» » QORAG'UPPADA TO'Y

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

QORAG'UPPADA TO'Y

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг "ОБОД ХОНАДОН - ЮРТ КЎРКИ" лойиҳаси доирасида тумандаги Қорағуппа қишлоғидаги Дилшод Қувонов хонадони реконструкция асосида қайтадан қуриб берилди.Бугун Суҳробжоннинг ҳаётидаги энг қувончли кунлардан бири. Унинг хатна тўйи бўляпти. Яқинлари, узоқдаги қариндошлари, синфдошлари, ҳаттоки устозлари ҳам ёнида. Барча унинг хурсандчилигига шерик бўлмоқда.

Суҳробжон ҚУВОНОВ:
(Д.Қувоновнинг ўғли,
10 яшар)
-Тўйимга ҳамма синфдошларимни, дўстларимни чақирдим. Бугун менинг ва укамнинг тўйи бўляпти. Мактабдаги устозим ҳам келган. Ҳаммалари шу ерда. Уйимиз ҳам янги, бошқача бўлиб қолган. Дадам ҳам, онам ҳам ҳурсанд...
Суҳробжоннинг сўзлари ҳақиқат. У туғилиб ўсган, ота-онаси ва бобоси билан биргаликда истиқомат қиладиган ушбу хонадон бундан бир ойгина аввал бутунлай бошқача кўринишда эди. Қишлоқда кам таъминланган оила сифатида рўйҳатга олинган, ўз муаммолари билан «қоришиб» яшаётган бу оиланинг энг катта ташвишларидан бири хонадон эгасининг саломатлигини тиклаш, тўшакка михланиб бораётган отанинг дардларига дармон излашдангина иборат эди. Юрак етишмовчилиги бўйича, 2-гуруҳ ногирони бўлган Дилшод Қувоновнинг асосий вақти шифохоналарда ўтар, уйида жуда кам бўлар, турмуш ўртоғи Наргиза Қувонова эса, эрини парваришлаш билан кунларни тунларга улар, рўзғор, бола-чақа, ҳовли-жой ташвиши ўз-ўзидан кекса ва дардманд қайнотасининг зиммасида. Кунлари эрининг 207 минг сўмлик ногиронлик нафақаси ва маҳалладан бериладиган болалар пули эвазига ўтарди.
Наргиза ҚУВОНОВА:
(Д.Қувоновнинг турмуш
ўртоғи).
- Етишмовчиликдан ҳовлимизнинг тенг ярмини сотишга ҳам мажбур бўлдик. Дори-дармонга кўп пул зарур эди. Бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламасдик.
Хўжайиним тузалиб, оёққа турса ҳаммаси яхши бўлади, деб умид қиламан. Айниқса, қиш келаверса, ташвишга тушиб қоламан. Томлардан чакки ўтади, совуқ. Деворлар тўкилиб тушай дейди... Бир куни бир аёл келди. "Истеъмолчилар" деган ташкилотнинг раҳбари Инобат опа Ҳасанова экан. (Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси) хайрия акцияси доирасида уйингизни қайта қуриб берамиз, деди.
Наргиза турмуш ўртоғининг ногиронлигини, иккинчидан биринчи гуруҳга ўтказиш, оилавий шароити оғирлигини ҳисобга олиб ёрдам берилишини сўраб жуда кўп ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилганди. Қолаверса, тиббий хулосага кўра, эрининг юраги зудлик билан операция қилиниши зарур. Жарроҳлик амалиёти фақат пойтахтда ўтказилиши лозим. Бунга маблағ топишнинг ўзи бўладими? Ҳамма мурожаатлари беэътибор қолаётган бир пайтда бундай хушхабар эшитиши унга яхшиликдан даракдай туюлди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг "Обод хонадон-юрт кўрки" лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган биттадан хонадон ташкилот маблағлари ҳисобидан қайтадан қуриб берилмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ва унинг туман (шаҳар) жамиятларининг хайрия маблағлари ҳисобига Қорағуппа қишлоғининг энг обод ва кўркам хонадонларидан бирига айланган бу масканда қисқа муддат давомида катта ишлар амалга оширилди. Уч авлод вакиллари истиқомат қиладиган хонадон бутунлай реконструкция қилиниб, уйнинг эшик ва ромлари янгиланди, пол ва девор қисми алмаштирилди, ошхона ва ҳовли саҳни ҳам қайтадан қурилиб, унда қулайликлар яратилди. Бутунлай ўзгача қиёфа касб этган хонадонда бугун яна бир шодиёна Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси ташаббуси билан хатна тўйи ҳам бўлиб ўтмоқда. Уйни эгаларига топшириш маросимида туман ҳокими Собир Эргашев, туман прокуратураси ва хотин-қизлар қўмитасидан вакиллар, Тошкентдан меҳмонлар - Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг раиси Жаҳонгир Саримсоқов ўз совға саломлари билан ҳозир бўлишди.
Бу кун 10 яшар Суҳробжоннинг ҳотирасида бир умрга муҳр¬ланса ажабмас. Негаки, оилавий муаммолари бирин - кетин ҳал бўлмоқда. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси мутасаддилари кўмагида дадасига 1-гуруҳ ногиронлигини ҳам олишди, Тошкентда бўладиган жарроҳлик амалиёти учун ҳам улар ёрдам қиладиган бўлишди. Уйлари ҳам янги, чиройли ва замонавий. Тўйи эса, ўзи орзу қилгандан ҳам зиёда ўтмоқда. У ишонади. Бу юртда мурувватли, саховатли ва яхши инсонлар кўп.
Туман ҳокимлиги ҳам тўйга тўёна билан келишди. Қувоновлар хонадонига 5 000 000 (беш миллион сўм) пул, замонавий газ плитаси (тўлдирилган газ баллони билан) ва телевизор тақдим этилди.
Хурсандчилик давом этмоқда...
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.

скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56