» » ТАЙЁР МАҲСУЛОТ экспортида яна бир одим

ЯНГИЛИКЛАР

ТАЙЁР МАҲСУЛОТ экспортида яна бир одим

                                                ТАЙЁР МАҲСУЛОТ
                                          экспортида яна бир одим
Республикамизда 2018-2021 йиллар даврида ипак калавани - 243 минг тонна, ипак газламани эса - 2 533,6 минг погон метрга ошириш режалаштирилган. Ана шундай улкан хирмонда тумандаги пиллачилик билан шуғулланадиган "Элбек ТРЖ" МЧЖнинг ҳам ҳиссаси бор.
Корхона "Ташаббус-2014" кўрик танловининг вилоят босқичи ғолиби бўлган. Ўтган йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида 2 ойлик курсда ипакчилик соҳасида малака ошириб келган корхона раҳбари билан мулоқотимиз ҳам истиқболдаги режалар ҳақида бўлди.
- Корхонамизда 50 нафарга яқин ходим ишлайди, - деди "Элбек ТРЖ" МЧЖ раҳбари Элбек Раҳмонов. - Туманда пиллачиликни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида 2013 йил 75 минг АҚШ долларига Хитойдан пиллани қайта ишлаш даст-гоҳини олиб келдик. Ўтган йили 10 тоннага яқин ипакни Хитойга экспорт қилиб, 400 минг АҚШ доллари даромад қилдик. Президентимизнинг мазкур соҳага эътибори, яратилган шароиту имтиёзлар пиллачиликни янада ривожлантиришга туртки бўлди. Яқинда даромадимиз ҳисобидан 110 минг АҚШ долларига хориждан янги технология олиб келиб, ишчилар сонини 100 нафарга етказишни режалаштирганмиз. Натижада, жорий йил 20 тонна ипакни экспорт қилиб, 800 минг АҚШ доллари даромад қилмоқчимиз. Даромаддан жамоанинг манфаатдорлиги ошаяпти. Шунинг учун, корхонага бириктирилган туман "Агропилла" МЧЖга бир дона автомашина ҳамда соҳа ривожига ҳисса қўшаётган 13 нафар агрономга смартфон уяли алоқа воситалари совға қилинди.Президентимизнинг "Республикада ипакчилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, туманда янги пилла мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам юқори даражада олиб борилаяпти.
- Жорий йил 4677 қути ипак қуртини боқиш режалаштирилган, - дея суҳбатни давом эттирди туман "Агропилла" МЧЖ раҳбари Воҳид Бойқобилов.
- Ҳар бир қутидан ўртача 55 килограмдан ҳосил олганимизда 257235 килограмм пилла хомашёси етиштирилади. Туман ҳокимининг қарорига асосан, хатловдан ўтказилган 1063,7 гектар тутзорлар ихтиёримизга ўтказилди. Эндиликда пилла етиштириш учун озуқа базасини яратишга асосий эътибор қаратилаяпти. Шу мақсадда эскирган тут плантацияларини янгилаш, якка тут қаторларини тўлдириш ишларига киришилган. Бунинг учун шароитга мос келадиган серҳосил тут кўчатлари етказиб бериш бўйича кўчатчилик хўжаликлари билан шартномалар тузилган. Эрта баҳорданоқ фермер хўжаликларининг тегишли ерларига керакли миқдорда тут кўчатлари экиш орқали йилдан йилга пилла етиштиришнинг озуқа таъминоти мустаҳкамланиб борилади. Корхона мутахассислари тутчилик агротехник тадбирлари меъёрида ўтказилишини назорат қилиб боради.
- Юртимиз раҳбарининг "Қишлоқ хўжалик ходимлари куни"даги маърузасида маҳсулот етиштиришнинг "Кластер" даражасига етказиш ҳақидаги фикрларидан келиб чиқадиган истиқболдаги режалар қандай?
- Юқорида айтганимдек, жорий йилдан бошлаб 257235 килограмм пилла тўлиқ корхонамизда қайта ишланиб, ип калава ҳолига келтирилади. Тайёрланган маҳсулот экспорти ҳисобига ишлаб чиқариш харажатларидан ташқари, янги технологияларни жорий этишни кўзлаяпмиз. Келгуси йилдан корхонада ип калавани газлама даражасига етказиш амалга оширилади. Бунинг учун барча тайёргарлик ишлари ҳозирданоқ бошлаб юборилган. Мутахассислар тайёрлаш, янги технологияларни ишлатиш бўйича ишчилар малакасини ошириш эътиборимизда, - деди Элбек Раҳмонов.
- Барча соҳалар каби пиллачилик тармоғини ривожлантириш назарда тутилган имтиёзларга доир маълумотлар билан газетхонларни таништирсак.
- Президентимизнинг қарорига кўра, "Ўзбек-ипаксаноат" уюшмаси аъзолари 5 йил муддатгача Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, техника, хомашё ва материаллар, тут дарахти кўчатлари, ипак қуртининг суперэлита, элита ва саноат уруғлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича божхона тўловларидан озод қилинди. Ипак қурти уруғини ишлаб чиқариш, пиллани етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш, тайёр ипак маҳсулотлар ҳамда пиллачилик тармоғи учун ёрдамчи материалларни ишлаб чиқаришдан олинадиган ягона солиқ тўлашдан озод этилган.
Бундан ташқари, тутзорлар билан банд бўлган ер майдонларидан ер солиғи олинмайди.- Уй шароитида етиштириш билан шуғулланадиган касаначилар ҳам имтиёзларга эгами?
- Албатта, пилла етиштирувчи касаначилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод. Шунингдек, касаначилар ва бошқа ишчи-пиллакорлар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари бўйича ягона ижтимоий тўловидан озод этилади, ҳамда уларнинг тўлиқ бир мавсум ишлаган даврлари пенсия тайинлаш учун бир йил меҳнат стажига ўтказилди.
Ҳа, жаҳон ипак бозорида ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг ошиб бораётганлиги соҳа салоҳиятини янада оширишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантиришга доир бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу эса янги инновацияларни амалга жорий қилиш, экспорт ҳажмини ошириш имкониятларини бермоқда. Тумандаги пиллачилик билан шуғулланадиган "Элбек ТРЖ" корхонасини ҳам тайёр маҳсулотлар экспорт қилиш даражасига етказиш режалари ҳам яқин келажакда амалга ошиши тайин. Ўз ўрнида, янги иш ўринлари яратишга имконият кенгаяди.
Отабек ЭРГАШЕВ.
скачать dle 11.3
Калит сўз пиллачилик

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шахри,
    Амир Темур кучаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56