» » "FAYZIBOG`"DА UCHRASHGUNCHA...

ЯНГИЛИКЛАР / СИЁСАТ / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

"FAYZIBOG`"DА UCHRASHGUNCHA...


Ишимиз бевосита интернет билан боғлиқлиги учун, кунда 2-3 бор бу сеҳрли оламга ташриф буюрамиз. Тезкор ва нисбатан арзон бу ахборот майдонида йўлни йўқотиб, адашиб қолиш аслида ҳеч гапмас. Негаки, туппа-тузук, зиёли, жамиятда маълум бир поғонани эгаллаб, элга танилган ҳурматли шахсларнинг баъзида «қовун тушириб», аниқроғи, айниб қолишига сабаб нима эканлигига ҳеч ақлим етмайди. Одатда, саҳифага маълумот ёки хабар ташлаётган пайтимда чалғиб қолмаслик учун лентага қарамасликка хабар қиламан. Компьютерда ўзингизга маълум, "ярқ" этиб, янгиликлар олдингиздан чиқаверади. Ҳамкасбим билан биргаликда бу ишни қилишга жазм этдик. Ҳар доим антиқа панд-насиҳатлари учун мен лайк босадиган бир ҳурматли Инсон бор. Уларнинг баъзи фикрлари ифодали қилиб айтганда, кишиларни "бир туртиб қўяди", мудроқ виждонингизни уйғотиб юборгандек бўларди. Шу киши ўз шахсий саҳифасига қўйган суратларни кўриб, бу гал тепа сочим тикка бўлаёзди, ёнимдаги кишининг олдида уялиб қолдим. Беҳаё, бешарм, яна эринмасдан қайсидир интернет сайтларидан юклаб олинган суратлар, бир нечта. Эс-ҳуши жойида бўлган, соғлом одам шундай суратларни "реклама" қиладими? У касал бўлса керак, деган хулосага келдик. Бу ўринда ижтимоий тармоқлардаги мессинжерлардан келадиган "вирус"ларни назарда тутмадим. Бундай ҳолатларда мессинжер эгалари огоҳлантиришга улгуришади. "мендан борадиган хабарларга ишонманг, у мен эмас" қабилида. Бу ерда гап, шахсий саҳифага атай жойлаштириладиган суратлар хусусида кетяпти. Шахсий ҳаётини кўз-кўз қилиш ўз йўлига, "сен қанчалик бадавлатсан, қаерларда дам оласан, кимлар билан ошна-оғайнисан, нима еб, нима ичаяпсан" - булар-ку майли, ўзларига ҳавола... Аммо, кўз тушганда одам бир сесканадиган суратларни жойлаштиришдан, уларни тарқатишдан қандай маъни бор? Глобал тармоқнинг улкан имкониятларидан бу тариқа фойдаланиш "атом кучини ўтин ёришга сарфлаш" (Абдулла Қаҳҳор) дан-да аянчлироқ, аслида. Нима ҳам дердик, шундай замонда яшаяпмиз, буёғи ошкоралик... Истаган гапингни айт, ҳоҳлаган ишингни қил, аммо ўзлигингни унутма, андишани қўрқоқликка йўйма, шуни ўзингга эп билсанг қилавер...Шундайми?
Бу сирли оламни кузатиб, шундай хулосага келдим. Бизда бунга нисбатан, "иммунитет" шакллантирилмаган. "Кўрмаганнинг кўргани қурсин" дейишади-ку! Ҳар тўкисда бир айб деганларидекми, билолмадим, аммо бу айбловдан кўра, андишасизлик (имонсизлик), носоғлом фикрлаш, яна ҳам аниқроғи, хасталикка ўхшаш нарса. Фарзандларимизни "Оммавий маданият"дан асрайлик, интернетни чеклайлик, унинг яхши-ёмон томонларини тушунтирайлик, деб жар солишни жойига қўямиз. Аммо "Катталар"ни бу иллатдан қандай сақлаймиз? "Биз"га мумкин, болаларимизга мумкин эмасми? Фарзандларимиз кимга ўхшайди. Қўшнимизгами?
Интернет деганлари шунчалик тезкорки, ўйламасдан гапириб юборганинг учун "юз йиллик хизмат"ларинг баҳоси икки чақага тенг бўлиб қолиши ҳеч гапмаслигини ҳаётда жуда кўп бор кузатяпмиз, кўряпмиз. Ота-боболаримиз билиб айтишган. "Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир, чироғим..." Давлат тизимимиз, мустақиллигимиз, тинчлигимизни кўролмайдиганлар бор. Динни байроқ қилиб, аслида хокимиятни кўзловчи, диний ва дунёвий илмларни ўзгача тарзда тушунтирмоқчи, бировларни "тўғри йўлга бошламоқчи бўлганлар" интернет оламида шунчалик кўпки, баъзан миянинг "синтез" қилувчи хужайралари ҳам "дод" деб юборадиганга ўхшайди. Умуман, шунча информация керакми? Соатлаб интернетда умримизни ўтказмасак, баъзи фойдали ишларимизни вақтида ниҳоясига етказиб олармидик. Кераксиз ахборотлар асосий ишимиздан чалғитмаяптими?
"Файзибоғ"дан (Фейсбукни самарқандлик зиёлилар шундай эркалаб аташади) дийдорлашув маскани (тақдир тақозоси билан дунёнинг турли бурчакларида яшаётганлар учун), фикр-мулоҳазаларини очиқ-ойдин баён этадиган минбар (ҳеч қандай цензурасиз, таъқиқларсиз), шоир ва ёзувчилар учун ижод намуналарини дастлаб тақдим этадиган ажойиб имконият эканини тан олайлик. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Бу икки қарама-қарши томонни фарқлаш учун бизга АҚЛ, ФАҲМ-ФАРОСАТ ва ЗЕҲН берилган. Интернетда ҳоҳлаганча жавлон ур! Инсофу диёнатни унутмасанг, бас...
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.


скачать dle 11.3
Калит сўз Фейсбук

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56