» » QADAMLAR HIKMATI...

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

QADAMLAR HIKMATI...


Негадир инсонларнинг юзларини, кўзларини ё сўзларини эмас, айнан улар босган ҚАДАМЛАРни кузатишни ёқтираман. Қадамлар инсоннинг бутун оламидан сўзлайди. Қадамлар ҳикмати ўтган ва келаётган ҳаётимдан, нафасимдан қулоқларим остига шивирлаганини сезаман. Инсон борки, бу дунёга шунчаки келиб кетмайди. Бу дунёга ваъда беради, дунёдан ваъда олади. Нималардир қолдиради ва яна нимларнидир олиб кетади. Инсоннинг юки нечоғлик оғир бўлса, у қолдирган қадамлар ҳам шу қадар зарворли бўлади. Бироқ бу қадамларнинг эгри ё тўғрилиги баъзан эътибордан четда қолади. Не бўлганда ҳам яхши инсон ҳаётлик чоғида ҳам, ўлимидан сўнг ҳам асло завол топмайди.Сўз қадамлар ҳақида кетаркан салафларнинг қадамларидан қолган қалам изларига қалбим ойнасини тутаману: "Доноликка илк қадам ҳамма нарсага ҳужум қилишдан, сўнгги қадам эса - хамма нарсани бошдан кечиришдан иборат" деган ёзувни ўқийман ва шу кезда бу доноликка энг аввало, УСТОЗ аталмиш инсон лойиқ эканлигини англайман.Устоз. Ким у? Этагидан порлаб чиққан қуёш ила бутун оламни иситиб, унга нур таратган илоҳми ё ўрганишдан кўра, ўргатиш нақадар мушкул бўлган ишни ўзига шараф деб билган зотми?! Устоз ким? Фикрларни эмас, фикрлашни нафақат қадами, ҳатто биргина нафасила шогирд шуурига сингдиролган зотми, аслида. Кичкинагина жуссасига кечанинг юкини орқалаб, эртанинг умидларини қадамларида билдирган устоз бугун менинг қаламимни сиёҳ билан тўлдирди. Чақинли ва поёнсиз қадамларидан яралган оқ қоғозларни қаламим остига чўктирди. Ўзи эса қулоқларимга айланган бутун танамни ўтли мисралари билан тўйинтирди. Ажабо, бу қулоқларим аввал ҳам кўп ашъор тинглаган, бироқ ҳеч бирининг изидан бу қадар мафтун бўлиб юрмаганди... Ҳаёт йўлларидан яралган байтлар муаллифи - устоз, эндиликда онгу шууримга УСТОЗ ШОИР мақоми кириб борди. У битган ҳар бир сатр ҳозирда унинг эмас, менинг сўзларимга айланиб бораётгандек, мен билан ҳамнафас. У шеъриятга ўзи ошно бўлган ва ўзи яратган шеърий тизмаларга ўқувчи қалбини ипсиз боғлаган, менинг назаримда эса адабиёт оламида ўз сўзи ва ўз овози бўлган чин маънода етук шоир. Шеъриятни - назмни севолган ижодкор. У сўзлардан маъносининг тизгини бўлмаган мўъжиза яратган шахс.
...Сенинг нашидангдан қилурман роҳат,
Севурман сендаги шодлик, фарёдни.
Мунаввар нурингни қилиб зиёрат,
Ҳар тонг бағишлайман сенга бомдодни.
Мен сени қизғаниб яшайман шеърим...
Ҳа, чинакам севган инсонда бўлади бундай ҳис-қизғаниш. Суюклисини илоҳийлик даражасига кўтариш. Чинакам шоирда бўлади шеъриятга, ўз шеърига атаган ана шундай мисралар: "Қалбим ҳисларидан яралган жумбоқ...", "Кийдирибон сенга фикримдан либос..." Бундай сатрлар назмда аввал учрамаган, инсон онгу-шуурини ҳечда силамаган. УСТОЗ ШОИРнинг дил тубидаги сатрлар бугун менинг яна бир бора лабларимга қўнди. Мен бу сатрларни такрор ўқирканман, янгидан-янги, аввал сезиб сезмаганим некбин туйғулар дилимга қўнганлигини сездим. Бу ҳис менга аллақандай, ҳатто сўзда ожиз қоладиган даражада ишқ берди. Мен бу ишқ¬ни сиздан бекитмадим. Аксинча, бу ҳиссиёт сизни-да чўлғашини истадим. Ва бу чўлғаш сизга ҳам илҳом қаноти бериш талабида бўлдим.Танамдан айро бўлмаган руҳим ана шу туйғулар қуршовида мени шу байтлардан томган сеҳрли сиёҳни ўзида жо айлаган қалам соҳибининг қадамлари томон бошлаганини сездим. Ажабо, мен узоққа бормадим. Уни ёнгинамдан, осмон остидан азму шаҳар, шоирлару султонларни бешигида аллалаган юрт-Самарқанддан топдим. Унинг чақинли қадамлар ҳикматини сизга ҳам англатмоқни шу кезда ўзимга шараф деб билдим.
Қалам сиёҳига чўмилиб шуурдан лабларга кўчган бу сатрлар энди мени тарк этиши гумон.Чунки шогирд устозининг ҳар бир сўзини, изини ҳар нафасига жо этмоғи шарт. Мен бу инсоннинг шеърларини ўқиб, уқдиму унда таралаётган ёқимли нурга шууримни чўмилтирдим. У устоз-шоирни эса сизга ҳам танитмоқни истадим.
***
Сўзловчини фикр мулоҳазаларини эшитувчига этказувчи қурол бу - сўз. Уни ўз ўрнида қўллай олган инсонни эса сўз санъаткори деб аташади. Ана шундай шарафга муяссар бўлган яна бир замондошимиз, ҳали эл оғзига тушмаган ҳокисоргина инсон Бекмурод Примов 1958 йил, 25 майда Паст Дар¬ғом туманида зиёли оилада таваллуд топган. Мактабни тамомлаб Қарши шаҳрига йўл олган ёш шоир Ҳамид Олимжон номли педагогика институтининг математика факультетини 1978 йил имтиёзли якунлаб ўз шахрига қайтади. Саноқ сонлар билан ҳамфикр бўлган устоз дафтар ҳошиясига ҳам дил изхорларини тўкади. Атрофдагиларга сезиб сездирмай фикратида тўғён урган сатрларни оқ қоғозга сочади:
Ҳамдард йиғлаб қўлимда қалам,
Оқ қоғозга тўкар ёшини.
Юрагимга бахш этиб малҳам,
Сўнг қоғоздан олар бошини.
У бошқа инсонларга, шоирларга ҳечда ўхшамасди. Бунга унинг қадамлари ҳам, сатр¬лари ҳам гувохлик беради. Турмушидаги турфа хил алғов-далғовликлар ҳаётига чанг солган эрса-да, метин иродасини синдиролмади. Қаламидан сиёҳини қуритолмади. У қадамларини мағрур босди, қаламини оқ қоғозга сирдош тутаверди. Шогирдлари сафини эса кенг олди. Унинг сабоғини олганлар бугунда ўзлари ҳам устоз шарафига муяссар бўлиб, халқ хизматида жавлон урмоқдалар. Устознинг ҳаёт йўлларини кузатишдан оғринмайсиз, шеърларини қайта-қайта ўқисангиз ҳам зерикмайсиз. Аксинча, ўша сатрларга яна ва яна кўз ташлагингиз, фикрларингиз ила уларни варақлагингиз келаверади. Ҳар ўқилишида янги маъно таратган шеърлар шуурингизга маъно синони бўлиб қадалади. Унинг жахон адабиётининг буюк намоёндаси Есениннинг шеърига ёзган назирасида шундай мисралар хаёлингизни олиб қочади:
...Севдим дедим гезариб лабим,
Маҳбубамга қилдим ёлвориш.
Шу гул эди умид матлабим,
Шу гул эди мен учун олқиш.
Ўксимагин бечора қалбим...
Ҳеч бир таърифга, шарҳга ўрин йўқ. Фақат ҳеч чекинмай айта олиш лозим Севгига, илоҳий ишққа қўйилган янги бир ҳайкал. УСТОЗ ШОИР шеъриятда лирик чекиниш қилиб яна қўлига қалам олдию бу сафар унут бўлган аммо эслашга, соғинишга арзигулик тўйғуларни қўзғатиб юборди:
...Болалигим кетди ташлаб бешафқат,
Алҳол, кексаликдан юзимда нишон.
Қиблам деб мен сенга сиғиниб фақат,
Гўдакдек талпиниб сен томон, ишон,
Дилга болалигим тўйгим келяпти,
Кўксингга бошимни қўйгим келяпти...
Ҳа, тан олиш жоиз, иқрори шу кезда айни муддао. Таъриф-таснифига забон ва замон мулзам бўлган - Она. Бу зотни қаламига тож қилмаган шоир шоир эмаслиги барчамизга аён, ҳақиқат. Унинг қадамини жаннатга қиёс этмаган, у учун аталган биргина таърифга ўзининг неча минг байтидан кечмаганлар озми дунёда. Бироқ қалбдаги борини оддийгина қилиб, ҳеч бир ўқувчисини тушунарсиз ҳолатга солмай туриб ҳам уни шунчаки кўксига бош қўйиб жаннат ифорини ҳис қилдириш (қилиш) мумкин эканлигини исботлаб беролган шоир. Ҳатто, биз соғинган ўша болаликнида ана шу тўйғу билан ўқувчи онгига сингдира олди. Бу шеърни ўқиган ҳар бир инсон борки, у ижоддан йироқ бўлса-да, лек қалбида аллақандай ҳеч ўзида аввал англамаган, нада нигоҳ, нада сўз билан ифода этиб бўлмайдиган илиқ таъсирлик пайдо бўлганини ҳис этади. Хаёл ва хаёлотнинг нақадар буюк эканлигини яна бир бора англайди, не бўлганда ҳам барини бир четга сурадию, не-не буюкларга эгмаган бошини онанинг кўксига қўяди.
Тўрт фарзандни тарбиялаган устознинг аёли Замира опа ҳам ўқитувчи. Бундай адабий муҳитда тарбия топган фарзандлар бугунда ота изидан шахдам одимламоқда. Математик олим, ҳам сеҳрли забон соҳиби Бекмурод Примов ҳаётнинг турли жабхаларида қалам тебратди. Ўз дунёсини қаламла сарофроз этди. Қарашларни янгилади, уларга ўзгача нигоҳ бахш этди. Қалам сеҳри ила ўқувчи қалбига фикратидаги ранглари ор¬қали чизгилар ясади. Ўзининг турмуш ўртоғи қиёфасида аёл зотига аввал ҳеч бир шоир қўяолмаган ҳайкал ўрнатди.
Зебо санамлар сарвари, мен -чун танҳо
жонон ўзинг,
Шайдо кўнглим ситамгари, йиғлатгувчи
нолон ўзинг.
Аждар кокилинг қули мен, мадҳ этгувчи
булбули мен,
Телба янглиғ кулгули мен, куладирган
хандон ўзинг.
Инсон қачон шодон бўлади. У бахтли бўлса, ўз меҳнатларини самарасини кўрса. Бу меҳнатлар эса илмдан келади. Ёшлигида илм олиб, илм берган инсон кексайганида ана шу илмларда завқланиб унинг ҳузурини кўриб яшайди. Бугунда ана шундай "ҳузур" нелегини ҳис қилиб яшаётган инсон, қаламининг сиёҳига чўмилиб шууримдан лабларимга кўчган сеҳрли сатрлар соҳиби Бекмурод Примов бугунда кексаликни юзида фусункорлик қилиб сингдирган. Ҳамон ижод завқи уни бир лаҳза бўлсинки тарк этгани йўқ. У шеърият оламида қаламнинг боғбонига айланди. Бу боғ эса ўзининг тотли меваларини элга улашди. Устознинг тўнғич ўғли Талантбек Примов ҳам бугунда ўз қадамига эга бўлган шоирлардан. У ҳам қалами орқали ёш ижодкорлар қўлидан тутди. Уларга ҳам ижод оламининг мўъжизаларини кўрсатяпти. Адабиётнинг инжа сўзларидан бунёд бўлган сатрлари ила ёш ва кекса авлод вакилларини онгини суғорди, қалбларни, руҳиятни тозалади. Шу эмасму устоз отанинг қалами ва қадамининг самараси. Ҳаётда ана шундай инсонлар бор экан, улар босган қадамлар ҳикмати келажак авлод учун устозлик қилаверади. Улар яшаб ўтган умрнинг поёни йўқ. Улар қадамларда, сатрларда мангуга мухрланади.

Юлдуз РАСУЛОВА,
Навоий вилоятискачать dle 11.3

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56