» » КЕТМОН ЧОПГАН ҳоримайди, нолимайди

ЯНГИЛИКЛАР / ИҚТИСОДИЙ

КЕТМОН ЧОПГАН ҳоримайди, нолимайди

Президентимизнинг 2017 йил 10 октябрдаги "Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори аҳоли даромадини кўпайтириш, томорқадан унумли фойдаланишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
- 12 сотих томорқамдан ҳар йили икки марта мўл ҳосил оламан, - дейди Эски жумалик Дилшод Мусурмонов. - Кузда саримсоқпиёз экканмиз. Яна 1-2 ой ичида ҳосил йиғиб олиниб, ўрнига кечки картошка экилади. Саримсоқпиёздан 9-10 миллион сўм, иккинчи ҳосилдан ҳам шунга яқин даромад кутилаяпти. 15 бош қорамол боқяпмиз. Хуллас, меҳнатимиз ортидан йилига оила бюджетига 65-70 миллион сўм даромад киритилади. Шуларнинг эвазига тўй қилиб, машина олдик, уй таъмирладик. Келгусида чорва фермер хўжалигини ташкил этиш ниятидаман.
- Томорқамда бир қарич ҳам бўш ер йўқ. Асосан, боғдорчиликка меҳрим баланд. 400 туп "Наполеон" гилос туридан катта боғ яратганман. Қарийб 30 йилдан буён кўчат пайванд қилиш билан шуғулланаман. Бу йил пайвандланган 2 минг тупга яқин гилос кўчати сотдим, - дейди маҳалланинг 78 ёшли отахони Тоғаймурод Мирзаев.
- Давлат ташкилотларида турли лавозимларда ишлаб, нафақага чиқдим, - дейди маҳалла фаоли Норбой Примов. - Томорқа - хазина эканлигини фарзандлар, набираларга ҳам ўргатаяпман. Кетмон чопган, жисмоний меҳнат қилган одамнинг руҳи тетик бўларкан. Март ойининг бошида 2,5 сотих ерга иссиқхона қурганман.
Унга 500 туп помидор кўчати, 700 дона бодринг уруғи экдим. Айни кунларда помидорлар гулга кирган, бодринг ниҳоллари палак ёзмоқда. Ўртача 5 миллон сўм эвазига бунёд бўлган иссиқхона юмушларида келиним Маҳлиё Ражабова менга яқин ёрдамчи. Меҳнатимиз самараси май ойида тайёр бўладиган ҳосилдан кўринади. Кўзланган натижага эга бўлсак, кредит олиб, яна иссиқхона қурмоқчимиз.
Ишнинг "кўзи"ни билган томорқа эгасининг бир йиллик даромадини хомчўт қиламиз. 500 туп помидорнинг ҳар тупидан 3 килограмдан ҳосилни ўртача 5 минг сўмдан ҳисобланса, 7, 5 миллион сўмни ташкил этади. 700 туп бодрингдан 3 тонна ҳосилни 3,5 минг сўмдан ҳисобласак, 10,5 миллион сўм бўлади. 2,5 сотих ернинг биринчи ҳосилидан 18 миллион сўм даромад чўтлаб турган отахондан ўрнак олсак арзийди. Бундан ташқари, Норбой ака иссиқхонага иккинчи экин сифатида исмалоқ ва турли кўкатлар экиб, қишда халқимиз дастурхонига дармондори маҳсулотлар тортиқ қилмоқчи.
- Кўп вақтимни томорқа ишларига ажратаман. 10 йилдан буён 2 сотих иссиқхонада помидор, бодринг етиштираман. Қўлай томони, иссиқхонада одамлар эҳтиёжига қараб ҳосил етиштириш имкони бор. Ўтган йили ҳосилни декабрь ойи охири бозорга олиб чиқдик. Бодрингнинг килосини 18-20, помидорни эса 13-14 сўмдан сотдик. Қишнинг изғиринли кунларида иссиқхона учун махсус қурилган қозонхонага кўмир ёқиб, экинларни совуқдан асраб чиққанимиз қўл келди. Албатта, даромад шунга яраша бўлди. Орзулар ушалиши йўлидаги заҳматнинг роҳатини ҳам кўраяпмиз, - дейди Аҳад Тўраев.
- Томорқадан унумли фойдаланиш, оила фаровонлигини таъминлаш билан бирга, ички бозор тўкинлигига ҳисса қўшаётган тажрибали деҳқонлар кўпчиликни ташкил этади, - дейди маҳалланинг диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилфуза Жуманова. - Шунинг учун бўлса керак, одамларимиз ўзига тўқ, саховатли. Фаоллар ташкилотчилигида аҳоли бирлашиб, 10 миллион сўм маблағ ҳисобига 2 та кўприк қурилди. Таъмирталаб ички кўчаларимизнинг 1200 метрига тош тў¬шалди. Маҳалланинг "Чиноқ" қабристони ободонлаштирилди. Электр корхонасидан ҳудудимизгача бўлган 5 километр масофага алоҳида сим тортиб келиб, электр энергиясидаги муаммоларни бутунлай бартараф этдик. Наврўз кунлари жисмоний имконияти чекланган кишилар оиласига совғалар ташкил этилди.
Томорқалардаги меҳнат эвазига дастурхони тўкин хонадон эгалари кўп ҳам маҳсулотини пулга чақавермайди. "Борига барака" дейишади. Касб қизиқувчанлиги-да. Бир сотих ҳам чиқмайдиган ерда 2 минг туп гилос кўчати парваришлаб, бозорга чиқарган 80 ёшни қоралаётган яна бир отахонга ҳавасимиз келди. Чунки, айни шу кунларда сара гилос кўчатининг бир донаси бозорда 10-15 минг сўмдан кам эмас. Рақамлардан даромадни ҳисоблайверинг. Буларнинг барини кўриб, гувоҳ бўлиб, кетмон чопган ҳоримаслигига, нолимаслигига яна бир бор амин бўлдик.
Гулпошша
ЭШҚОБИЛОВА.
скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56