» » “OXIRGI SOAT” DARS yoxud maktabdan “qochgan” o’qituvchilar

ЯНГИЛИКЛАР / МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

“OXIRGI SOAT” DARS yoxud maktabdan “qochgan” o’qituvchilar

Жорий йил ўқитувчилар учун унутилмас воқеаларга бой эканлиги бот-бот такрорланаяпти. Бу бежизга эмас. Таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ҳамда иштиёіини кучайтиришга, ўқитувчилик касби обрўсини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли. Хусусан, юртбошимизнинг 2018 йил 14 августдаги "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори тизимдаги амалий ишларга кенг имкониятларни очмоқда.
Биргина ўқитувчи иштирок этаётган даврада ҳам албатта, суҳбат яна соҳа ходимларига яратилаётган имкониятлар мавзусига тақалади. Педагоглар маоши ош¬ди, ўқув техника жиҳозлари таъминоти яхшиланаяпти. Иш самарадорлиги-чи? Ўқи¬тувчининг таълим-тарбияга муносабати барча билим даргоҳларда ўзгардими?
Педагоглар билан мулоқот бу борада камчиликлар ҳам оз эмаслигини кўрсатади. Таҳририятнинг асосий ҳамкорлари ҳам зиёли - ўқитувчилар. Очиқ дарс тафсилотларини газетада ёритишни мақсад қилган муаллима билан суҳбатимиз ҳам мактаблардаги таълим сифати билан боғлиқ бўлди.
- Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг бугун 6 соат дарси бор эди, - деди у. - Кун бўйи у киши гурунгдан бўшамади. Болаларнинг йўқотилган вақтига ачиндим. Бир ҳафта мобайнида ўқувчилар билан очиқ дарс ташкил этдик. Болаларни ҳар томонлама ҳафталик машғулотларга тайёрладим. Афсуски, на ота-она ва на мактабнинг бирор раҳбари очиқ дарсимизда қатнашди.
Куюнчак муаллимага ишониш-ишонмаслик газетхон ҳукмига ҳавола. Афсуски, ҳамон "…эски тос" қабилида иш юритаётган таълим даргоҳлари борлигидан эса кўз юмиб бўлмайди. Президентимизнинг ташаббуси ва ғамхўрлиги туфайли соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар эпкини ҳали айрим билим даргоҳи раҳбарларини ғафлат уйқусидан (бошқача нисбат мумкин эмас) безовта ҳам қилмаган кўринади.
Замонавий бинога эга 116-мактабда таълим-тарбия бериш, ўқувчиларнинг интелектуал салоҳиятини намоён этиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Фанлар бўйича мутахассислар етарли, 420 нафар Илм қишлоғининг фарзандлари шу ерда сабоқ олади. Мактабнинг 11-синфи ўқувчиларининг информатика дарсидамиз. Обиджон Раҳмонов машғулот ўтаётган синфда болаларнинг қизиқувчанлиги сезилади. Савол-жавоблар ҳам бийронгина. Ўқув йили бошидан буён фақат "аъло"га ўқиётган болалардан бирининг компьютер саводхонлигини сўрадик.
- Компьютерда ишлаётган тенгқурларимизни телевизорда кўриб ҳавасимиз келади. Ўқув йили охирида информатика дарсидан "аъло" олишимиз мумкин. Лекин амалда ҳали бирор марта компьютерни ушлаб ҳам кўрганимиз йўқ.
Бу гапга муаллим изоҳ берди:
- Яқинда иш бошладим. Билганимни назарий жиҳатдан ўргатаяпман. Компьютерлар носоз, дейишди.
- 2005 йил 11 та компь¬ютер жамланмаси келтирилган эди. Ишлатилмагани учун "мия"лари ўтириб қолган. Таъмирлаш учун мутахассислар кўришди. Камчилиги кўп экан. Халқ таълими бўлимидагиларнинг бундан хабари бор, - деб бу масалага ойдинлик киритди мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шоира Турсунова.
Информатика дарсидан чиқаётиб, компьютер хонасига бўйладик. Ҳақиқатдан ҳам, яқин орада очилмаган кўринади. Ўқувчи ва ўқитувчилар гапларидан сўнг мактаб директори, халқ таълими бўлими мутасаддиларига бир қанча саволлар туғилди. Компьютернинг "мияси"ни ишлатадиган бирорта жонкуяр 13 йил мобайнида нега топилмаган? Бунинг учун давлатнинг қанчадан-қанча маблағи сарфланган. Беҳуда совурилган маблағнинг уволидан қўрқ¬майдиганлар бу саволга қачон жавоб беришади?
Қолаверса, халқ таълими бўлимининг информатика дарсларини мувофиқлаштирувчи мутахассиси бу каби яна қанчалаб ҳолатлардан бехабар?
Мактабда 6-дарс соати бошланган. Машғулотларга халақит қилмасдан кузатиш учун эшиги ланг очиқ чет тили фани хонасига қарадик. Суҳроб Саъдинов машғулот ўтиши керак бўлган хонада ҳеч ким йўқ. Қўшни физика синфида Холбек Салимов ҳам ўқувчилар билан 6-соатдаги дарсни "унутиш¬ган"дай.
- Дарс жадвали бўйича машғулотлар бўлиши керак эди. Ўқитувчилар мендан жавоб ҳам сўрагани йўқ. Бироз олдин ўқувчилар бор эди, - деб изоҳ берди директорнинг ўқув-ишлари бўйича ўринбосари Ўткир Бўтаев.
Танлов асосида эмас, мактабнинг масъул раҳбарлари ўзлари бошлаб борган фан кабинетларидаги аҳвол бу. Шу куни аслида сўнгги дарсларга фақат икки нафар ўқитувчи келмаганми? Ўқувчилар давоматини эмас, ўқи¬тувчининг мактабдан "қочиши"ни назорат қиладиганлар "ҳайрон"лиги ажаблантиради, кишини. Ўқувчилар учун давомат дафтари юритилиши аниқ. Лекин муаллимнинг иш жойида бор-йўқлиги қайси "дафтар"да қайд этилади? Асосий фанларга эътибор шу бўлгач, бош¬қа муаллимлардан нимани кутиш мумкин? Мактаб раҳбари, айтишганларидек, йиғилишдадир. Унинг ўринбосарлари нега бир мактабда қайси ўқитувчи бор-йўқлигини билишмайди?
Халқ таълими бўлими раҳбариятидан саволларимизга жавоб кутамиз ва мавзуга қайтамиз.
                                                         Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА,
                                                         Қиёмжон ЗИЁТОВ.
скачать dle 11.3
Калит сўз Ўқитувчи

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56