» » Янги уй эгалари қурувчилардан нега норози?

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

Янги уй эгалари қурувчилардан нега норози?

Янги уй эгалари
қурувчилардан нега норози?
"2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги Президент қарори асосида ўтган йил тумандаги 6 та массивда 205 та уй-жойлар қурилди. Шундан ногирон, меҳнатга лаёқати чекланган ва кам таъминланган фуқароларга 21 та уй-жой ажратилди.
Янги йил арафасида 157 та оила янги уйларга кўчиб кирди. Эски Жума маҳалласидаги 48 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли 2-3 хонали уйлар фойдаланишга топширилиш арафасида.
Янгиобод массивида ҳам "Камалак" МЧЖ, "Шербек Севинч сифатли" ХК, "Аҳмад мадад қурилиш барака" ХИТКК, "Уста меъмор капитал таъмир" МЧЖлар томонидан бунёд этилган 40 та 3 хонали 2 сотихли ҳовли уйлар ҳам ўтган йил ниҳоясида фойдаланишга топширилди. Ана шу уйларнинг 19 таси ҳокимлик қошидаги комиссия томонидан рўйхатга олинган ногирон, кам таъминланган фуқароларга берилди ва аксариятининг биринчи бадал тўлови маҳаллий бюджет ҳисобидан тўланган. Ушбу янги уй эгаларининг 13 нафари тур­­муш шароити оғир аёллар ҳисобланади. Уйга муҳтож бу фуқаролар бугун янги уйларда истиқомат қилаяптими? Хонадонларда имконият, шароит қай даражада? Саволларга жавоб хонадон соҳибларининг фикрларидан ойдинлашади.
- Қизим (Дилноза Норова)нинг уйида яшаб турибман, - деди балхиёнлик Ҳамза Норов. - Унинг болалари ёш. Боғчага, мактабга боришади. Бу ерда транспорт қатнови кам. Боғча, мактаб узоқ. Шу сабабли ҳозирча кўчиб келолмади.
Қавон қишлоғилик Ўрол Ибрагимовга тегишли 1-хонадонда акаси Э.Муродов оиласи билан яшаб турган экан.
- Дастлаб, ўзим кўчиб боргандим. Иш жойимга узоқлик қилгани боис, вақтинча акам яшаб турибди, - деди хонадон эгаси телефонда.
Шу ўринда туман хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Эшмуродованинг куюнчаклик билан айтган бир гапини келтириш ўринли.
- Биринчи навбатда, арзон уй-жойлар бошпанасиз, ижарада яшаб юрган, 2-3 рўзғор бир ҳовлида яшаб қийналиб қолганларга берилади. Афсуски, ўзларини уй-жойга ўта муҳтож қилиб кўрсатган айримлар янги уйларида муқим яшамаяпти. Биргина Балхиён маҳалласидаги уйларнинг аксарияти ижарага бериб қўйилгани ҳам гапнинг тасдиғи…
"Хонадонларда уй эгаларининг яқинлари яшаяпти-ку", деган эътирозлар ҳам кўп. Уларга уй-жой муҳтожликлари учун ижтимоий ҳимояга олиниб, ажратилганлиги эса негадир кўпчиликнинг "эси"дан чиқаяпти.
Энди, массивдаги янги хонадон эгаларининг фикларига қулоқ тутамиз.
- Тоза ичимлик суви йўқ, ҳамма ҳар жойдан ташиб сув ичади. Жўмраклардан оқаётгани шўр. Истеъмолга яроқсиз. Ошхона билан ҳожатхонанинг канализацияси битта қувурга уланган. Ҳожатхонанинг анқиган ҳиди ошхонадан ҳам димоққа уради, - деди 1-хонадон эгаси.
- Дудбурон баъзи уйларда бор, бизникида йўқ. Лойиҳалари бир хил уйларда қурувчилар нега буни эътиборга олишмаган? Икки ойдан буён яшаяпмиз. Уй олдидаги ариқдан чиққан тупроқ на чиқарилди, на текисланди. Ҳовли тарафга чиқишдаги йўл номигагина текисланганлиги сабаб пиёда юришнинг имкони йўқ. Ногиронлар бор, аравачада бу йўлда ҳаракатланиш оғир уларга, - деди 27-уй эгаси Қаҳрамон Ҳасанов.
- Оддийгина чиқиндихона ҳам қурилмаган. Бир ойча бурун атрофи саранжом-саришта бу уйлардан чиқаётган чиқиндилар, ҳадемай, қандай қиёфа кашф этиши даргумон. Биров уйдан узоқ бўлмаган чуқурга, бошқа кимдир сал нарироққа чиқиндиларни ташлаяпти. Ён-атрофни пластмасса, плёнкали идишлар "босиб" кетган. Очиғи, қурувчилардан норозиман. Уйдаги камчиликларни ҳам "Камалак" МЧЖда ишлаётганларга айтдим. "Бир-икки камчиликларни ўзларинг тузатиб олинглар", дейишди. Эшик дастаклари дарров ишдан чиқди. Бурчаклардаги ўпирилган коваклардан қумурсқа чиқиб келаяпти. Бундан ташқари, бошқа уйлардаги бир қатор камчиликлар бизнинг уйимизда ҳам бор, - деди 9-уйда истиқомат қилаётган Маҳлиё исмли келинчак.
Хуллас, бу массивдагилар турли идораларга қурувчилардан норози бўлиб мурожаат қилишмоқда. Бор гапнинг бир қисмини эса жамоатчиликка ҳавола қилдик.
Қурувчиларга аҳолининг ҳақли саволлари кўп. Каттагина маблағ сарфлаб қурилган сув иншоотидан чиқаётган оби-ҳаёт нега истеъмолга яроқсиз? Бунинг сифати нега мутахассислар томонидан текширилмаган? Қачон тоза ичимлик суви бўлади? Чиқиндихона қуриш кимнинг зиммасида? Хонадонлардаги, ён-атрофдаги (йўл-ариқ) камчиликлар қачон тузатилади? Бу саволларни уй учун пул тўлаётган фуқаролар мутасаддиларга кўп бора айтишаяпти. Жавобни қурувчилардан кутамиз.
Отабек ЭРГАШЕВ.скачать dle 11.3
Калит сўз Янги уй эгалари

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56