» » ОРЗУЛАР ПОЙДЕВОРИ

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ОРЗУЛАР ПОЙДЕВОРИ


Ҳар дақиқаси ғанимат саналган экин-тикин мавсуми. Томорқа, далаларда иш "қайнаяпти". Эртанги ризқ-рўзидан умидвор киши кетмон чопиб, фаровон турмуш, тўкин дастурхон учун замин ҳозирламоқда. Мавсум тиғиз. Ниҳол қадаш, уруғ сепиш ишлари узоғи билан ўттиз кун. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ишлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда таъкидлаганидек, "…Агар ҳозир экмасак, кейин кеч бўлади".
983 та хонадондан иборат «Илм» қишлоғининг томорқалари 202 гектар экан. Келтирилган бу рақам қишлоқ хўжалик экинлари етиштириш эвазига ҳудуд аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, эҳтиёждан ортиғини бозорга чиқариб сотиш, даромад олиш учун катта имконият. "Чўп суқсанг, кўкарадиган еримиз бор, меҳнатсевар халқимиз бор. Лекин томорқа ерларидан-шундай катта резервдан фойдаланмаяпмиз...". Юртимиз раҳбарининг бу гапларида жон бор. Маҳаллага ёндош кўчадан мактаб томон борарканмиз, ўнгу-сўл тарафдаги (ҳовлилар девор билан ўралмаган) томорқаларга қараб фарқсиз ўтолмадик. 15-20 сотихча чиқадиган бир нечта томорқа "эгасиз"дек, ўт босган. Кўринишдан бу ҳовлиларга яқин орада инсон қадами етмагандек. Хонадон олдида бир-икки туп дарахт бор халос. Умидли инсон эртаси учун бугун ҳаракат қилади. Фарзандлари, набиралари тотиниши учун дарахт экади, экин қилади. Бўм-бўш томорқаларга маъноли қарашимизни англаган ҳамроҳимиз изоҳ берди.
- Мана шу хонадон эгаларига томорқа бўш қолмаслиги, экин қилиш хусусида кўп бора, айтилган. Лекин натижа йўқ. Икки уйнинг ҳам эркаклари Россияга ишлаш учун кетишган.

"Пултопар" бўлиб хорижда ишлаб юрганлар томорқасидан шу пулни топиши мумкин эмасми? Саволга жавобни қишлоқнинг бошқа томорқаларидан излаймиз.
40-50 тупдан ортиқ мевали дарахтлар қийғос гуллаган ҳовли беихтиёр йўловчилар эътиборини тортади. Маҳалла котиби билан ана шу хонадонга кирдик. Уй олдидаги турфа гуллар боққа, ён тарафдан картошка, сабзи экилган томорқага, кўзни қувнатиб ўсаётган саримсоқпиёзларга уланиб кетган.
- Ҳовлингиз каттагина экан, - дедик хонадон бекаси Мавжуда Давировага салом-аликдан сўнг.


- Икки рўзғормиз. Тўр тараф ўғлимнинг томорқаси. Келиним билан қўшни бўл¬ганлигим боис, девор тортилмаган, - деди у киши. Сўнг томорқадаги экин-тикинларга эътибор қаратаётганимизни кўриб, уста деҳқондай тушунтира кетди. - Хўжайиним фермер хўжалигида ишлайди. Ўғлим хорижга ишлашга кетган. Ерни ҳоритган, хор бўлади, дейишади. Шунинг учун бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмаймиз. Ҳар йили икки марта ҳосил олаяпмиз. Хуллас, томорқани келин иккаламиз эплаймиз. Боғнинг меваси қишу ёз икки рўзғорга етиб ортади. Ернинг қолган қисмига картошка, сабзи экилган. "Қўш¬ни" томорқага куз фасли 100 кило саримсоқпиёз экилди. Ўртача 1 тонна атрофида ҳо¬сил оламиз. Такрорий экилган картошка ҳосилдорлиги ҳам 1,5 тоннадан кам бўлмайди.
"Қўлдан берганга қуш тўймас", деган мақол бекорга айтилмаган. Ота-бола "кўча"дан рўз¬ғорга нимадир топиб келса, келин билан бизнинг ҳам рўзғорга нафимиз уларникидан кам эмас. Шунинг ҳисобига ўғлимнинг уйи тикланди, ҳовлимиз тўла мол, бировдан кам эмасмиз.

Қишлоқда кўплаб хонадонларнинг ҳовлисида ана шундай манзара. Айни баҳор кезлари ўтган йил кузда экилган экинлар даромад манбаига айланган. Томорқанинг хазина эканини англаганлар иссиқхоналар қуришган. У ерда етиштирилаётган помидор, бодринг, булғор қалампири, турли кўкатлар шу кеча-кундузда эл дастурхонига тортиқ қилинмоқда. Муҳими, болаларни меҳнатга ўргатиш ҳам оиладан бошланаяпти. Ўтган йили маҳаллада 20 та оила кам таъминланганлар рўйхатига киритилган. Яратилаётган имкониятлар - кредит олиш, ердан самарали фойдаланиш эвазига 14 та оила бу рўйхатдан чиқарилган. Иш излаб чет элга кетган, яқинларидан узоқда бўлганларнинг томорқалари қуриб-қақшаб ётиши боқибеғамлик, лоқайдликдан бошқа нарса эмас бизнингча. Қолаверса, томорқасидан самарасиз фойдаланаётганларга ер солиғи 3 карра миқдорда ундирилиши қонун доирасида белгиланганлигини балки ўша боқибеғамлар билишмас. Чунки, ҳудуддаги саноқлигина томорқаси хароб ҳолга келиб қолган бундай фуқароларга нисбатан кескин чоралар кўришда андиша қилинаётгани бор гап.
Қаровсиз ҳовлилардан сал наридаги 99-мактабнинг ободончилик, кўркамлаштириш ишлари ҳам мақтагулик эмас. Таълим даргоҳининг ер участкаси инсон меҳнатига "илҳақ"лиги кўриниб турибди. Директор кабинетида бир дона ҳам хона гуллари йўқлиги ҳам ташқаридаги аҳволга монанд. Кўпчилик бундай аҳволга дарров баҳона "қалаштиради". "Сув йўқ, ер текис эмас" ва бошқа важларни келтиради. Бу ҳақда сўрамадик. Лекин жавоб юқоридагидек бўлишини ҳис қилдик. 550 ўқув¬чи икки босқичда билим олаётган мактабга ёнма-ён қурилиши тугалланмаган объект дарров киши эътиборини тортади. Қачонлардир мактаб учун қурилиши бошланган бу объект "туя гўшти егани" кўпчиликка маълум. Ўқитувчиларнинг айтишига қараганда, бу қурилиш улар эндигина мактабга борганда бошланган. 1-синф ўқувчилари улғайиб, тегишли даргоҳларда билим олиб, шу ерда иш бошлаганлари ҳисобга олинганда қарийб 40 йил бурун пойдевор қўйилган, дейиш мумкин. Афсуски, ўтган йиллар давомида бу чала қурилиш битказилишига ҳеч ким эътибор бермаган. Бу борада тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш мактаб директорининг айтишича, "фойдасиз". Албатта, бу жавобдан биз қониқмадик. Умид қиламизки, халқ таълими бўлими мутасаддилари 40 йиллик муаммога қачон ечим бўлишини газетхонлага ҳам билдиришади.
23-қишлоқ оилавий поликлиникасида ҳудуд аҳолисига тиббий ёрдам кўрсатилади. Наргиза Аллёрова раҳбарлик қилаётган ҚОПнинг "Тез тиббий ёрдам" хизматидан аҳоли мамнун. 2 та "Тез тиббий ёрдам" машинасида чақириқларга ўз вақтида етиб бориб, малакали хизмат кўрсатилмоқда. 5 нафар патронаж ҳамшира 5 минг аҳоли саломатлигини доимий назорат қилиб боришаркан. 450 нафар сурункали касалликка чалинган фуқаролар доимий назоратга олинган. Улардан 125 нафари болалар. Йилнинг ўтган даврида 2 нафар бола ўлими қайд этилганини ҳисобга олсак, юқоридаги мақтов гаплар "соя"да қолиб кетади. Муассаса атрофини кўздан кечириб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Яроқсиз шприц, муолажада ишлатилган пахталар эмлаш хонаси ортига ташлаб юборилган. Бунинг салбий оқибатларини шифокорлар "билмаган" десак хато қиламиз. Муассасанинг ер участкасида ободонлаштириш ишлари номигагина қилинган. Зеро, томорқа - ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Бу ҳақиқатни тушуниб етган кишилар 23 март - "Томорқага экин экиш" ойлиги эълон қилинган кунга қадар томорқасини гулдай қилиб қўйган. Илм қишлоғининг марказидамиз. Ҳудудда кўп йиллардан буён қаровсиз аҳволга тушиб қолган болалар боғчасини қайта таъмирлаш ишларига ҳам киришилган экан. Маҳалла биносидан узоқ бўлмаган масофада жойлашган боғча қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.
- 120 ўринли мазкур муассасанинг қурилиш лойиҳа қиймати 1 миллиард 450 миллион сўм ҳисобланган, - дейди УЯ 64/79 жазони ижро этиш манзили қошидаги "Гўзалкент Достони" унитар корхонаси иш бошқарувчиси Тўлқин Раҳимов. - Вилоят ИИБ ҳомийлигида февраль ойидан бошланган бу қурилишга қишлоқ аҳли ҳам бош қўшган. 35 кишидан иборат бригадамиз қурилиш - монтаж ишларини олиб боришмоқда. Туман ИИБ нинг қуриқлаш бўлими ходимлари, маҳалланинг қурувчи йигитлари катта ҳашарда яқиндан ёрдам бераяпти.
- Ҳашарда иштирок этаётган 80-100 нафар кишининг овқатланишини аҳоли навбат билан зиммасига олаяпти. Кунига 700-800 минг сўмлик озиқ-овқат тайёрлаб қурувчиларга кайфият бағишлаётган одамларимиз бор бўлсин, - деди маҳалла раиси ўолиб Рў¬зиев. Шундай саховатпешалардан бири Шовқиддин Аллаёров оиласи экан.
- Ҳудудимиздаги 67 та фермер хўжаликлари раислари муассаса реконструкцияси учун имкониятлари даражасида кўмак беришаяпти. Замонавий боғча ишга туширилгач фарзандларимиз шу даргоҳда тарбияланади. Яна қанчалаб хотин-қизлар муқим иш ўринларига эга бўлишади. Ўзим ҳам боғчада ишлашни ният қилганман. Оиламиз билан келишиб, қурилиш ишлари тез ва сифатли поёнига етказилишига ҳиссамизни қўшишга қарор қилдик. Уйда паррандачилик билан шуғулланамиз. 750 бош товуқдан ҳар куни 600 донадан ортиқ тухум олинади. Маҳсулот ҳисобига келаётган даромадимизнинг уч ойлигини муассаса бир корпусини тўлиқ таъмирлаш харажатларга сарфладик, - деди хонадон бекаси Ойгул Раҳмонова.
Бинонинг ичкари-ю, ташқарисида иш қизғин. Қурувчилар ҳовли атрофи ўралган деворни сувоқдан чиқаришмоқда. Усталар пол, потолок, бинонинг том қисмини замонавий услубда ёпиш билан банд. Дастлаб тўлиқ таъмирдан чиққан хоналарда иситиш тизими, электр-монтаж ишлари ҳам поёнига етаётир. Ҳомийлар ва қишлоқ аҳли ҳамжиҳатлиги туфайли бунёд этилаётган объект яна саноқли кунларда фойдаланишга топширилиши шубҳасиз.
Қишлоқ кўчаларини оралаб ортга қайтамиз. Катта йўлнинг чап томонида ястаниб ётган ғалла майсалари баҳор эпкинида чайқалади. Сал наридаги очиқ далаларда техникаларнинг қудратли овози қулоққа чалинади. Деҳқонлар ғанимат кунларда ерга чигит қадаш билан банд. Ўзбекона таомил бўйича уларга "ҳорманг, бор бўлинг" қилдик. "Маъруф, Маъмур пахта даласи" фермер хўжалиги аъзолари қўли-қўлига тегмай ишлашаётган экан.
- 20 гектар ерда деҳқончилик қиламиз, - деди хўжалик раиси Толиб Қодиров. - Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 март куни видеоселектор йиғилишидаги "Чигит экишга маблағ етмаяпти, ёқилғи йўқ", деган баҳонага ўрин қолмади, ажратилаётган маблағлар барча тадбирлар учун етади", - деган сўзлари амалда ўз исботини топмоқда. Мақсадимиз, мавжуд 8 гектар майдонда ғўза парваришлаб, камида 50 центнердан ҳосил олиш. Негаки, пахта-ғалланинг харид нархи ошди, фойда олиш имкониятимиз кенгайди. Кўпроқ даромад олиш эвазига хўжалик тармоғини яна ҳам кенгайтирамиз. Ҳозир пахта, ғалладан ташқари, 10 сотих ҳавзада балиқ урчитилаяпти, 150 дан ортиқ товуқ парваришланаяпти, яқинда асаларичилик ҳам йўлга қўйилади. Жамоамиз аъзолари 7 нафар. Техникамиз бор. 12 гектар ғалла майдони 7 марта суғорилди. Зиёдулла, Илҳом Алматовлар, Эшдавлат, Нормамат Имомовлар хўжаликда ишлаб, рўзғори тўкин бўлаётгани боис, ер унумдорлиги ошишига мўл ҳосил яратишга доимий эътибор қаратишади.
Хуллас, қишлоқда имконият катта. Гап деҳқон-хўжалиги, шахсий томорқа эгаларининг ердан унумли фойдаланишида, даромад орттириб, бири-икки бўлишида. Буни илмликлар ғайрат - шижоатида, кўкламнинг ҳар кунини қадрлаб, меҳнат қилаётганида кўрдик. Кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмай экин экиш, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, турмуш фаровонлигини таъминлашга интилаётган қишлоқ аҳлининг орзуларига мустаҳкам пойдевор айни шу кунларда қўйилмоқда.

Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.
Қиёмжон ЗИЁТОВ
(фото).


скачать dle 11.3
Калит сўз Илм

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56