» » MAKTUBLAR OCHILGANDA…

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ / МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

MAKTUBLAR OCHILGANDA…

Онам билан бозорга бориш мақсадида автобусга чиқдик. Ҳайдовчи тажрибали, кексароқ экан. Салондаги одамларга муомаласини кўриб, дили ёришади кишининг. Навбатдаги бекатга етганда, 18-19 ёшлар чамасидаги икки йигит "Орқа эшикни очинг!" дея шофёр амакига ўшқира бошлади. Эшик очилгач, иккиси автобусдан тушди-ю, йўл ҳақини ҳам бермай, жуфтакни ростлаб қолишди. Шу тобда виждоним қийналиб кетди. Ахир, улар учун йўл кирани ким тўлайди? Безорилик, ўзгаларни менсимаслик, ўғрилик ва зўравонлик мана шундай "қилиқ"лардан куртак отмайдими? Ҳайдовчи амакига ўхшаган камтар, соддадил кишилар андишасини токайгача "қўрқоқ"қа йўямиз?
Ширина ИЛАШОВА.
***
Бугун ҳар сония бир янгилик юзага келмоқда. Бу янгиликлардан ўз вақтида хабардор бўлишимизда интернет тармоқлари, радио, телевидение билан бир қаторда, матбуот яқин кўмакчи, албатта.
Яқинда беихтиёр бир гуруҳ аёлларнинг суҳбати қулоғимга чалинди.
- Менга анчагина газета керак,- гап бошлади улардан бири.
- Қачондан газета ўқийдиган бўлиб қолдингиз,- дея кесатиқ қилди бошқаси.
- Ўқиш учун эмас, уйимни ремонт қилаяпман, пол ва деразаларга газета ёпиштирмасам, оҳак ва буёқлар тегиб қолади. Ҳар куни сотадиган зираворларимни ўраш учун ҳам керак-да, қўшни.
Ҳа, газета ким учундир билимларни ошириш, хабар, янгиликлар манбаи бўлиб хизмат қилса, яна ким учундир… Газетани қадрламоқ, газетхонлик учун ҳам маънавият, фаросат, эътибор зарур. Буни газета ўқимайдиганларга балки англатиш қийиндир.
Хонзода ЖЎРАЕВА.
***"Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳаёт учун хавфли", "Чекиш-умр заволи".Бу каби жумлалар деярли ҳар куни радио, телевидение, матбуот орқали кўп бора такрорланади. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, чекишнинг салбий оқибатлари тўғрисида таълим муассасаларида ҳам турли тадбирлар ўтказилади. Аммо баъзи ёшларимиз буни оддий "насиҳатгўйлик" деб қабул қилишаяпти.-ю, маъносини тўла англашмаяпти. Шу боис, хулоса чиқаришда адашишаяпти.
- Ўғлим ҳали 16 ёшда. У куни дўстининг туғилган кунида озгинадан ичишибди, сўнг тамаки чекишни "машқ" қилиб кўришибди. Уй соҳибаси четдан кузатибди-ю, лекин ўғлимнинг яхши кунида хафа бўлмасин деб, индай олмабди. Ҳаттоки, тамаки чекишни қизларга ҳам таклиф қилганини эртаси куни айтиб қолди, - дея хавотирда гап очиб қолди бир она. - Отасига айтмадим, аммо ҳали "она сути оғзидан кетмаган" ёш болаларга ичиш, чекишни ким қўйибди? Ўғлимни роса койидим. "Ҳавас" га чекиб кўрдик-да, бунча уришаверасиз, бошқаларга қўшилдим-да", дейди.
Келажакка шу тахлитдаги бугунги "ҳавас" билан қандай қадам ташлаш мумкин? Нега баъзи ёшлар давраларда китобхонлик, эзгу орзу-ниятлари хусусида суҳбатлашмай, "умр заволи" тўғрисида баҳс бойлашаяпти? Бунга ким айбдор, яна катталарми?
Райҳона НУРАЛИЕВА.
***
Туғилган кунимда дугонам Сарвиноз шоир Эркин Воҳидовнинг "Шарқий қирғоқ" номли шеърий тўпламини совға қилди. Устозим эса инглиз тилини ўрганишга оид қўлланмани ҳадя этар экан, бу тилни мукаммал ўзлаштиришимда қўлланма катта ёрдамчи эканини уқтирди. Чиндан ҳам, инглиз тилига қизиқишим баланд. Устозим совға қилган китоб орқали бу тилни анчагина ўрганиб олдим. Қолаверса, китоблар орқали жавонимдаги адабиётлар сони янада ошди. Аслида, энг яхши совға китоб. Дўстлар бир-биримизнинг яхши кунларимизда китоб совға қилишни урф қилдик.
Мухлиса БЎЛТАКОВА.
***
Таҳририят қошида фаолият юритаётган "Истеъдод" клуби аъзосиман. Ўтказилаётган машғулотлардан "ниманидир" олишга ҳаракат қилаяпман. Навбатдаги машғулот фаол жамоатчи мухбир Хуррам Низомов етакчилигида олиб борилган суҳбат менда катта таассурот қолдирди. У киши етук сўз усталари Алишер Навоий, З.М.Бобурдан то бугунги кунгача ижод қилаётган шоир, ёзувчилар асарлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Биз шеърий санъат, ижод йўллари ҳақида билимларимизни бойитиш билан бир қаторда, янги ўқиган бадиий асарларимиз хусусида фикрларимизни билдирдик.
Севинч ДАВРОНОВА.
***
Ҳар куни коллежда дарс соатларим тугаб, уйга қайтарканман, катта йўл четига шу атрофда яшайдиган хонадон эгалари томонидан тўкилган чиқиндиларга кўзим тушиши билан таъбим хира бўларди. Айниқса, улардан анқиётган ҳидга чидаш мушкул эди. Яқинда " Тоза ҳудуд" ДУК томонидан йўл, ариқлар атрофига тўкилган чиқиндилар тозаланди, ҳар бир хонадондан чиқадиган ахлатлар эндиликда корхона томонидан чиқинди ташиш машиналари томонидан ўз вақтида олиб кетилаяпти. Бундан Парчақора аҳолиси ҳам мамнун. Ахир, тозаликка не етсин!
Меҳриноз ЭРКАЕВА.
***
Қўшни қишлоққа боришимга тўғри келди. Йўлда 2-3 киши суҳбатлашиб турарди. Айтишларича, уларнинг бирини сигири касалланиб, ўлиб қолибди. Албатта, "Мол аччиғи - жон аччиғи", молидан айрилган киши мулзам бўлиб, боши қотиб турарди. Шунда суҳбатдошлардан бири гап бошлаб қолди.
- "Ҳаром қотган" молларни сотиб оладиган одамларнинг менда телефон рақами бор. Истасанг, уларга телефон қиламиз, зум ўтмай етиб келишади.
- Қандай бўларкан, ахир…, - бошини эгди мол эгаси.
- Кўтарганича олиб кетади, - дея "тадбиркорлар"га телефон қила бошлади бояги киши. - Мол гўштидан " мазали" колбасалар ишлаб чиқаришаркан…
Ҳақиқатан ҳам, бирпасда 2 нафар киши етиб келди. Ўлган сигир эгасининг қўлига 200 минг сўмни тутқазди-ю, "ўлжа"ни машинага ортишди.
Бу воқеани кузата туриб, ҳангу манг бўлиб қолдим. Ахир, касал молнинг гўштини истеъмол қилиш оқибатида қанчалаб одамлар дардга чалиниши мумкин-ку! Энг ачинарлиси, " Ҳаром қотган" сигир гўшти қайси бозор ёхуд емакхонага олиб кетилди экан?
Аббос ШОДМОНҚУЛОВ.
***
Чархин маданият ва аҳоли дам олиш маскани қошида ташкил этилган "Фольклор" тўгараги раҳбариман. Бугунги кунда 16 нафар тўгарак аъзоларининг ҳар бирида ўзига хос қобилият, ижро услуби мавжуд. Айниқса, Ҳикоят Абдусаломова, Облоқул Умаров, Фароғат Нарзиқулова, Рисолат Тўраева, Озода Норбековаларнинг халқ ўланлари, фольклор чолғу асбобларида ижроси кўпчиликка манзур бўлаяпти.
- Чанқовуз, сополнай каби чолғу асбоблари сир-асрорларини ёшлар томонидан иштиёқ билан ўрганилаётгани қадим анъаналарнинг унутилмас меросга айланаётганидан дарак,-дея ўз фикрларини билдирди яқинда фольклор дасталари ўртасида ўтказилган "Қадим анъаналар -миллат кўрки" адабий-бадиий кечасида устозимиз Аҳрор бахши Пардаев. - Созларимиз, миллий куй-қўшиқларимиз авлоддан-авлоддан етиб бориши учун улар қадрини аввало, ёш авлод қалбига сингдира олишимиз лозим. Удумлари, урф-одатлари, миллий қадриятларини теран англаган юраккина ўз Ватани, миллат шаъни тушунчасини ҳис эта олади.
Айни пайтда тўгарагимизда ҳаваскорлар сони кундан-кунга ошиб бормоқда.
Жаҳонгир НОРБЕКОВ,
тўгарак раҳбари.скачать dle 11.3
Калит сўз Газетага хатлар

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56