Бош Сахифа » Янгиликлар » ҚАТОРТЕРАКЛИК ҚАРОҚЧИЛАР

 
 
 

ҚАТОРТЕРАКЛИК ҚАРОҚЧИЛАР

Муаллиф: 013101 дан 25-02-2017, 09:28, курилди: 207

0
ҚАТОРТЕРАКЛИК ҚАРОҚЧИЛАР
Ярим тун. Қизалоқ уйга кимдир кирганини илғаб ўрнидан қўзғалди. "Онам келдимикин?", дея укаларини устига кўрпани тортди-да ётоқхонага кўз югуртирди. Юзига ниқоб тортган, қора кийимли икки киши. Бирининг қўлида калтак, иккинчисида пичоқни кўриб юраги ёрилаёзди. Бундай ҳолатни у фақат киноларда кўрган. Аввалига туш кўраяпман, тушимда қўрқаяпман, деган хаёлга борди. Икки шарпадан бирининг овози қизчанинг ҳушини жо-йига келтирди.
- Сейфнинг калити қаерда?
- Калитни билмаймиз, уни ҳар доим онам ўзи билан олиб юради,- деб жавоб қайтараркан, уйғониб қолган бири 9, кичиги 4 ёшдаги укажонлари қўрқмаслиги учун ўзини дадилликка олиб савол берди.
- Кимсизлар, бизларнинг уйда нима қилаяпсизлар?
-Ишинг бўлмасин, укаларингни олиб нариги хонага ўт. Бўлмаса мендан кўрасан, - деб ўдағайлади қора шарпалардан бири. Сўнгра қўшни хонада қизалоқнинг оғзини скоч билан ўраб ташлади.
Болалар ташқаридан яна бир киши кирганини, учовлон хоналардан бирида турган сейфни кўтариб чиқиб кетишганини сезиб туришди. Бироз жимликдан сўнг ётоқхонага кирган оналарини кўрган болалар додлаганча бўлган воқеани айтиб беришди.
Қатортерак маҳалласида бўлган бу жиноятни содир этганлар кимлар эди? Энди жиноят ривожигача бўлган воқеага тўхталамиз.
Ўтган йилнинг ёз ойлари кечки пайт Абдулазиз Каримовга ўртоғи Элёр Абдуқодиров стадионда учрашишни таклиф этиб, қўнғироқ қилди. У стадионга келганида Элёр яна бир ўртоғи Абдумўмин Абдумўминов билан суҳбатлашиб туришганини кўрди.
- Биласанми, Абдулазиз, ҳамқишлоғимиз Қумри опанинг уйида пул ва тақинчоқлари кўп. Бизлар уни тунамоқчимиз. Олиб чиқилган пул ва тақинчоқларни ўртада тенг бўламиз. Бизларга қўшил. Қуруқ қолмайсан.
Абдулазиз бу таклифдан чўчиб тушди. Нималарнидир баҳона қилиб кетиб қолди. Бошқа сафар ўртоқлари уни яна ўртага олишди. "Майли қўшилма, фақат Қумри опанинг уйида қачон одам бўлмаслигини айтсанг кифоя". Абдулазиз бу хонадоннинг бекаси кун бўйи ошхонада ишлаши, эри даштда деҳқончилик қилаётгани боис, уйига онда-сонда келишини айтиб берди. Гап орасида уч бола уйда ёлғизлигини ҳам қистириб ўтди. Ўтган йилнинг 26 июль куни туш пайти улар яна учрашди. Бу гал унга ўртоқлари шарт қўйишди.
- Сен уйга кирмайсан. Фақат дарвозада биров келиб қолмаслиги учун пойлоқчилик қиласан.
Аввалига иккиланган Абдулазиз "фойда"ни бўлишиш ҳақидаги таклифдан сўнг рози бўлди…
Суд мажлисида эндигина 22 ёшга қадам қуйган А.Каримовнинг боши эгик, қилмишидан пушаймон. Ўртоқлари айтганидек, аввалига у ўша куни уйда бўлганини, ҳеч жойга чиқмаганини айтиб туриб олди. Шериклари эса аллақачон жазодан қочиб, чет элга чиқиб кетишганини, уларга нисбатан қидирув эълон қилинганини билгач, қилмишига иқрор бўлди. Жиноят жазосиз қолмайди. У мустақил ҳаётдаги дастлабки қадамларини, панжара ортидан бошлайдиган бўлди.
Б.ҒАФФОРОВ.

Йўналиш: Янгиликлар

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.