» » UCHTEPADA BIR KUN…

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

UCHTEPADA BIR KUN…


"Газетанинг янги сони билан танишдим. Маҳаллалар ҳаётидан мақолалар берилибди. Бизнинг Учтепа маҳалла аҳли ҳам меҳнатсевар. Ўзига хос тажрибага эга бўлган тадбиркорларимиз ҳам талайгина. Шулар ҳақида ҳам "нимадир" ёзсангизлар", - деб қолди нуроний отахон Хуррам Низамов бир куни.
Шу гап сабаб маҳаллага отландик. Айни офтоб бутун вужудни куйдирадиган бир паллада маҳалла одамлари ўз ташвишлари билан банд. Айниқса, ҳудудга кираверишдаги баравж ғўзалар диққатимизни тортди. Гўё фикримизни уққандек отахон гап бошлади.
- Барака топсин, Дилмуроджон. Ўзи меҳнаткаш йигитда, деҳқончиликнинг сир-асрорини яхши билади. Бу йил сув танқислигига қарамай, кечаю кундуз елиб-югуриши боис, бугун ғўзаларининг ҳар бир тупида 16-17 тагача ҳосил тугунчалари бор.
Машинани бошқариб келаётган ҳайдовчи йигит суҳбатга қўшилди:
- Мана, сизлар айтаётган фермернинг чайласи.
У ерда "Шавкат, Шерхон, Хуршида" фермер хўжалигининг раиси Дилмурод Ёрқулов хўжалик аъзолари билан эндигина культивациядан чиққан ниҳоллар парвариши хусусида яна нималарнидир муҳокама қилаётган экан. Раисни суҳбатга тортдик.
- Ихтиёримиздаги 39 гектар майдоннинг 17 гектарига пахта, 22 гектарига эса ғалла эккандик. Зиммамиздаги 52,8 тонна ғалла ҳосили ўрнига 55 тонна сара дон топшириб давлат шартномавий режасини ортиғи билан бажардик. Пахтачиликда ҳам давлат буюртмасидан ортиқроқ ҳосил етиштиришга интилаяпмиз. Албатта, механизатор Шавкат Хушниёзов, сувчилар Ш.Ёрқулов, Э.Расуловларнинг меҳнати, тажрибалари асқотади бунда.
Шунингдек, "Муродбек, Русланбек" фермер хўжалигининг 25 гектар пахта далаларида ҳам агротехник тадбирлар ўз вақтида амалга оширилаётганини ғўзалар ривожидан ҳам англаш мумкин. Хўжалик раиси Санжар Тошпўлатов бошчилигида 12 нафар ишчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ғўзалар яшнаб турибди. Хўжаликда ғалладан бўшаган 15 гектар майдонга такрорий экин экишга тайёргарлик кўрилаётган экан.
Йўл-йўлакай бизга ҳамроҳлик қилган хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис Тошбиби Нурбоева тадбиркор Саъдин Алимовнинг хонадонига бошлади.
Ҳовлидаги супа четида очилиб турган гуллар, экин-тикинлар "гуркираб" турган томор-қа, 2 сотих ерда ташкил қилинган иссиқхонадан соҳибининг "ким экан"лигини намоён этаётгандай гўё.
- Қишлоғимизда сув танқис. Лекин, кўриб турганингиздек, Саъдинбек бу муаммони рўкач қилиб, қараб ўтирадиганлардан эмас. Қудуқ қаздириб экинларига об-ҳаёт бахш этган уста тадбиркорлардан.
- Беш йилдирки, иссиқхонага помидор, бодринг экиб парвариш қиламиз. Меҳнатимиз ортидан келган даромаддан олти нафар фарзандимни уйли-жойли қилдим. "Ҳаракатда - баракат", деб бежизга айтишмаган. Уч ака-ука отамиздан жуда эрта етим қолганмиз. Оилада катта фарзанд бўлганим учун онамнинг ёнида меҳнатга ўргандим. Заҳматлар ортида албатта, "нур" бўларкан. Ҳалол меҳнатлар эвазига укаларим билан биргаликда эл-халқ учун "Саломат она" тўйхонасини қурдик.
Ихчам иссиқхона. Қатор ипга тизилган бодринг палакларидаги мўл ҳосил кишини ҳайратга солади. Бу, албатта, тадбиркор оиланинг меҳнатлари самараси.
Бу ҳали "ҳолваси" экан. Самарқанд - Каттақўрғон йўналишидаги йўл ёқасини обод қилиб, шу ерда "тириклик" яратиб яшаётган нуроний чол-кампирлар ҳақида эшитган эдик. Навбатдаги манзил ана шу кекса деҳқонлар обод қилган сўлим гўша экан. 65 ёшли Мусурмон бобо ҳамда Асал онанинг турмуш тажрибалари, меҳнатга муҳаббати, самимийлиги чеҳрасида акс этиб турибди.
Йиллар давомида ташландиқ ҳолатда бўлган жойдан "ҳаёт" яратишнинг ўзи бўлмайди. Атрофга назар ташлаймиз. 40-50 тупга яқин турли мевали дарахтлар. Ҳосилини кўтаролмай шохлари ерга тегиб турган олма-ю ўрик, ранг-баранг очилган анвойи гуллар, эндигина таъмга ина бошлаган қовун-тарвузлар, серҳосил токларни кўриб баҳри-дили очилади кишининг.
- Меҳнат одамни ёшартирар экан, - дея кулиб қўяди Асал она. - Чолим иккимиз ўн беш йилдан буён шу "йўл ёқасида"миз. Гоҳида фарзандлар "Дам оладиган пайтларингиз…" дея норозилик билдиргандек бўлишади. Лекин тирик жонни меҳнатсиз тасаввур қилиш қийин-ку. Кексаликда ётиб қолишдан худо асрасин. Шу йил маслаҳатлашиб, нафақамиздан йиққан пулга иссиқхона қуришни мақсад қилдик. Ниятимизни билгач, фарзандлар ҳам қараб туришмади. Февраль ойида янги иссиқхонамизга помидор кўчатини эккандик. Кўриб турганингиздек ҳосил ёмон эмас. Олинаётган даромаддан кўнглимиз тўлаяпти. Орттирганимизни невараларнинг тўйларига ишлатаяпмиз.
Маҳалла идорасига қайтар эканмиз, меҳмонлар билан гавжум тўйнинг устидан чиқдик.
- Бугун маҳалладошларимиз Пардабой ва Исомиддин акалар қуда-анда бўлишди. 15-20 чоғли кишилар билан "Фотиҳа тўйи" ўтказилаётгани дабдабали тўйларнинг олди олинаётганидан дарак, - деди Тошбиби опа.
Хонадон соҳиби ва соҳибасининг меҳмондўстлиги, камтарлиги, одамийлиги юқорида таъкидлаганимиздек, маҳалла аҳлини эзгу ниятли, гўзал фазилат эгалари эканлигини яна бир бор исботлади.
- Тўйларнинг исрофгарчиликсиз ўтказилаётгани биз ота-оналарга ҳам жуда маъқул бўлди. Ортиқча сарфланадиган маблағ ёш оиланинг зарур эҳтиёжи учун ишлатилса, нур устига аъло нур-ку, - деди тўй соҳиби.
Тўйхонада хотин-қизлар эгнидаги миллий матолардан тикилган бежирим либослар эътиборни тортмай қолмайди.
- Маҳаллада моҳир тикувчилар кўп, - деди фикримизни уққандек тўй соҳибаси. - Эгнимдаги либосни Моҳирахон тиккан.
Ўн йилдан буён тикувчилик касбини ардоқлаб, 60 дан ортиқ шогирдлар етиштириб келаётган Мохирахон Умарова ҳудуднинг қўли гул чеварларидан экан.
Булар 3777 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Учтепадан олган бир кунлик таассуротларимиз ҳосиласи.

Гулжаҳон МУСТАФОЕВА,
Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.

скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56