» » "YOSH KITOBXON"LAR nega kam?

ЯНГИЛИКЛАР / МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

"YOSH KITOBXON"LAR nega kam?


Жума шаҳридаги "Ёшлар маркази"да "Ёш китобхон" танловининг саралаш босқичи ўтказилди. Ушбу танлов якунлари туманимизда ёшларнинг бадиий адабиётга, мутолаага қай даражада қизиқишлари, эътиборини яна бир намоён қилди.
- Туманимиз аҳолисининг 150 мингдан ортиғи ёшлар. Аммо "Ёш китобхон" танловининг саралаш босқичида атиги 13 та таълим муассасасидан ёшлар иштирок этгани қувонарли ҳол эмас, - деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши раҳбари В.Жўрақулов. - Бу давлатимиз раҳбарининг "Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарорининг моҳияти баъзи таълим даргоҳларида етарли даражада тарғиб қилинмаётганини кўрсатади. Бошланғич ташкилотларимиз етакчиларининг бу борадаги камчиликлари ана шундай танловларда яққол сезилиб қолмоқда.
Танлов сўнггида иштирокчи ёшлар билан суҳбатлашдик.
- Бугун 10-14 ёшлилар босқичида иштирок этдим, - деди 109-мактаб ўқувчиси Дилдора Умрқулова. - Мутолаага иштиёқим баланд, лекин турли мавзудаги ёшимга муносиб бадиий китоблар кам. Жума шаҳридаги саноқли китоб дўконларида адабиётлар нархи қиммат. Мактабимиз кутубхона фондида ҳам китоблар ниҳоятда кам. Шу боис, танловда ўзим истаганимдек муваффақиятга эриша олмадим. Туман ҳокимлиги раҳбарлигида бунёд этилиши лозим бўлган "Китоб олами"дан ҳам ҳануз "дарак йўқ".
 Яна иштирокчиларнинг берилган саволларга жавобига қулоқ тутамиз.
- Пушкиннинг "Евгений Онегин" асарини ўқиганмисиз?
- Ҳа. Фақатгина дарслигимизда берилган қисминигина ўқиганман, - жавоб берди яна бир иштирокчи.
Ўйлаб қоласан. Кино кўраётганимизда ундаги воқеалар давоми ва хотимаси қандай бўлишини билиш учун экранга термуламиз. Ундаги бирор эпизод бир умр онгимизга муҳрланиб қолади. Китоб ўқиганимизда эса асосий қаҳрамоннинг келгусидаги ҳаёти қандай кечиши қизиқтиради ва шу аснода мутолаани якунига етказмагунимизча "тинчимаймиз". Ўрни келганда, қизиқиб кетганимиздан гўёки ўша тимсол билан кечадиган воқеаларда ўзимизни ҳам "бор"дек ҳис этамиз. Шу сабабли бўлса керак, ўқиган адабиётимизда акс этган ҳаётий манзаралар бир умрга ёдимиздан кўтарилмайди. Аммо иштирокчининг юқоридаги жавобидан шундай фикрга келасан киши. "Шу ҳолатда бу қиз ҳақиқий китобхон бўла оладими? Қачон кутубхона-ю, дўконлар асл, сара адабиётлар билан тўлади-ю, ёшлар дарсликларида ўқиган асарларининг давомини ушбу нурхоналардан топиб ўқиб, хулоса чиқаришга интилиши кучаяди? Ахир, Тоғай Муроднинг "Юлдузлари мангу ёнади" асарида акс эттирилган ғолиблик нашидаси ва мағлублик аламини, нима учун асарнинг бундай ном билан аталганини, ёхуд француз адиби Антуан де Сент - Экзюперининг "Кичкина шаҳзода" дасида болаларга хос қайси хусусият (топағонлик) тасвири алоҳида эътиборни тортишини, Ойбекнинг "Навоий" романида сўз мулки султонининг ижоди ва ҳаётига оид жиҳатларини тўлиқ сўзлаб беролмаган ўқувчи чиндан ҳам чинакам ҳаёт, тириклик мағзини етарлича англаб олишга қодирмикан? Ёки мазкур танловнинг вилоят, республика босқичларида муваффақиятли иштирок эта оладими? Дарвоқе, йўриқнома бандларига "Оилавий кутубхонангиз борми?", "Китоб жавонингизда нечта бадиий адабиётлар жамланмаси бор?" деган саволларнинг киритилмаганлиги ҳам қатнашчи зиммасидаги масъулиятни англатишга тўсқинлик қилар… Баъзи таълим муассасаларидан шунчаки тингловчи сифатида қатнашган педагоглар ичида "Эй, нега туманда шундай танлов бўлишини биз билмаймиз, мактабимизда ҳам китобхон ўқувчилар бор эди", дегувчилари ҳам топилди. Бу "Мактаб раҳбарларининг йиғилишбозликдан бошқа нарсага эътибори сусайди" деганими ё? Хуллас, бу борада ўзига хос камчиликлар ҳам етарли.
Танловда намунали иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритган 10-14 ёшлилар ўртасида 8-мактаб ўқувчиси Валижон Болтаев, 15-19 ёшлилардан 28-ИДУМИ ўқувчиси Севинч Султонова, 20-30 ёш босқичида Тошкент давлат университети талабаси Шаҳло Абдусаломовалар танловнинг вилоят босқичига йўлланма олишди. ўолиб китобсеварлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгашининг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Гулжаҳон МАРДОН
қизи.скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56