» » PAXTANI KIM TERADI?

ЯНГИЛИКЛАР / СИЁСАТ

PAXTANI KIM TERADI?

Туманимизда мавжуд 1069 та фермер хўжаликлари далаларида яратилган "оқ олтин"дан 44720 тонналик юксак хирмон бунёд этиш кўзда тутилган. Бу йил табиат инжиқликлари боис экин ривожланиши кечикди. Ўз навбатида мавсум ҳар доимгидан кеч бошланиши кутиляпти. Тўғрироғи, шу йил 1 октябрдан бошлаб йиғим-теримга киришилади. Мавсумни қисқа ва уюшқоқлик билан якунлаш учун тайёргарлик ишлари қандай? Шу савол билан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Абдураззоқ РЎЗИҚУЛОВга мурожаат қилдик.
- Бу йил биринчи марта пахта ҳосилини ҳашарчиларсиз, ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда йиғиштириб олиш режалаштирилган. Ҳозиргача маҳаллаларда теримга жалб қилинадиган 215 та отряд тузилди. Фермер хўжаликларининг 7124 нафар аъзолари рўйхати шакллантирилган. Отрядлардаги 16622 нафар уюшмаган аҳоли билан теримчиларнинг умумий сони 23746 нафарни ташкил этади. Ўртача ҳар бир теримчи мавсум давомида 0,8 гектар пахта майдонидан 1883 килограмм муҳим саноат хомашёсини йиғиб олиши ҳисоб-китоб қилинди. Бундан ташқари, бандликка кўмаклашиш марказининг жамоат ишига жалб қилинадиган 3 минг нафардан ортиқ доимий иш билан таъминланмаган ишчилари ҳам мавсумда иштирок этишади.
- Теримчилар рўйхати шакллантирилган. Уларнинг мавсумда тўлиқ иштирок этишига кафолат борми?
- Йиғим-терим олдидан ана шу масалага алоҳида эътибор қаратиляпти. Отряд раҳбарлари рўйхатни шунчаки тузса, терим пайти панд еб қолиши тайин. Чунки, теримга ҳеч ким мажбурланмайди. Шунинг учун кўнгиллилардан иборат отряд бошчилари йиғим-терим охиригача оиласига қўшимча даромад келтиришни хоҳловчилардан иборат теримчиларни танланган. Сабаби, қисқа мавсумда 4-5 миллион сўм терим пули оладиганлар кўп. Бир килограмм қўлда терилган пахтанинг нархи ҳақида барча хабардор қилинган. 4 сектор раҳбарлари ҳудудларда теримда иштирок этувчилар билан шахсан учрашиб, мулоқот қилишди. Уларнинг муаммоларини ўрганишди. Теримчилар хотиржам ишлашлари учун рўзғорида тўкинчилик бўлиши керак. Шуни ҳисобга олиб суюлтирилган газ баллонлари, ун, ёғ ва бошқа маҳсулотлар олдиндан етказиб берилаяпти. Бошқа ечимталаб масалалар ҳам мутасаддилар томонидан ҳал қилиб берилмоқда.
- Фермерларга кўмак берадиган ҳашарчиларга яратиладиган шарт-шароитлар қандай бўлади?
- Ҳар бир дала эгаси ҳосилни ўз вақтида йиғиштириб олиб, даромад қилишни ният қилган. Қизғин шу паллада унинг оғирини енгил қилган кўмакчиларга ҳам алоҳида эътибор қаратади. Теримчиларни фартук, иссиқ овқат, дала бошида доимий чой билан таъминлайди. Яшаш жойларидан узоққа борадиганлар учун транспорт воситаси бўлишига масъул ҳам биринчи навбатда фермер. Банк ходимлари ҳар беш кунда терим пулларини белгиланган нархда тўлиқ дала бошига етказиб беради. Мавсумнинг кўп минг килограмчи теримчилари фермер хўжаликлари, касаба уюшмалари, ҳокимлик томонидан рағбатлантириб борилади. Маданий ҳордиқ учун ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланган.
Мавсумга фермер хўжаликларининг тайёргарликлари қандай? Кўнгилдан ўтган бу саволга "Шарқ тонгги" ММТП га қарашли "Улуғбек замини пахта даласи" фермер хўжалигининг раиси Зуҳриддин Жўраевнинг гаплари жавоб бўлди.
- Ниятимиз 5 иш кунида режани ортиғи билан бажариш. 23 гектар пахта майдонимиз бор, 68 тонна муҳим саноат хом-ашёси етказиб беришимиз белгиланган. Экин ривожи бироз кечикса-да, ҳосилдорликдан кўнгил тўқ. Теримга фартук, самовар, қозон-ўчоқ, тиркамалар тахт. Биринчи октябрь куни теримга тушиш олдидан қўй сўямиз. 30 нафар мавсумий ишчиларимиз бор. Яна бир отряд қўшилса, ҳар куни 12-13 тоннадан пахтани сарамжомлаб топшириш имкониятимиз бор.
"Шарқ илғори" ва яна бир қатор фермер хўжаликлар раислари билан суҳбатимиз ҳам мавсум масъулияти хусусида давом этди. Далалар теримга ҳозирланган. Теримчилар учун озиқ-овқат ҳам ғамлаб қўйилган. Техникалар, бошқа зарурий воситалар шай. Бир сўз билан айтганда, пахта йиғим-терими кўтаринки кайфият, улкан орзу-ниятлар ижобати билан ўтиши теримчи-ю, фермерларнинг чеҳраларида яққол намоён.
Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.
Қиёмжон ЗИЁТОВ (фото).

скачать dle 11.3
Калит сўз Пахта

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56