» » ТАҲРИРИЯТГА ҚЎНҒИРОҚ БЎЛДИ

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ТАҲРИРИЯТГА ҚЎНҒИРОҚ БЎЛДИ

Одамзотнинг табиати қизиқ. Билиб-билмай қилинган қилмиш пушаймонликка ҳам олиб боради. Виждони қийналганидан ўзи сабабчи бўлган нохушликларни бартараф этиш учун зимдан ҳаракат ҳам қилади. Бу эса кўп ҳолларда жабрланган тарафнинг рўй-рост айбловига сабаб бўлади. Баъзан таҳририятда ҳам шундай қўнғироқларга жавоб беришга тўғри келади. "Исмимни, манзилимни айтмасам ҳам майлими?" қабилидаги бундай қўнғироқлар юзасидан тегишли хулоса чиқаришни ҳар кимнинг ўзига ҳавола қилган ҳолда турмуш икир-чикирларига оид муаммолари юзасидан маслаҳат сўраганларнинг гапларини навбатчиликдаги Гулпошша Эшқобилова ёзиб олди.
Уйланганимга ҳали бир йил ҳам тўлмади. Ўгай онамнинг ҳийла-найранглари таъсирида отам мен билан чиқишмай қолди. Жанжал бизни уйдан ҳайдаш билан якун топди. Хотиним ва икки синглим билан кимникига ҳам сиғардим. Ҳозирча қариндошлар паноҳидамиз. "Пичоқ суякка бориб тақалди", мен маслаҳатга муҳтожман.
Ф.Б.
***
Пул керак бўлиб қолганда "судхўр"лардан 20 фоизлик қарз олгандим. Ундан қутиламан деб, қанча ҳаракат қилмайин тобора қарздорлик ботқоғига ботиб кетаяпман. Нима қилишни билмай, бошим қотган.
С.М.
***
Виждоним қийналаяпти, ёрдам берингизлар. Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, сархуш ҳолда акамга қўл кўтарганман. Оқибатда 5 ойдан буён акам мен билан гаплашмаяпти. Кечирим сўраб, тавба қилишларим фойда бермаяпти.
М.Б.
***

Турмуш ўртоғим инфаркка йўлиқди. Сабабчи - ўзим. Оиламизда топган-тутган пулларимиз рафиқамнинг ишончли қўлида эди. Бир куни узоқроқ қариндошимникига меҳмонга кетди. Қайтганида хурсанд бўлар, деб ҳовлимиз тўрида неча йиллардан буён уюлиб ётган ёғоч қипиқларининг устига бензин қўйиб, ёқиб юбордим. Ҳовлини саранжом-саришта қилиб қўйдик. Меҳмондан қайтган хонадонимиз соҳибаси озодаликни кўриб ранги ўчиб кетди. Бироз бошини чангаллаб тургач, ҳушидан кетди. Шифокорлар бор бўлсин. Зудлик билан кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли ҳаёти сақлаб қолинди. Энди билсак, бироз зиқнароқ хотиним ҳисобимиздаги пулларни долларга айлантириб қипиқ тагига кўмган ёғоч сандиқчада сақлар экан.
Х.А.
***
Бир йигитга кўнгил қўйганман. Аммо, ота-онамнинг гапини икки қилолмай, холамнинг ўғлига турмушга чиқишга рози бўлдим. Яқинда фотиҳа тўйимизни ўтказишди. Бироқ, севганим билан алоқани узганим йўқ. Қалбимга қулоқ солиб, у билан узоқ-узоқларга кетгим келаяпти. Сизлар нима дейсизлар? Яқинларимга очиғини айтиб, ўша йигит билан бирга бўлайми ёки уни унутишга ҳаракат қилайми?
Ф.О.
***
Қайнонам билан арзимаган гап устида тортишиб қолдик. Бир-икки кун аразлаб гапирмай қўйдим. Ўғлига чақади, деб ўйлагандим. Қайнонам ундай қилмади. Эрим ишдан келгач онасини "қилмиш"лари ҳақида гапиргандим, у мени роса сўкди ва жаҳл устида юзимга тарсаки туширди. Шу заҳоти, олти ойлик қизчамни кўтариб, отамникига келдим. 9 ой бўлди. Орада яхши-ёмон гаплар ўтиб, турмуш ўртоғимнинг мендан анча кўнгли қолди. Бугун бу гина қудратларни унутиб, оиламга қайтмоқчиман. Эрим мени қандай қабул қилар экан, деган ўйдаман.
Б.Х.
скачать dle 11.3

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56