» » "ЧАЛА ИШ, КЕЛТИРАР ТАШВИШ"

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

"ЧАЛА ИШ, КЕЛТИРАР ТАШВИШ"

     Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги "Обод қишлоқ" дастури тўғрисида"ги фармонига мувофиқ, тумандаги Пахтакор ҳамда Қўшқудуқ маҳаллаларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бугун бу манзиллар ҳақиқатдан ҳам обод гўшага айландими? Дастурга кўра, амалга оширилиши лозим бўлган юмушларнинг қайсилари бажарилди-ю, қай бири қоғозда қолиб кетди? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Қўшқудуқ маҳалла фуқаролар йиғинида бўлдик.
   - Дастур доирасида салмоқли ишлар амалга оширилди, - дейди маҳалла оқсоқоли И.Бўрхонов. - Ҳудуддаги 83-умумтаълим мактабининг эски филиали янгидан қурилди, 75 ўринли болалар боғчаси қад ростлади, 1 та ичимлик сув иншооти қурилиб, 3 километр тармоқ тортилди. Ички йўллардан 2,5 километр масофага асфальт, 5,1 километрига шағал тош ётқизилди.
    Электр таъминоти бўйича 1 та ТП ўрнатилди. 3 километр масофада сизот сатҳини пасайтириш учун зовурлар тозаланди, қазилди. Маҳаллани чинакам обод масканга айлантиришга бел боғлаган тадбиркорлар томонидан ҳаммом, супермаркет, маиший хизмат ва савдо дўконлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ҳамда омухта ем сотиш шохобчалари қурилиши давом этаяпти.
    Оқсоқол таъкидлаганидек, қишлоқ болаларининг орзулари рўёби бўлиб қад кўтарган боғчанинг ташқи кўриниши кўзни қувонтиради. Беихтиёр "Инсон зотининг қўли гул-да. Қурувчилар барака топишсин" дейсиз. Аммо, ҳали топширилиб улгурилмаган янги бино ичкарисига қадам ташлашингиз билан, таъбингиз хира тортади.
    - Кўриб турганингиздек, ҳали ишга туширилмаган муассасанинг аҳволи шу. Лойиҳа қиймати 1 миллард 794 миллионга сўм мазкур объектни "Хадича Азия транс" МЧЖ қурувчилари бунёд этишди. Албатта, уларнинг меҳнатларини қадрлаган ҳолда, йўл қўйилган камчиликдан кўз юмиб кетолмаймиз. Хона деворларидаги гулқоғозлар "Мендан кетгунча, эгасига етгунча" қабилида ёпиштирилган. Боғча ҳовлисини ўраб турган девор ёриқлари қурилиш ишларини қай даражада бажарилганидан далолат, - дея қурувчилардан норозилигини билдирди 60-мактабгача таълим муассасаси мудираси Узук Ҳайитова.
    Мудиранинг куюнчаклик билан гапиришида "жон" бор.Боғча ходимлари бугун қўлларидан келгани - гулқозларни қайтадан елимлашаяпти. Яқинда очилиши мўлжалланаётган мазкур муассасага кириш йўллари текисланмаган. Йўл таъмирлаш ҳеч гап эмас дерсиз, албатта. Шошма-шошарлик билан қилинган иш, ташвиш келтиришлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
"Обод қишлоқ" ҳудудидаги 83-умумтаълим мактабида. 770 нафарга яқин ўқувчи таълим-тарбия олаётир. Ушбу илм даргоҳида иситиш тизими талабга жавоб бермайди. Буни дарсда қалин кийиниб, уқувсиз ҳаракат қилаётган ўқувчилардан, хоналардаги батареяларнинг нимҳол тафтидан англаш қийин эмас. Буниси "ҳолва" 10-синф ўқувчилари ҳеч қандай печсиз, умуман иситиш тизимига уланмаган хоналарда "оёқ қоқиб" турибди. Қиш-қировли кунларда бундай хонада 5-6 соат дарсда ўтиришнинг ўзи бўладими?
    - Ҳақиқатан ҳам иситиш тизими талабга жавоб бермайди. Қиш учун 33 тонна кўмир олинган. Айни пайтда мавжуд 4 та иситиш тармоқларининг 3 таси ёқилади. Қолган 1 таси спорт зал ва ёнидаги хоналар учун қурилган. У томонда реконструкция ишлари ҳали якунланмаган. Синф хоналар етишмаслиги боис, 10 ва 11-синф ўқувчиларини шу "музхонада" ўқитишга мажбур бўлаяпмиз, - дейди хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари М.Эсонов.
     "Жавлонбек бинокор" ХК томонидан мактабнинг реконструкцияси ва 96 ўринли филиали қурилиши учун 1 миллиард 306 миллион сўмлик иш бажарилиши кўзда тутилган. Ўқув йили бошида филиал ишга тушди. Аммо ўтган 2018 йилнинг октябрь ойида мактабдаги тугалланиши лозим бўлган реконструкция ишлари ҳанузгача якунига етмади.Қизиғи, ишлар давом ҳам этмаяпти. Бунинг жабрини ўқувчилар тортишаяпти. Жисмоний тарбия дарсида форма кийиш талаб этилади. Совуқ хонада кийим алмаштириб, совуқ залда машғулот ўтиш. Айниқса, бундай ҳолларда қизлар кўпроқ қийналишни жуда яхши биласиз.
     Сусткашлик сабабларига аниқлик киритиш мақсадида "Жавлонбек бинокор" ХК бошлиғи билан боғланишга ҳаракат қилдик. Лекин иложи бўлмади.
     Юқоридаги саволлар юзасидан маҳалла фаолларига юзландик.
    - "Обод қишлоқ" дастурига мувофиқ, бажарилаётган ишларнинг барчаси эл учун. Улкан бунёдкорлик ишларига қўл урилганидан жуда мамнун бўлдик. Аҳолининг маълум қисми неча йиллардан буён ичимлик сувига қийналиб келаётган эди. Ёғингарчилик пайтларда ички кўчалардан юришга техника ҳам, одам ҳам қийналарди. Минг раҳмат, бу каби муаммолар аксарияти ечим топди. Дастур асосида режага киритилиб, бажарилмай қолган юмушлар ҳам йўқ эмас. Масалан, ички йўлларнинг 1 километрига асфальт, 3,7 километрига шағал тош ётқизиш, эскириб қолган симёғочларни алмаштириш, марказий кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш каби муаммолар. Салкам 4 минг аҳоли истиқомат қилаётган маҳалламиз табиий газ тармоғидан узилганлиги боис, бугунги кунда 220 та суюлтирилган газ баллонга эҳтиёж сезиляпти. Ҳудуд ўртасидан Самарқанд-Каттақўрғон йўналиши бўйича автомобиль йўли ўтган, қишлоқ мактаби шу йўл ёқасида жойлашган. Шу боис, ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун 2 километр масофага пиёдалар йўлакчаси қуриш мўлжалланган. Шунингдек, ҳозирги мактаб ёнида 1967 йилда қурилган эски мактаб биноси бузилиб, ўрнига янги бино қуриш кўзда тутилган эди. Эски бино бузилди, бироқ қурилмади. Шу сабабли, ўқувчилар учун синф хоналари етишмайди, - деди маҳалла фаоли Ш.Пирназаров.
      Суҳбатлардан хулоса чиқариб, бажарилган ишлар натижалари ва амалга оширилиши лозим бўлган юмушлар ҳақида фикр юритдик.
Қишлоқ аҳлига жавобни қурувчилар беришар деб мақолага нуқта қўймоқчи эдик. Қурувчилардан хабар келди. Чала ишларни охирига етказишмоқчи экан. Ҳар қалай бу сафар алдашмас. Мавзу эса очиқ ҳали.
Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.
Отабек ЭРГАШЕВ.
скачать dle 11.3

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56