» » "DAVLAT BAYROG`I TOG`RISIDA"GI O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI QONUNINI TAKOMILLASHTIRISH VAQTI KELDI

ЯНГИЛИКЛАР / СИЁСАТ / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

"DAVLAT BAYROG`I TOG`RISIDA"GI O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI QONUNINI TAKOMILLASHTIRISH VAQTI KELDI

Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг, дунёдаги 200 дан ортиқ давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам мустақиллик, ҳурлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли - давлат рамзларига эга бўлиб, уларни тартибга солувчи мустаҳкам қонунчилик базасини яратди.
"Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шулар жумласидандир. Бироқ, бугун деярли ҳар қадамда ушбу қонунга тўғри келмайдиган ҳолатлар кўзга ташланмоқда. Лекин бу ҳаракатларни "қонунга хилоф", деб айтиш бизнингча ноўриндир.
Ҳар йили анъанага кўра, турли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан давлат Мустақиллиги ҳамда 9 май-Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан жамоатчиликка байрамнинг кутилган туҳфаси сифатида байроғимиз акс эттирилган сувенир, ленталар ва бошқа маҳсулотлар миллионлаб нусхада ишлаб чиқарилади ҳамда беғараз тақдим этилади. Албатта, юрагида Ватан туйғуси жўш урган одам бундай ватанпарварликка, бирдамликка чорловчи давлат рамзлари акс этган эсдалик совғаларини жон дилидан яқинларига ҳам улашади.
Ваҳоланки, давлат байроғи акси туширилган бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш юқоридаги қонун билан тартибга солинмаган. Қонунда "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас"лиги белгиланган.
Қонунда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас ҳамда Давлат байроғининг элементларини нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шу ўринда савол туғилади: "Республикамизнинг нечта нодавлат ташкилотларининг рамзларида давлат байроғи акс этган?". Узоққа боришнинг хожати йўқ. Масалан, мамлакатимиздаги энг йирик нодавлат ташкилотлари бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг рамзларида ҳам давлат байроғидан фойдаланилган.
Энг қизиғи, қонунда давлат байроғи фойдаланиши мумкин бўлган саноқли давлат ташкилотлар рўйхати аниқ кўрсатилган.
Ушбу масалани таҳлил этиш жараёнида ёшларимиз орасида урфга айланган, асосан дунёнинг ривожланган мамлакатлари байроқлари туширилган футболка, кепка, рюкзак ҳамда турли автомобиль аксессуаларидан фойдаланиш "замонийлик"нинг белгиси сифатида кенг оммалашганлигини кузатдик. Бу шунчаки глабаллашув жараёнидаги оддийгина ҳолат эмас, балки ўзга давлатлар рамзларининг экспансияси орқали жамиятни бошқариш дастури амалга оширилаётганлигини инкор қилиб бўлмайди.
Давлат байроғидан фойдаланиш борасида жаҳон тажрибасини ўрганиш жараёнида қуйидагилар аниқланди:
- "Россия Федерациясининг давлат байроғи тўғрисида"ги Россия Федерацияси федерал Конституциявий Қонунининг 9.1. моддасига мувофиқ "Фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхона ва ташкилотлар Давлат байроғи ва унинг тасвиридан Давлат байроғига ҳурматсизлик кўрсатмаган ҳолда фойдаланиш мумкин", шунингдек, "Давлат байроғидан фойдаланиш тўғрисидаги Йўриқнома"га мувофиқ "давлат байроғи қутилар, салфетка, дастрўмол, чойшаблар ёстиқ ва бошқа шахсий ҳамда вақтинча фойдаланиладиган буюмларда қўлланилиши мумкин эмас"лиги белгиланган;
- "Америка қўшма штатлари байроқ Кодекси"га мувофиқ давлат байроғи аксарият жамоат биноларида доимий равишда йил давомида кун чиққандан кун ботгунга қадар ўрнатилиши ва ҳатто давлат байроғининг етарли даражада ёритиш чоралари кўрилган бўлса, у кечқурун ҳам туриши мумкинлиги, Давлат байроғи ноқулай об-ҳаво, яъни ёғингарчилик, қор, шамол ва бошқа табиат инжиқликлари вақтида ўрнатилиши мумкин эмаслиги курсатилган. (Байроқ об-ҳавонинг ҳар қандай таъсирига учрамайдиган материалдан тайёрланган ҳолат бундан мустасно);
- Канада фуқаролари эса Давлат байроғидан фойдаланиш қоидаларига (протоколига) мувофиқ давлат байроғи билан фахрланиб, уни намойиш этиш ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган, ҳатто кўп қаватли уйлар, бино ва иншоотлар, жамоат ташкилотлари ва бошқа жойларда исталганча давлат байроғини ўрнатиш тавсия этилган;
- "Қозоғистон Республикаси давлат рамзлари тўғрисида"ги Қозоғистон Республикаси Конституциявий Қонунининг 4-моддасига мувофиқ "Қозоғистон Республикаси давлат байроғи бино ва иншоотларда уларнинг эгаларининг хоҳишига кўра ўрнатилиши мумкин", дейилган;
- "Туркманистоннинг давлат байроғи тўғрисида" янги таҳрирдаги Туркманистон Қонунининг 3-моддасига мувофиқ "Туркманистон давлат байроғи доимий равишда корхона, ташкилот ва идоралар ҳамда аҳоли турар жойларида ўрнатилиши белгиланган".
Давлат байроғидан фойдаланишни янада кенгайтиришга оид нормаларни халқаро тажриба мисолида яна кўплаб келтириш мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан аҳоли, айниқса, ёшларда миллий онг, миллий ғурурни давлат рамзлари орқали шакллантириш, истиқлолимиз ва истиқболимиздан дарак берувчи давлат рамзларига ҳурмат туйғусини қадрият даражасига кўтариш, бу туйғуни мустаҳкамлаш орқали уни умуммиллий ҳаракатга айлантириш мақсадида "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ва тез кунда мазкур мавзу юзасидан фикрларимизни баён этамиз.
Жуманазар ОТАЖОНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси.

скачать dle 11.3

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56