрсатилмаган катакларга баҳонинг таваккал қўйганлиги, жисмоний тарбия фанидан ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосарининг 15, 17, 22, 24, 31 январь кунлари ўқувчилар билимини баҳоламагани, 14-февралгача ҳам дарс ўтган-ўтмаганини қайд этмагани "Балиқ бошидан…", деган нақлни ёдга туширди. Жамоадаги бошқа ўқтувчилар мактаб раҳбариятининг бундай "иш" услубидан андаза олмасин, ишқилиб...
     Дарвоқе, ҳали бу иккитагина синф журналидаги таҳлиллар… Қолган 21 та синф журнали ҳам қай аҳволда эканлигини тасаввур қилдик.
   Чунончи, иқтидорли бола - мактаб фахри. Ушбу таълим муассасасида эса, салоҳиятли, иқтидорли болаларнинг рўйхати ҳам шакллантирилмаган. Бу юзасидан берилган саволларга мактаб маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ҳусниддин Қўзиев ҳам, ёшлар етакчиси Зафар Болиев ҳам жавоб бериша олмади. Ёшлар етакчисининг йиллик иш, тадбирлар режаси ҳам йўқ экан. Бори ҳам эски, талаб қилинган тартиб-қоидалар асосида ёзилмаган. Шу ўринда ўйлаб қолдик. Айни пайтда таълим даргоҳида ўқиётган ёш истеъдодларга масъуллар бефарқ экан, "Жамиятимиз пойдеворлари" орзу-умидлари шу даргоҳда "синиб" қолмаслигига ким кафолат беради? Очиғи, таълим муассасаси раҳбариятининг журнал "тўлдириши"га эътиборсизлигини кўриб, ўйлаб қоласан киши. Халқ таълими бўлимидаги услубчиларнинг энг чекка шу таълим даргоҳига "оёқ" лари нега етмаган?. Чунки,журналга юзаки ёндашган ўқитувчи дарсни ҳам шу тахлит "ўтиши" (агар ўтса) тайин. Бу гапимизнинг тасдиғидай, (исми-шарифини келтирмадик) айтилди: - У кишилар ҳар куни туман марказига йиғилиш, селекторга кетишади. Шунга журналга ёзишга вақтлари етмайди-да!.
Изоҳга бизнингча, ҳожат йўқ.

Гулжаҳон МУСТАФОЕВА.
Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.
скачать dle 11.3
Калит сўз Maktab o`quvchi tarbiyasi

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56