» » ОПА-СИНГИЛ ҚУДАЧИЛИГИ… бир ойга ҳам етмади

ЯНГИЛИКЛАР / ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ОПА-СИНГИЛ ҚУДАЧИЛИГИ… бир ойга ҳам етмади

- Жиянинг Зуҳриддинни уйлантиришим керак,- дея гап бошлади Муаттар синглиси Дилдора билан гурунг чоғида.
- Опа, ахир жиянимнинг уйланганига эндигина тўрт ой бўлди-ку. Балки янги келин оилангизга кўника олмаётгандир. Бир ой ўтмасдан, уйингиздан бадарға қилдингиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Хоҳласангиз, хўжайиним билан бориб, ёшларни бир муросага келтириб қайтардик. Ҳарқалай, бировнинг жондан азиз фарзанди. Озгина сабр қилсангиз бўларди.
- Етар, насиҳатгўйликни бас қил. Менмас, хотинини ўғлим ҳайдаб юборди. Энди чиқишиб кета олмайди.
Опасининг бу кескин жавобидан сўнг, Дилдора бироз ўйланиб қолди. Бу орада Муаттар келинини роса "қоралади".
- Келин мен учун гўёки бир супурги. Қаерга қўйсам, ўша ерда туриши керак. Ўғлим масаласига келсак, у эркак киши. Билган ишини қилишга ҳаққи бор.
Зуҳриддин Самарқанд тиббиёт институтини тугатган, марказий шифохонада врач бўлиб ишлайди. Жамоасида ҳам, қишлоқда ҳам унинг хулқ-атвори ҳақида билганлар, таниганлар ижобий баҳо беришмайди. Шаҳвоний ҳисларга ўта даражада берилувчан, хотин-қизларга нисбатан ахлоқсиз муносабатларини била туриб, ўринли насиҳат беришни истамаган она фақат келинни қоралашдан нарига ўтмайди. Бор бисотидаги ҳақорат, ўринсиз гап-сўзларни келинга "ҳадя" этишда давом этаверади. Буни кўрган ўғил ҳам "осмон" баравар ўсаверди. Хатоларини ўйлаб ҳам кўрмайди. Йиғлаб-сиқтаб норозилигини билдирган янги келинчак бу остонадан қувилганига тўрт ойдан ошди. На булар борди келиннинг ортидан, на улар…
- Сен "ўзимники"сан,- муддаога кўчди опа. - Кичик қизингни менга келинликка берасан.
- Ахир…
- Биламан, опа-сингил, жигармиз. Буёғидан ўйланма,- Дилдоранинг гапини кесди Муаттар. - Мен борман, иккиси бахтли бўлади. Қудаларимга бир кўрсатиб қўяй, кимлигимни… Бир ку¬йишсин. Бунинг устига, қизинг ўқиган, олий маълумотли. Роса уларга алам қилса керак…
Хуллас, сингилнинг хонадонидагиларни кўндиргунча, остонасидан опанинг оёғи узилмади. Орага қариндош-уруғлар, ошна-оғайнилар тушди. Ниҳоят, тўй ҳам бўлиб ўтди.
Дилбар ҳам аслида Зуҳриддиннинг ахлоқсиз, манман, билган ишини қиладиган ўжар эканини, шу боис, кўп панд еяётганини билса-да, холаси ва ота-онасининг раъйига қарши боролмади. "Ҳарҳолда, жигармиз-ку,- ўйлади у. - мени ўз ишонганларим хўрлаб қўймас".
Орадан бир ҳафта ўтди. Аммо ўз холаси хонадонига келин бўлиб тушган Дилбарнинг кўз ўнгида у истаган, ўйлаган дунё эмас, балки хўрликка, азобга тўла олам жонлана бошлади. Эри қилиқлари, хўрлашлари, хола-қайнона, қайинсинглиси эса тайзиқлари билан уни ҳаётга, одамларга меҳрини сўндира бошлади.
- Қаердасан, - бақира бошлади қайнона тонг саҳардан. - Уйдан чиқиб, экин-тикинни чопиқ қил.
- Хўп, аммо ҳозир озроқ мазам йўқ. Эртага албатта, ҳамма ишни бажараман, - дея жавоб қайтарган келиннинг гапи қайнона билан қайинсингилга оғир ботди.
Келиннинг охирги гапи шу бўлди. Она ва сингил ишдан кечроқ қайтган Зуҳриддиннинг қулоғига янги келиннинг бетгачопарлиги, "ишёқмаслиги" ҳақида обдон қуйишди. Бу гал ҳам келин шу тариқа ота ҳовлисига ҳайдаб солинди. Ҳали чилласи чиқмай, кўзёш билан уйига қайтган қизнинг аҳволини билган ота-онанинг бўлари бўлди. Шунга қарамай, кутишди. "Ҳали ярашиб кетади", деган умид отага озгина далда бўлди. Орадан икки-уч ой ўтди. Куёв томондан ҳеч ким келинни сўраб ҳам келмади. Чидай олмаган ота бошини эгиб, куёвникига борди. Яна орага қариндош-уруғлар тушишди. " Менга бу келин керак эмас". Никоҳдан ўтказмасдан икки келинни ҳайдаб улгурган Муаттар яна келин излаётгани ҳақида гап-сўз тарқалди. Аммо қайси хонадонга у бош уриб борса, рад жавобини эшитиб ҳам, ақли кирмади. Шу билан жигарчилик, қариндошчилик ришталари ҳам ўз ниҳоясини топди. Икки томонда тинимсиз суришув, айбловлар натижасида меҳр-оқибат тушунчалари ҳам улар учун бегонага айланди. Жанжаллар келин-куёвнинг ажралиши билан якун топди.
Бу воқеадан огоҳ бўлган киши ўйлаб қолади. Келин олиш "пайпоқ алмаштириш" эмас-ку! Қолаверса, қавм-қариндошлар ўртасидаги никоҳ баъзида бу муқаддас риштанинг бузилишига сабаб бўлиши билан бирга, тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам тўғри келмаслиги бот-бот такрорланаяпти. Бунинг устига, опасининг биринчи келинини не сабабдан ҳайдаб солгани билан сингил, орага тушган қариндошлар қизиқишмади.
Ота-она аввало, фарзанд камоли, бахтини кўриш илинжида яшайди, меҳнат қилади. Бир умр йиғинади, топганини тўйга атайди. Аммо юқоридаги кўнгилсиз воқеалар бир умрлик меҳнатни кўкка совурмаяптими? Баъзида бу каби салбий ҳолатлар юз беришига биз катталар - ота-оналар бош сабабчи бўлиб қолмаяпмизми? Балки чиндан ҳам Муаттар ўғли учун учинчи келинни олиш пайига тушгандир. Ўзига хос маънавият эгаси, саломатлик "элчиси" бўлган Зуҳриддинни наҳотки, ширин-ширин фарзандларни тинч-тотув оилада вояга етказиш, уларнинг ёруғ келажагини кўриш бахти қизиқтирмайди? Ёхуд халқимизда " Илк бахтинг- ой бахтинг, кейингиси - сув бахтинг…" деган нақли бекорга айтилмаганмикан? " Қудачилик - минг йилчилик", дейишади. Тафсилотлардан огоҳ бўлганингиздек, опа-сингил қудачилиги бир ойга ҳам етмади. Ўртада икки келинчак бахти ғунчалаб улгурмай, хазон бўлди. Бунга ким айбдор?
АРМОНА.


скачать dle 11.3
Калит сўз АРМОНА

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56