» » "Obod qishloq" dasturi amalda OBOD XONADONDA YASHAMOQ BAXT

ЯНГИЛИКЛАР / СИЁСАТ / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

"Obod qishloq" dasturi amalda OBOD XONADONDA YASHAMOQ BAXT

Инсон орзулари тоғ қадар юксалиб, осмонга бўй чўзаверади. Ана шундай орзуларидан бири яшаш учун қулай шароит яратиш, том маънода. ободликка интилишдир. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 29 мартда "Обод қишлоқ" дастури тўғрисида"ги фармони ҳам аҳолининг яшаш жойларини обод масканга айлантириш, одамлар руҳиятини кўтариш, шахс сифатида камолотини юксалтиришга қаратилган. Зеро, ўз ҳаётидан кўнгли тўлиб яшаш ҳам инсон қадрини юқори поғонага кўтаради, ҳаётга бўлган қизиқишини оширади. Халқимизнинг азал-азалдан ҳаёт шиорига айланиб қолган "Ободлик бор жойда қут-барака бўлади", деган пурмаъно нақли ҳам ана шундай эзгу мақсадлар заминида туғилган.
QO`SHQUDUQDA AHVOL QANDAY?
Дастур доирасида Қўшқудуқ маҳалласи аҳолисини ичимлик суви, электр энергия билан таъминлаш, якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш, турли маиший хизмат шохобчаларини ишга тушириш, ички ва хўжаликлараро йўлларни таъмирлаш ва бошқа ишлар бошлаб юборилган.
Маҳаллага кираверишда ички йўлларда таъмирлаш ишлари қизғин. 10-15 нафар йўлсозлар ўз ишлари билан банд. Ҳудудда 4 миллиард 436 миллион сўмлик йўл қурилиш ишлари амалга оширилаётган экан. 83-мактаб ёнида 75 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси қад кўтараяпти. Қурилишда "Хадича Азия транс" МЧЖ қурувчилари бинони муддатида топширишга улгуриш учун барча кучларни жалб этгани "қайноқ" меҳнат жараёнидан ҳам сезилади.
- Тўрт минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудимизда болалар боғчаси йўқ эди, - дейди хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис Робия Бекмуродова. - Боғчада тарбия олган бола дунёқараши кенг, фикри теран бўлади. Буни яхши англаган ота-оналар қишлоғимизда 2 миллиард 800 миллион сўмлик лойиҳа қийматига эга мактабгача таълим муассасаси бунёд бўлаётганидан мамнун. Шунингдек, 100 ўринга мўлжалланган, 3 миллиард 700 миллион сўмлик лойиҳа қийматидаги мактаб филиали қурилиши ҳам авжида. Бундан ташқари 1,5 километр масофага "Соҳрот оби-ҳаёт" МЧЖ томонидан ичимлик суви узатиш тармоғи, 2 та сув иншооти, оқова сув учун 2 километр масофада ариқ-зовурлар қазилиши ҳам бошлаб юборилган. "Ўзбекэнерго" АЖ томонидан 1 миллиард 89 миллион сўм маблағ эвазига 2 та ТП қурилиб, 23,2 километр электр тармоқлари тортилаяпти.
Дарвоқе, ташкил этилаётган ишлар кўламида эзгулик, чинакамига ободлик бисёр. Айниқса, ҳомийлар томонидан 1000 метр масофада бетон блок ғишт терилиши, 13 та уй-жойларнинг қайтадан қурилиши, 151 та хонадонларда таъмирлаш ишларининг давом этаётгани одамларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшашга иштиёқлари акс садосидир.
- Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш мақсадида 133 та газ баллони тарқатилди. Яна 167 та газ баллони тарқатиш назарда тутилган, - деди суҳбат давомида Р.Бекмуродова.
PAXTAKORDA HAM ISHLAR AVJIDA, AMMO…
Пахтакор маҳалла фуқаролар йиғинида 3 минг 800 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудига кираверишда қурилаётган маиший хизмат шохобчалари, маданий-маърифий тадбирлар масканида иш қизғин. Куннинг жазирама иссиғига қарамай, ободонлаштириш ишлари кўнгилдагидек кетаяпти. Бир томонда "Равшан Равжуй Жамшид" қурилиш ташкилоти томонидан 120 ўринли болалар боғчаси қурилмоқда, "Мевали" ҚВПси қайта реконструкция қилинаёттир. Бу тиббиёт масканида қурилиш-монтаж ишларини бажараётган "Иброҳим бюлдинг - строй" масъулияти чекланган жамияти қурувчиларининг гапларига қулоқ тутамиз.
- Ҳар ҳолда ишлар ёмон кетмаяпти. Қурувчиларимиз томонидан 500 миллион сўмлик қурилиш-монтаж юмушлари амалга оширилмоқда. Мўлжалланган маблағнинг бор-йўғи 30 фоизигина молиялаштирилган. Ана шу муаммо иш суръатига панд бераяпти. Бунинг устига қурилиш материаллари вақтида етиб келмаётир, - деди иш бошқарувчи Норбек Маъдиев.
Маҳалла мутахассиси билан аҳоли хонадонларида бўлдик. Негадир ҳовли-жойларда ишлар суст. Тўғри, баъзи бир хонадонларда қурилиш-ободонлаштириш рисоладагидек кетаяпти. Аммо, баъзиларида бунинг акси. Маҳалла оқсоқолининг саъй-ҳаракатлари билан кам таъминланган оилалар учун цемент, қум, блок-ғишт каби қурилиш материаллари тарқатилибди.
- Аҳолига енгиллик яратиш мақсадида ҳар беш ҳовлига бепул шағал, қум, тош тўкилди. Беш панжа баробар бўлмаганидек, кўпчилик қишлоқ ободонлашаётганидан, барча шароитлар яратилаётганидан хурсанд. Ҳовли-жойлар кўнгилдагидек таъмирланаяпти. "Қолган ишни ҳам маҳалла қилиб берсин", дейишдан ҳам тоймайдиганлар эса "кутишяпти". Ахир, ҳар бир ҳовлининг кўрки ўша ерда яшовчи инсоннинг фаросатидан, маънавиятидан дарак бермайдими?
Маҳаллада уйи деворини ҳам ранглаб қўйишни "эп" билмаган 2-3 хонадон соҳибаларининг гапларидан ҳайратга тушдик.
- Икки ўғлим бор. Иккиси ҳам ишлагани чет элга кетди. Маҳалланинг ишчилари ёрдамида ҳовлимиз девори тикланди. Ошхонамнинг томини ёпишга кучимиз етмаяпти. Ўғилларим "Маҳалланинг "уни қил, буни қил", деган ишларида безор бўлдик, ишламасак ҳам одамларнинг кўзидан панароқда турайлик", дея четга кетишди. Ҳали пул жўната олгани йўқ.
Ўйлаб қоласан киши, наҳотки, икки норғул йигитнинг бир ошхона томини ёпиш қўлидан келмаса. Четга кетиб, "паналаб" ётиш учун "фалон" сўм сарфлагани аниқ-ку!
Яна бир хонадонда бўлганимизда шу ҳолат такрорланди.
- Бу оилада ҳам уй таъмирлашга қурби етадиган йигит бор. Аммо, уй деворларининг нураб кетганлигини инобатга олиб, блок-ғишт, цемент, қумни ҳомийлар ҳисобидан келтириб бердик. Шунда ҳам аҳвол ўзгармаяпти. Тан олишимиз керак, маҳалламизда "Берсанг ейман, урсанг…" қабилидаги одамлар ҳам йўқ эмас, - дейди маслаҳатчи.
Билишимизча, уй соҳиби Туркияда ишлаб келибди. Шу хонадонда ўқитувчи ҳам истиқомат қилади. Ўз уйини обод қилишни пайсалга солган муаллим болаларга қандай таълим-тарбия бераркан, деб ўйлайсан, киши. Ҳудудда дастур асосида қилиниши лозим бўлган ишлар режасига назар ташлаймиз:
- Республика йўл жамғармаси ва маҳаллий бюджет ҳисобидан 7 километр ички ва хўжаликлараро йўл таъмирланиши бошлаб юборилган.
- Маҳалладаги 104 - мактаб биносида 1 миллиард 200 миллон сўмлик капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилаяпти.
- 250 та якка тартибдаги уй-жойларда таъмирлаш ишлари давом этаяпти.
- 18 та эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлар бириктирилган.
- 1,5 километр электр узатиш тармоқлари тортилиши, "Тоза ичимлик суви" жамғармасининг 1 миллиард 650 миллион сўм маблағи эвазига 3 та сув иншооти реконструкция қилиниши, 2 янги сув иншооти, "Ўзбекэнерго" АЖнинг 97 миллион сўм маблағи ҳисобига 2 та ТП қурилиш ишлари давом этаётгани қишлоқ ободончилиги-ку! Тўрт-беш хонадондаги боқимандалар ҳам қишлоқда катта меҳнат эвазига ободончилик, кенг имконият, яхши шароит яратилаётганини англаб етишар. Қарс икки қўлдан чиқиши, ҳаракат бор жойга барака ёғилишини кайвонилар тушунтиришар охир оқибат.
Хулоса шуки, ободлик кўнгилдан бошланади. Дастур асосида бажарилаётган барча саъй-ҳаракатлар интиҳосида эзулик, яхшилик мужассам. Обод юртнинг обод хонадонида яшамоқнинг ўзи ҳам бир бахт. Бу бахтни инсонга ҳалол меҳнат, эртанги кунга умид, ишонч, интилиш ҳадя этади.
Гулжаҳон МАРДОН қизи,
Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.
скачать dle 11.3
Калит сўз Обод қишлоқ

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56