» » ҚИМОР ЎЙИНИ ОХИРИГА ЕТМАДИ

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ҚИМОР ЎЙИНИ ОХИРИГА ЕТМАДИ

Дўстлик маҳалласидаги хонадонлардан бирида қимор ўйини тонготарга қадар давом этаётгани ҳақидаги хабар олинди. Бу ишга алоқадор шахслар бир неча бор ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари учун огоҳлантирилганди. Тунги 23:30 ларда назорат тартибида ўрганилганда, А.Х.нинг хонадонида яна беш нафар киши қимор ўйини билан машғул эканлиги аниқланди. Ўйинга тикилган ўртадаги 562 минг сўм пул, ўйин карталари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилди. Уй эгасига нисбатан, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинди.
***
Қишлоқда бир гуруҳ ёшлар кириб чиқишаётган ҳовли эътиборни тортди.
- Бирор маърака бўлган, шекилли.
Бу гапга ҳовлидан чиқаётган бир киши изоҳ берди:
- "Бинго" ўйини ташкил этилган. Ким ютади, ким ютқазади? Бекорчининг бари таваккалига борини тикади-да.
Уску маҳалласида яшаётган Ш.Книнг хонадони ўрганилганда, ўндан ортиқ фуқаро таваккалчиликка асосланган ўйинни "қизитишяпти". Ўйинга тикилган 132 минг тўққиз юз сўм пул, жетонлар, 90 дона ўйин тоши ва доскаси далилий ашё сифатида расмийлаштирилди. Ушбу жиноий ҳаракати туфайли хонадон соҳиби энди жавоб бермоқда.
Ж.ЮСУПОВ,
туман ИИБ терговчиси.

ҚАЙНОПАСИГА ЖАРОҲАТ
ЕТКАЗИБДИ
Эрталаб отасининг уйига борган С.Қ. укасининг хотини билан тузукроқ сўрашиб ҳам улгуролмади. Бу уйда ўзини "хўжайин" деб билган келин Н.Б қайнопасини "адаби"ни бериб қўйди. Бош соҳасига етказилган жароҳат туфайли С.Қ Тинчлик маҳалласида яшаётган келини устидан ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилди.

"БЕГОНА" НИ ЎҚТИРМАЙДИГАНЛАР
А.Х иш юзасидан Қатортерак маҳалласига борганига энди пушаймон. У маҳаллада истиқомат қиладиган танишига учрашиб, кўчага чиққанида 3 нафар йигит йўлини тўсди. Ҳеч гапдан хабари йўқ А.Х нинг дуч келган жойига ҳар тарафдан мушт ва тепки тушди. Оқибатда бир муддат касалхонага даволанишига тўғри келди. Аниқланишича, кўчаларида "бегона"лар юришини жини суймайдиганлар қатортераклик "зўравонлар" экан.
И.ҚЎЗИЕВ,
туман ИИБ суриштирувчиси.

МАШИНАНИ ОЛИБ ҚОЧДИ
Фуқаро М.Р Қатортерак маҳалласида жойлашган омухта ем шохобчаси ёнида нарх-навони сўраш учун машинасини тўхтатиб тушади. Ортига ўгирилса, эшиги очиқ қолган машинани бир йигит ғизиллатганича ҳайдаб кетади. "Бузоқнинг югургани сомонхонагача" деганларидек, маст ҳолатда бировнинг машинасини олиб қочган қатортераклик М.С уловни йўл четидаги симёғочга уриб, тўхтади.

"ОВИ" ЮРИШМАДИ
Ургутлик Т.Х аёл боши билан бир неча бор жиноятга қўл урган. Қилмишидан тегишли хулоса чиқармаган Т.Х бу сафар "Паст Дарғом деҳқон бозори" да "ов" қилмоқчи бўлди. У одамлар гавжум жойда савдо қилаётган бир аёлнинг сумкасидан шахсий ҳужжатлари, тилла тақинчоқлари, пластик карточкаси ва бошқа керакли буюмлари жойланган ҳамённи олишга ҳам улгурди. Лекин пластик карточкадаги пулларни ишлатганлиги туфайли "ов"и бароридан келмай қолганини кейин англади.
У.ЖЎРАЕВ,
туман ИИБ терговчиси.

ФИРИБГАР
Асли нурободлик З.Н Баҳор маҳалласида бир мудлат яшаган. У 2012- 2016 йилларда жиноий қилмишлари учун 7 марта судланган. Ўз қилмишларидан хулоса чиқармаган бу инсон фирибгарликни "касб" қилиб олгани аён бўлди. У шу йил январь ойи бошларида тумандаги Наврўз маҳалласида истиқомат қилаётган 3 нафар фуқарони "Темирйўллар" АЖ га ишга жойлаштириш шарти билан бир миллион сўмдан пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, эҳтиёжига ишлатиб юборган.

ЭЛЕКТР МОНТЁРИ СОДДАЛАРНИ
АЛДАЙДИ
Гумбаз қишлоғилик Феруз Алимовни Паст Дарғом тумани электр таъминоти корхонасидагилардан ташқари, алданганлар ҳам яхши танишади. Ферузбек муқаддам ҳам фирибгарлик жинояти билан судланган. Шунга қарамай, 2016-2017 йиллар давомида хизмат мавқейидан фойдаланиб, ўзига биркитилган Эски Жума маҳалласида фирибгарлиги билан "машҳур" бўлган. У дастлаб, (балки даъво қилинмагани қанчадир) электрдан қарздорлигини йўқотиш, янги ҳисоблагич ўрнатишни ваъда бериб, С.О дан 800,000 сўм олган. Р.И ва А.Н ларга ҳам юқоридаги важларни рўкач қилиб, 450-460 сўм пулларни ўзлаштириб юборган. Яна бир фуқаро О.Т дан янги ҳисоблагич ўрнатиб беришни ваъда қилиб, 150,000 сўм пулини олган. Соддаларни алдайдиган электр монтёрининг фирибгарлиги фош бўлди.
Акбар БОБОБЕКОВ,
туман ИИБ тергов бўлими катта терговчиси.

скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56