» » ИККИ СОБИҚ ХОДИМ ҳамда бир воситачи

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ИККИ СОБИҚ ХОДИМ ҳамда бир воситачи


- Ёрдаминг керак, кўп йил ишлагансан. "Дори" сотувчи, олувчиларни яхши биласан. Мўмайгина даромад бўлади. Фойдани тенг бўламиз, Фахриддин Қўлдошевнинг бу таклифи Тўлқин Исломовга ҳам маъқул тушди. Саттепо массиви хонадонларидан биридаги бу суҳбатдошларнинг иккаласи ҳам олий маълумотли, нафақага чиқишган. Яна ишлашлари, қўшимча даромад қилишлари учун имкониятлар кўплиги уларнинг хаёлига ҳам келмайди. Аксинча, Тўлқиннинг ичи қизиди.
- Мижоз-ку топилар, сенда борининг вазни қанча?
- 750 грамм атрофида. 10 йилдан буён сақлаб келаяпман. Шуни пулласак кунимизга ярайди.
- Яхшигина пул бўларкан. Менга қолдириб кетавер.
Ўртоғи уни қўллаганидан мамнун Фахриддин уйига қайтаркан, оғуфурушлик васвасаси туфайли қамалгани, эл-юрт олдида неча йиллаб ишлаб, орттирган обрўини йўқотганини унутди. У нафақага чиққач, ҳар йили хорижга ишга бориб қайтарди. Хаёлида эса енгил-елпи пул топишдан бошқа фикр "жонланмади". 2008 йил Россиядан уйига қайтаётганда тожикистонлик Майрам исмли аёл билан танишиб қолди. Бегоналар билан тез чиқишиб кетадиган аёл билан суҳбатлари қовушди.
- Очиғини айтай, яшаш учун меҳнат қилиш эмас, яхши пул топиш керак. Яхши топаман, омадим юришгандан юришаяпти. Гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланаман. Бир-икки сўм эмас, ҳар хорижга чиққанимда мўмайгина пул билан қайтаман. Хоҳласангиз, сиз ҳам шуғулланинг. Гиёҳвандлик моддаларини ўзим етказиб тураман.
Бу гаплар унутилаёзганди. ўша йили орадан тўрт-беш ой ўтиб Майрам қўнғироқ қилди.
Самарқандга ваъда қилинган "нарса" билан келгани, шунинг учун учрашишлари кераклигини айтди. Меҳмонни кутиб олган Фахриддин ундан 5.500 грамм героин гиёҳвандлик моддасини олиб, ўзини меҳмонхонага жойлаштирди.
- Россияга етказиб борсангиз, кутиб олувчилар сизни рози қилишади, - деди у.
Фахридин Қўлдошев ўз улуши ҳисобидан 750 грамм героин моддасини целлофан халтага ўраб, Бахшибойи маҳалласидаги ўзининг яшаш уйи ертўласига кўмиб, қолганини олиб Россияга жўнаб кетди. Аммо, уни чегара постида пайқаб қолган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари тўхтатишди. Ўзга юртга "ажал уруғи"ни олиб бораётган Ф.Қўлдошев жиноий қилмиши учун 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо муддатини ўтаб қайтгач, "қора куни"га асралган ўша целлафонда яшириб қўйгани ёдига тушди. Уни пуллаш учун ишончли воситачи кераклигини ҳам назардан қочирмади. Ўзини пайқаб қолишларини билади. Чунки, муқаддам жиноят кўчасига кирган одам қилмишини такрорлаши бор гап. Ўзи ички ишлар тизимида ишлаган. Жиноятчилар психологиясини билади. Бирдан ўртоғи Тўлқин ёдига тушди. У жиноят қидирув бўлимида ишлаган. Гиёҳванд кимсаларини билади. Демак, "харидор" топиш осонроқ. Ана шу хаёл билан ўртоғиникига отланди. Худди шу қилмиши учун жазолангани эса хаёлига ҳам келмади...
Орадан бир неча кун ўтиб, Тўлқин Исломовдан қўнғироқ бўлди. "Харидор топилди", деди. Иккаласи туманнинг Қаршилик қишлоғилик Бахтиёр Отамуродов орқали мижозларга оғу етказиб берадиган бўлишди.
- Ишончлиларига кўрсат. Фақат "хитланмасин". ўзинг ҳам "қуруқ"сиз қолмайсан, - далда беришди икковлон унга. Гиёҳвандда оқ кукунни бир ҳидлабоқ билди. Шу боис, бошланишига камроқ олиб, "дўст"ларига кўрсатмоқчи эди. У икки соатда 100 грамм "дори" нинг пулини келтириб беришини айтиб, қайтиб кетди. Бахтиёр истеъмол қилиш, яна тўрт-беш сўм пул ишлаб олмоқчи бўлди. Шу мақсадда қўшниси Шокирга мижоз топиши учун чўнтагидагини кўрсатди.
- Менда икки дона "чекиш" бор. "Клиент" топсанг, сенга ҳам камроқ бераман, - деб ўсмоқчилаб гап бошлади. Қўшниси "тушунган" йигит экан. Бир кун ўтмаёқ "харидор" билан келди. Дилшод исмли йигит ундан 0,4 грамм гиёҳвандлик воситасини сотиб олди. Дастлабки даромадидан мамнун Бахтиёр ўзи учун "чекиш" тайёрлаётган маҳал ИИБ вакиллари ҳозир бўлганини кўриб, қотиб қолди. Олиб борилган тезкор тадбир давомида Тўлқин Исломовнинг хонадонидан яна 750 грамм атрофида гиёҳвандлик моддаси топилди. "Қози отангни ўлдирса, дардингни кимга айтасан" дейишади. Тўғри Т.Исломов ва Ф.Қўлдошевлар нафақада. Фаолияти жиноятчилик билан курашиш бўлган инсонларнинг касбига садоқати қон-қонига сингмайдими?
Нафс бандалари бўлган уч "оғайни"нинг боши хам. Суд мажлисида уларга нисбатан ҳукм ўқилди. Фахриддин Қўлдошевга 14 йил, Тўлқин Исломовга 13 йил, Бахтиёр Отамуродовга 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Пастдарғомлик бу инсонларнинг оиласи, уч нафардан фарзандлари бор. Улар ўзларидаги гиёҳвандлик моддаларни сотиш эвазига қанчалаб оилаларга "ажал уруғи"ни сочишларини билишмасмиди? Ўз манфаати йўлида ўзгаларга ёмонлик раво кўрувчи бундай кимсаларга жазо муқаррар эканлигини ҳам билишарди.
Ички ишлар тизимида ишлаган кезлари неча бир жиноятчига улар жазо муқаррарлигини айтишгандир. Бир инсонни нотўғри йўлдан қайтариш ўрнига ўзлари бош бўлишиб жиноят қилишди. Ўқигану уқмаган, охир-оқибат пушаймондир. Аммо кеч… "Отам милицияда ишлаган" деб ғурурланиб юрган фарзандлари кўзига икки собиқ ходим қандай қарайди?

ОТАШ.
скачать dle 11.3
Калит сўз Жиноят ва жазо

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56