» » YOSH RASSOM kelajakda dunyoni "hayratxona"ga aylantiradi

ЯНГИЛИКЛАР / МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

YOSH RASSOM kelajakda dunyoni "hayratxona"ga aylantiradi

Рассом ижодхонаси… Унда бутун борлиқ акс-садосини рангларга сингдирганча, иқтидор соҳиби илҳом лаҳзаларини абадиятга муҳрлаб, юракдан ижод қилаяпти. У чизган суратлар тилсимларини фақатгина ҳаётни севган, қадрлаган, тирикликнинг барча синовли ташвишларига рўбару келганда, сабр илкидан маҳкам тута олган кўнгилгина оча олади.
Ағрон маҳалласилик ёш мўйқалам соҳиби Комил Долмуродовнинг мўъжазгина ижодхонасини кўздан кечирар эканмиз, у ерда ҳали ёш бўлса-да, катта истеъдод, юксак орзу-ниятлар билан ижод йўлига қадам қўйган йигит қалбидаги ёниқлик, умид, яхшига ҳурмат, ёмонга нафрат ҳиссининг ўзи кашф этган суратларда яққол акс этганига гувоҳ бўлдик.
- Икки ўғлимиз бор, - дейди Комилнинг онаси Муқаддас Норқулова. - Тўнғичимиз Шерзодбек дарсдан бўш пайтларида кўпроқ бадиий китоблар мутолаа қилиш билан бирга, шеърлар машқ қилади. Ўз кечинмаларини қоғозга тушириб, кўпинча, менга ўқиб беради. Кичик ўғлимиз Комилжон жуда камгап, сермулоҳаза. Фикрларини чизган расмларда ифодалайди. Бу қобилият унга тоғалари Олим ва Ойбек Норқуловлардан юққан бўлса ажаб эмас. Ўзим асли қашқадарёлик бўлиб, Паст Дарғомга келин бўлиб тушганман. Акаларим етук рассомлар бўлишиб, тасвирий санъатнинг ранг тасвир графикасида ижод қилишган. Турли республика, Қашқадарё вилоят ва туманлари нашрларида ижод маҳсуллари чоп этилган.
Дарҳақиқат, ижод машаққати… Бу инсонни ўйлашга, тинимсиз изланиш ва интилишга чорлайверади. Шу аснода юракни тоғлар қадар юксаклаштириб, ўз "бўй-басти"ни асрларга юзлаштираверади.
- Комилжон мактабимизнинг 9-синфида ўқийди, - дейди 39-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Р. Амиров. - Тенгдошлари ичида хушмуомалалиги, оғир табиати, камтарлиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг ёшидаги баъзи ёшлар ўйинқароқ, ўз эзгу мақсадларини тўла тушуниб етмаслиги, ота-она, дўстлари, устози, муҳими, эл-юрт олдидаги бурчларини бажара олишга кириша олмаётган бир даврда Комилжоннинг ҳаёт ҳақиқати, турмуш сабоқлари, эзгулик қадри каби тушунчаларни гўзал тарзда қоғозга расм кўринишида тушира олаётгани унинг келажакда фахр ва ғурурга муносиб рассом бўлиб етишаётганидан дарак, деб ўйлайман. Таълим муассасамизда ҳар йили ўтказиладиган "Истеъдод", "Мен етук рассом бўламан", "Илҳом", "Мен Ватан суратини чизаман" каби ёш ижодкорлар танловларида у албатта, фахрли ўрин соҳиби бўлади.
- Қайси мавзуларда расм чизишни истайсан, - дея савол бераман етуклик поғонасига аста-секинлик билан одимлаб бораётган ёш рассомга.
- Энг севган мавзу - мен учун Ватан мавзуси, - дея жавоб беради у. - Чунки она табиатимиз сеҳри, ота-онам меҳри, уларнинг борлиги, мовий осмон, юртимиз тинчлиги, ободлигини кўз-кўз қилаётгандек бахтиёрликдан масрур боқиб турган самомиз юлдузлари, яхшилик боғлари, инсонлар қувончи - буларнинг барчаси илҳом бахш этувчи манба-ку! Ҳаётдаги шиорим ҳам: "Яхшилик боғлари барчага насиб этсин!" Бу рўйи заминда бирор ҳақсизлик, алдовга дуч келсам, негадир карикатура кўринишида тасвирлар чизавераман.
Ҳа, истеъдодни тарбияламаслик аслида, катта хатодир. Комилжон Долмуродовнинг ота-онаси Азамат ака ҳамда Муқаддас опанинг фарзандидан умидлари катта.
- Фарзандларининг туғилган кунларида ота-оналардан кўпинча, қимматбаҳо қўл телефони ёхуд бирор кийим-кечак, ҳаттоки, автомашина совға қилганини эшитиб қоламан. Дадаси иккимиз эса Комилжонга ўзининг раъйига қараб, турли буёқлар совға қиламиз, - дейди онаси.
Ёш рассом қаламига мансуб асарларни кузата бошлайман. Гиёҳвандлик ва ичкиликбозликнинг мудҳиш таъсири, сув танқислигини акс эттирган "сувда сувга зор балиқ", бахт ва нафрат оралиғи, оилада ота-она ва фарзандлар муносабати каби долзарб акс-садолар… Суҳбат давомида ундан "Яхшиликка қадам" мавзусида сурат чизиб беришини илтимос қилдим. Комилжон қўлига бўёқ ва қоғозни олди-ю, бирпасда ўзим истагандан ҳам ҳайратли расмни чизиб кўрсатди. Унинг тили-ю дилидаги эзгулик, ёвузликка нафрат суратга кўчиб, гўзал асарга айланди.
Чунончи, Комилжон Дилмуродов ижодхонасидан чиқар эканман, Ағрон маҳалласида истеъдодли рассом етишиб келаётганига ишонч ҳосил қилдим. Бу мўъжаз хонада яратилган асарлар келажакда албатта, жаҳон кўзгусида борича акс этиб, дунёни "ҳайратхона"га айлантиради.

Г.МАРДОНОВА.

скачать dle 11.3
Калит сўз Рассом

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56