» » SOFLANTIRILMAGAN TIBBIY USKUNALAR kasallik tarqalishiga sabab emasmi?

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

SOFLANTIRILMAGAN TIBBIY USKUNALAR kasallik tarqalishiga sabab emasmi?

Дарднинг енгили йўқ. Лекин тиш оғриғининг азобини бошидан кечирган билади. Тиш дўхтирлари ҳам оз эмас. Туман марказининг ҳар қадамида "Стоматология" деган лавҳага кўзингиз тушади. Яна қишлоқларда қанча тиш шифокорлари бор. Фақат тўлов бўлса бас. Масаланинг оғриқли томони бор. Нега юқумли касалликлар ҳам ортаяпти? Бунга стоматолог врачларнинг "ҳисса"си йўқ дейиш қийин.
- Сариқ касалга чалинганимни айтишди. Ҳайронман қаердан юқди бу дард? Тишимни олдиргандим, кейин яна даволатганман…
Бу дардманд одамнинг гапи. Энди "Жозибадор табассум дур" хусусий корхонасини бошқараётган стоматолог Шодиёр Худойқуловнинг гапларига қулоқ тутамиз:
- Аксарият касалликлар оғиз бўшлиғи орқали тарқалади. Афсуски, тиш оғриғидан шикоят қилганлар "пули енгил" тиш шифокорларига мурожаат қилади. Софлантирилмаган стоматологик ускуналарнинг қайта-қайта ишлатилиши эса ҳар қандай юқумли касалликлар тарқалишига сабаб бўлмоқда. Айтайлик, бемор бир муддат қаердадир тишини даволатган. Бошқа сафар бизга мурожаат қилади. Шу оралиқда юқумли касаллиги аниқланиб қолса, қайси шифокор айбдор бўлади? Демоқчиманки, тиббиёт қонун-қоидаларига амал қилиб фаолият кўрсатаётган хусусий стоматологлар кўп, рисоладагидек шарт-шароити яратилмаган хусусий стоматологиялар ҳам оз эмас.
Мутахассислар иштирокида стоматологлар фаолиятини жамоатчилик билан ўрганишдан мақсад ҳам шу эди.
"Асилбек дента сервис" хусусий корхонаси. Сазағон маҳалласидаги бу масканда Абдурашид Файзиев тиш шифокори экан. Тишни даволашда ишлатиладиган тиббий анжомларни керакли ҳароратда софлантириш, қуритиш ускуналарининг мувофиқлик сертификати йўқ. Софлантиришга масъул ҳамшира ҳам ишга келмаган. Тиш даволашга ишлатадиган ускуналар яқин орада (ҳар куни, ҳатто тушликдан сўнг, софлантириш шарт) зарарсизлантирилмаган. Хонадаги зарарсизлантирувчи лампалар ишлатилмаган. Шифокор софлантиришга масъул мутахассис йўқлигида ишлашга ҳаққи борми? Қайд қилиш дафтари тўлдирилмаган, ишлаётган ходимларнинг бирортаси тиббий кўрикдан ўтмаган.
Шу ишга масъул мутахассиснинг ўзи бўлмагач тиббий анжомлар софлигига ким кафолат беради?
Чархин шаҳарчаси поликлиникасида 2 нафар стоматолог (тушликкача ва тушдан кейин) ишларкан. Тушликдан кейин ишга келган шифокордан тиббий анжомлар сақланишини кўрсатишни сўрадик.
- Автоклавга топширганман - деди у.
- Ҳозирча анжомлар қабул қилиб олинмабди. Энди қандай ишлайсиз?
- У ҳолда ишламай қўя қоламан, - жавоб қайтарди аччиқланиб врач.
Бир оз муддат бошқа хоналарни кузатдик. Яна тиш даволаш хонасига қайтдик. Софлантирилган ускуналар йўқлиги сабаб "ишламайман" деган шифокор мижозларни қабул қилиш билан банд.
Анжомлар софлантирилганлиги тўғрисидаги дафтарни кўздан кечирдик. Тиббий анжомлар софлигига доир интикаторлар йўқ. Бошқа қайд қилиш дафтарлари тўлдирилмаган. "Автоклав" қулф. Мазкур стоматологияда ишлатиладиган дори-дармон, асбоб-ускуналар туман тиббиёт бирлашмаси томонидан таъминланаётган экан.
- Битта тишимни олдирдим. 20 минг сўм тўладим.
Мижозлардан бирининг гапи бу. Хулоса мутахассислардан.
"Фарҳод" хусусий корхонаси раҳбари Зариф Йўлдошев иштирокида мижозларга хизмат кўрсатиладиган хонадамиз. Еттита хонанинг бирортаси санитария талабларига жавоб бермаслигини раҳбарнинг ўзи ҳам (энди) илғади, шекилли. Дарров тозалашга киришилди. Тиш таъмирлашга ишлатиладиган асбоб-ускуналарга махсус ишлов бериладиган суюқликлар йўқлигига қарамай, иш юритаётган бундай тиббиёт ҳодимларига ҳеч ким тасанно айтмаслиги тайин. Бунинг устига протезлаш, қолип олиш учун махсус хомашё ўрнига қурилишда ишлатишга мўлжалланган гипсдан фойдаланилмоқда. Сақлаётган дори-дармон, зарарсизлантиришда қўлланадиган эритмаларнинг яроқлилик муддати ўтганига кўп йиллар бўлганини ҳам корхона ходимлари ўрганиш жараёнида билишганини қандай изоҳлаш мумкин?
- Мижозга ишлатиладиган асбобларни зарарсизлантирадиган (автоклав, сухожарка) тиббиёт анжомлар йўқ экан. Ускуналар қандай софлантирилади? - сўраймиз раҳбардан.
- Поликлиника умумий лабораториясида зарарсизлантирилади, - жавоб қайтарди у киши.
Хусусий корхона билан поликлиника ўртасида эса бундай битим йўқлигидан жавоб вазиятдан чиқиш учун айтилганини англаш қийин эмас.
"Мубина Дента сервис" хусусий корхонасида ҳам тиш даволаш анжомларини софлантириш ваколатига эга ҳамшира йўқ. Шу боис, тиш даволатишга келганлар дафтарга қайд этилмаган. Иш бошлашдан олдин ёқиладиган кварц лампалар номигагина ўрнатилган. Даволаш анжомларини зарарсизлантирадиган махсус эритмали қутилар йўқ. Хоналар тозаланмаган. Тиш шифокори 2017 йил (қон таҳлили бўйича) тиббиёт кўригидан ўтганича мижозларга хизмат кўрсатиб келмоқда.
Жума шаҳри атрофида стоматология хизматига доир ўрганишларнинг айримлари бу. "Тиббий ускуналар софлантирилганига амин бўлинг". Мижозлар эътиборини тортадиган ана шундай лавҳа афсуски, аксарият хусусий стоматологияларда мавжуд эмас. Зарарсизлантирувчи лампа ёқиш, қуритиш, асбобларни софлантириш, ҳар бир мижоз учун алоҳида ускуналар жамланмаси ишлатиш ва ҳоказолар вақт талаб қилади, ортиқча харажат ҳам. Лекин инсон соғлиги, касаллик тарқалмаслиги учун зарур бу қоидаларга ҳамма стоматологлар амал қилмаётганига эса ҳар куни, ҳар соатда гувоҳ бўлаяпмиз. Юқумли касалликларнинг бир "ўчоғи" юқоридаги каби стоматологиялар эканини эса мутахассислар билишади ва жим. Нега?

Ҳ.ШАРИПОВ,
ЎзХДП туман Кенгаши раиси,
Б.ШУКУРОВ,
вилоят Кенгаши депутати.

скачать dle 11.3
Калит сўз стоматологлар

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56