» » ОҚСОҚОЛ "УЙҒОНМАСА" хонадонлардан файз қочади

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ОҚСОҚОЛ "УЙҒОНМАСА" хонадонлардан файз қочади

     Ободончилик остонадан бошланади. Саранжом-саришта хонадонга файз-барака инади. Қиш фаслининг илиқ келиши, баҳор тафтини ҳис қилганлар аллақачон ён-атрофларида ободончилик ишларини бошлаб, томорқаларига эртачи экинларни экишга ҳам киришган. "Ер ҳайдасанг, куз ҳайда, куз ҳайдамасанг, юз ҳайда", деган донишмандлар нақлига амал қилган кишиларга ободончилик ҳақида гапириш ҳам ортиқча. Буни айрим маҳалла кўчаларида илғаш осон. Лекин кимнингдир остонаси ободлигидан бошқа бировнинг томорқасини кўриб ачинасан, киши. Туман ҳокимлигининг шу йил 28 январдаги кенгайтирилган йиғилиш баёнида ҳам айнан ҳовли-жойига эътиборсизларни "уйғотиш", ер, мол-мулк солиқларни тўланиши хусусида алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўтган вақт оралиғида маҳаллалар оқсоқоллари бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришаяптими?
                                                                                                                              Афсуски, бу саволга 1 февраль куни Янгиравот маҳалласида ўтказилган Халқ қабулхонаси мудири ва туман ҳокимининг сайёр қабулида бирорта ижобий жавоб олинмади. Очиқроғи, ҳудудга ҳар икки йўналишдан кириб келган мурожаат қилувчилар ҳам, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳам ободонлаштириш ишлари бошланмаганини дарров сезишди. Кўпчилик мурожаат қилувчилар билан мулоқотда эса солиқ йиғимларига йил бошидан киришиш орқали фаровонлик таъминланишидан хабарсизликлари аён бўлди. Бу ҳол ҳар бир раҳбар, маҳалла оқсоқолига юклатилган топшириқлар ҳокимлик залидан "чиқмагани"дан далолат эмасми?    Саволларга ҳудуддаги 6 та маҳалла оқсоқолларининг хонадонларидаги аҳволни ўрганишдан жавоб топдик. Баҳор маҳалласи аҳолиси нисбатан тарқоқ жойлашган. 10-15 сотихдан кам томорқали хонадон деярли йўқ. Маҳалланинг биринчи қишлоғига кираверишдаги ариқ янтоқлардан кўринмас даражага келиб қолган. Кўча-куйда бирорта қўлига кетмон ушлаб, томорқасига уннаётган одамни учратмадик. Аксинча, кўчада чордона карта ўйнаётган ёшу кекса кўп. Бекорчиларга эса "Ҳой, томорқанг нега ағдарилмаган?" деб дашном берадиганлар эса йўқ. - Нега томорқангиз ағдарилмаган? Ер, мол-мулк солиғини тўладингизми?

Шу саволларни 3-4 кишига бердик. Жавоб бир хил: "Баҳор келса, томорқага уннаймиз-да. Солиқлар бўйича ҳали "Хабарнома" келмади"… Маҳалла посбони Рустам Авазовнинг хонадони қишлоқдан анча четда экан. 50 сотихдан ортиқроқ томорқасига тўлиқ беда экилган. Уйи олдига саримсоқпиёз экибди-ю, турли ичимликлардан бўшаган идишларни, ўтган йилдан қолган янтоқларни йиғиштириш унинг хаёлига ҳам келмабди.
      Маҳалла - ҳар куни кўпчилик турли масалалар бўйича мурожаат қилинадиган маскан. Учтепа маҳалласида 1 февраль куни кундузги соат учда ҳам у ерда бирор кишини учратмадик. Оқсоқолнинг уйида ҳам ободончилик бўйича "сукунат". Томорқа ағдарилмаган. Кўчага ташланган чиқиндилар уюм-уюм. Фикримиз қуруқ бўлмасин. Йўл четидаги ахлатлар уюмига челагини бўшатаётган 92-мактаб ўқувчисини тўхтатдик.
     - Нега кўчага ахлат тўкаяпсан?
     - Қишлоқдан ҳамма шу ерга олиб келиб тўкади? Мен биринчи марта тўкаяпман. Ҳов, ана, Жамшид ака ҳам ғалтагидаги ахлатни бўшатаяпти…
     Қизиғи, уйидан топилмаган оқсоқол, маҳалла фаолларидан бирортасини кўча-куйда аччиқ дашномлардан сўнг ҳам, ободончилик, солиқ йиғимлари бўйича тушунтириш ишларини олиб бораётгани сезилмади.
      Қишлоқда бир муддат бўлмаган одам Боғишамол маҳалласи биносини топиши мушкул. Ён-атрофи харобага айланган бу масканда маҳалла фаоллари ишлаши ҳам даргумондек. Чунки яқин атрофда мурожаат қилувчилар бу ерга келмагани бинонинг чанг-тўзон босган ойна-ю, эшик-ромларидан яққол сезилади. Тўғри, бу ердаги харобаларни тузатиш уларнинг имконияти даражасида эмас. Лекин шундай ҳолда ташлаб қўйиш иш бошламоқчи бўлган тадбиркорнинг ҳам, маҳалла раисининг ҳам ҳали "уйғонмагани"дан далолат эмасми? Маҳалла биносидан Иттифоқ қишлоғига кираверишдаги ахлат ташланаётган жой секин-аста аҳоли хонадонларига етиб борса ажаб эмас. Раис (Озод Саъдиев) нинг томорқаси ағдарилмаган. Кўча тарафдаги чиқиндилар тозаланмаган. Бундан андоза олган шекилли, рўпарасидаги қўшниси ҳам ҳовлисидан чиқиндиларни кўча атрофига чиқариб ташлабди.
Чимбой маҳалласи оқсоқоли Шуҳрат Мейлиевни ҳам уйидан топдик.
   - Фуқароларга ободончилик, солиқ йиғимлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилаяптими?
    Ўсмоқчилаб берилган бу саволнинг моҳиятини маҳалла бошчиси англамагани ўзининг томорқаси аҳволидан ҳам аёнлиги кўриниб турибди. Уйининг шундоққина ёнгинасидаги гўнг зардоби "кўл"идан хижолат бўлди шекилли, изоҳ берди.
- Далага чиқараётган эдик. Ёмғир ёғиб, қолиб кетди.
    Фақат шу эмас, оқсоқолга қўшни хонадонларда ҳам шу аҳвол. Дарахтларга шакл берилмаган, ер ағдарилмаган. Ақалли томорқаларига "об-ҳаёт" келадиган ариқлар ҳам яқин орада қазилмаган.
- Солиқлар тўланса, йўллар равон бўлиши, ободончилк орқали хонадонларга файз кириши ҳақида оқсоқол эслатдими? - сўрадик ўзини Бектош Раҳматов деб таништирган фуқародан.
- Кунлар исиса, ариқларни қазиймиз (шу куни ҳарорат + 15 даражада!). Солиқларни ўтган йили тўлаганмиз. Октябрь ойигача бу йилгисини ҳам тўлаймиз…
- Нега ариқлар қазилмаган? - сўрадик Янги қишлоқ маҳалласи раисининг хонадонида уй бекасидан.
- Кўчага қанча масофа қолдирилиши маълум эмас. Аниқлашгач, ариқ олишади…
     Оқсоқол "уйғонмаса", бошқаларни ғафлат босиши тайин. Бу гапни бежизга келтирмадик. Маҳалла биносининг пештоқида 2018 йилни акс эттирувчи лавҳа ҳанузгача ўзгартирилмаган экан, бу гўшанинг фаоллари уйғоқ, дейиш қийин. Сабаби, маҳалланинг олдида ҳам, унга қўшни "Меҳр" ҚВП сида ҳам "жонланиш" йўқ, ҳисоби. Ишлатилган тиббий ускуналарни ёқиш печи ёнида сочилиб ётган шприц ва бошқа дори-дармонлардан бўшаган идишларни ҳар куни ҚВП ходимлари ҳам, маҳалла фаоллари ҳам кўриб, "кўришмаса" керак.
    Юқоридаги тафсилотлардан сўнг, савол туғилади. Ободончилик, солиқ йиғимлари бўйича нега йиғилиш ўтказилди? Йиғилишдаги мурожаат моҳияти аҳолига етказилиши учун эмасми? Йўлларимиз равонлиги, хонадонларимизга файз-барака кириши, коммунал соҳадаги яна кўплаб муаммоларнинг ечими ана шу мурожаат моҳиятини англаб, иш тутишга боғлиқлигини афсуски, айрим оқсоқоллар ҳануз англамабди.
Бахтиёр ШУКУРОВ,
Отабек ЭРГАШЕВ.
скачать dle 11.3

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56