» » АҲРОР БАХШИ "БОЙСУН БАҲОРИ"ДА ҚАТНАШДИ

ЯНГИЛИКЛАР / МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

АҲРОР БАХШИ "БОЙСУН БАҲОРИ"ДА ҚАТНАШДИ



"Кўйла, кўйла-я, дўмбирам,
Сўйла, сўйла-я, дўмбирам.
Бойсунда баҳор, тўй-а,
Тўйла, тўйла-я, дўмбирам".
Аҳрор бахшининг ўзига хос такрорланмас овози "Бойсун баҳори" фестивали иштирокчиларининг диққатини тортди.
- Самарқанд вилоятида битта бахши, деганларича бор экан, - деди томошабинлардан бири.
Дарҳақиқат, юртимизда қўшиқчи санъаткорлар кўп. Аммо бахшичилик санъатини пухта эгаллаб, миллий қадриятларимиз, ўлмас меросимизни элга ҳадя этаётган жонкуярлар кам. Баъзан давраларда, тўйларда ҳар куни тингланадиган одатий ижролар қаторида Аҳрор бахши томонидан халқ термалари мароқ билан куйланганда, берилиб тинглаётган кишиларни кузата туриб, халқ достон ва термаларини кўпчилик юраклар чиндан-да соғинганини ҳис этамиз.
- Санъатнинг бу турига ниҳоятда қизиқишим катта, - дейди Аҳрор бахши Пардаев. - 20 йилдирки, дўмбирам жўрлигида элнинг қалбидаги орзу-ниятлари, кишилар руҳиятининг турли кўринишларини, тинчликнинг қадри ва Ватан ободлиги каби буюк, ўлмас туйғуларни кўйлаб келаяпман. Аслида бахшиларни эзгулик элчилари, дейишади. Бу санъат қадр-қиммати, ўзлигимиз тимсоли эканлигини кўпроқ ёшлар қалбига сингдиришимз лозим.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 апрелдаги "Бахшичилик ва достончилик санъатини янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам бу санъатга эътиборни кучайтириш, болалар мусиқа ва санъат мактаблари қошида ёш бахшичилик ва достончилик мактабларини ташкил этиш, мазкур мактабларда дарс беришга моҳир достончи ва бахшиларни таклиф этиш, бу соҳада ўзига хос қобилиятга эга бўлган жировларни қўллаб-қувватлаш каби қатор масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса ҳудудларда устоз-бахшилар ва ёш ижрочилар ўртасида "Устоз-шогирд" анъанасини янада такомиллаштиришга, маданият ва аҳоли дам олиш масканларида тўгараклар очилишига туртки бўлди.
- Айни пайтда туман 1-сонли маданият ва аҳоли дам олиш маскани қошида ташкил этилган "Фольклор" дастаси раҳбариман, - суҳбатда давом этди Аҳрор Пардаев. - Дастамизда ёш бахшиларнинг кундан-кунга кўпайиб бораётганидан кўнглим тоғдек кўтарилади. Тажрибалар кўрсатаяптики, ёш авлодни оммавий маданиятнинг кўриниши бўлган "жазавали", инсон руҳиятига салбий таъсир қиладиган қўшиқларга "иштиёқманд" ликдан асраб қолиш биз катталарга ҳам боғлиқ экан. Қолаверса, достон ва термалар удум ва анъаналаримиз тимсоли. Унинг муқаддаслигини ёшлар қалбига маҳорат билан жо этишимиз жоиз.
Чунончи, яқинда Сурхондарё вилоятида ЮНЕСКО ташаббуси билан ўтказилган "Бойсун баҳори" халқаро фестивали, Қорақалпоғистон Республикасида "Оқибат бахши" хотирасига бағишлаб ташкил этилган бахшилар танловида Аҳрор бахши ҳам маҳоратли ижроси билан иштирок этиб келди. У Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг қимматбаҳо совға ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди. Бу албатта, нафақат туманимиз, балки вилоятимиз учун ҳам шараф бўлди.
- Туманимиздаги 32-сонли болалар санъат ва мусиқа мактаби қошида "Ёш бахшилар" тўгараги очилиш арафасида, - деди туман маданият бўлими бош мутахассиси Озода Шодиева. - Албатта, устоз - санъаткор Аҳрор Пардаев раҳбарлигида туманимиздан ёш бахшилар етишиб чиқади, деган умиддамиз.
"Элу юрт омон бўлсин,
Диллар шодликка тўлсин.
Хонадонларда мудом,
Бахту, севинчлар кулсин-ай…"
Ҳа, бу Аҳрор бахшининг айтими… Самимий, содда оҳанг… Аммо эл қалбидаги эзгу ният жамланган бу ижрода. "Бахшилари бисёр юрт бадавлат бўлади", дейишади. Юртимиз қаторида, туманимизда ҳам элсевар бахшилар кўпаяверсин!
Гулжаҳон МУСТАФОЕВА.



скачать dle 11.3
Калит сўз БАХШИ

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56