» » Мутасаддилардан изоҳ сўралади

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

Мутасаддилардан изоҳ сўралади

     Янгиобод массивида қурилган 40 та намунавий уй-жойларга янги йил арафасида катта хурсандчилик билан кўчиб кирганларнинг бугун хуноби ошган. Хонадонларда барча шарт-шароит муҳайё. Бундан кўнгиллар тўқ. Ён-атрофи тоза, озода бу маскандагилар эндиликда уй-рўзғордан чиқаётган чиқиндиларни қаерга ташлашни билмай сарсон. Оқибатда кимдир кечқурун, бошқа биров кўр-кўрона ахлатларни ён-атрофга улоқтираяпти. Бу ҳолат давом этаверса, ҳадемай, кўркам ҳудуднинг кўрки қолмайди-ку! Махсус ахлат ташлаш жойи ажратилмаган, қутилар қўйилмаган. Бу иш объектни тўлиқ фойдаланишга топширган қурувчиларнинг зиммасидами ёки ободонлаштириш бошқрмасининг вазифасига кирадими? Ҳозирча шу саволга жавоб тополмаётган хонадон эгалари хуноб.
***
     Галатут маҳалласида маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, болаларнинг мунтазам спорт билан шуғулланишларига шароит яратиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан стадион учун ер ажратилган эди. Бу ҳақда газетада ўтган йили ҳам хабар берилгани кўпчиликнинг ёдида. Хўш, бу стадионда бугун маҳалла ёшлари спорт билан шуғулланишаяптими? Аксинча, бу майдоннинг "умри" беҳуда ўтаяпти. Маҳаллада ажратилган ерни стадион даражасига етказишга бош қўшадиган "мард" топилмаяпти. Қайсидир маҳаллада стадион йўқ. "Жой ажратишса, ҳашар йўли билан стадион қурардик", деб ҳокимликка мурожаат қилаётганлар кўп. Афсуски, бор имкониятдан фойдаланмаётган "Берсанг, ейман…" қабилида иш тутаётганлар ҳам бор. Бундай ҳолатга "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси мутасаддилари изоҳ беради, деган умиддамиз.
***
        4-мактаб атрофидаги қишлоқ аҳолиси хонадонлари 400 тадан ошган. Ҳар йили янги-янги иморатлар қурилаяпти. Ҳудудда қачонлардир 150 хонадонга мўлжаллаб ўрнатилган трансформатор қуввати бугунги кунда "панд" бераяпти. Тез-тез электр энергиясидаги узилишлар, трансформаторнинг бетиним "портлаши", баъзида ҳафталаб свет бўлмаслиги одатий ҳолга айланган. Янги иморатга кўчиб чиққан оилалар электр энергиясидан қўлбола симёғочлар ўрнатиб фойдаланмоқда. Электр узатгични созлатиш учун тинимсиз "йиғ-йиғ"лар асаб бузилишларга, одамларнинг норозилигига сабаб бўлаяпти. Яқиндагина яна шу ҳолат такрорланиб, аҳоли икки ҳафта "қоронғилик"дан азият чекди. Қишлоқ аҳли 35 минг сўмдан йиғишиб, бу муаммони бартараф этишди. Маҳалла оқсоқоллари ушбу масала юзасидан туман ҳокимлиги, туман электр тармоқлари идорасига ариза билан мурожаат қилишди. Аммо ҳанузгача муаммо ечими юзасидан аниқ фикрлар билдирилмади. Аҳоли эса мутасаддилардан ижобий жавоб кутаяпти.

Гулжаҳон МАРДОН
қизи.
скачать dle 11.3

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56