Бош Сахифа » Янгиликлар » ОҚ ЙЎЛ СЕНГА, БЎЛАЖАК АСКАР!

 
 
 

ОҚ ЙЎЛ СЕНГА, БЎЛАЖАК АСКАР!

Муаллиф: 013101 дан 24-02-2017, 13:40, курилди: 145

0
ОҚ ЙЎЛ СЕНГА, БЎЛАЖАК АСКАР!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида"ги қарорига биноан, туман мудофаа бўлимида айни пайтда йигитларни муддатли ҳарбий хизматга сафарбарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Яқинда ўтказилган тадбирда барча тайёргарлик синовларидан муваффақиятли ўтган бўлажак аскарларга жамоатчилик вакиллари оқ йўл тиладилар.
- Шу кунгача 100 дан ортиқ ўғлонларимиз турли қисмларга ўз йигитлик бурчларини адо этиш учун жўнатилди, - деди туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник А.Турдибоев. - Сафарбарлик ишлари айни қизғин паллада. Ишонамизки, ўғлонларимиз ўз қисмларида мардонаворлик билан хизмат қилиб, туманимиз шарафини юксакка кўтаради. Ота-онаси, тумандошлар, муҳими, она Ватан олдида берган ваъдаларини юракдан адо этадилар.
- Ўғлим Отабек Муродуллаевни йигитлик бурчини ўташ учун кузатиш арафасида турибмиз,- деди Бешқаҳрамон маҳалласилик Эркин Авазов. - Фарзандимнинг нияти муддатли ҳарбий хизматдан сўнг, соҳада фаолиятини давом эттириш, юртимиз тупроғини асраш ва қўриқлашда ўз ҳиссасини қўшишдан иборат.
Шунингдек, ота-оналардан Абдулла Жўраев, Матлуба Мавлонова, Абдураҳмон Каримовларнинг ҳам ўзгача ҳаяжон ва қувонч, ўз фарзандининг Ватан ҳимоясига қодир йигит бўлиб улғайганидан фахр ва ифтихор ҳисси тўла фикрлари билан ўртоқлашдик.
- 1994 йилда туғилганман, - дейди Сарибош ҚФЙга қарашли Гумбаз маҳалласилик Охунжон Омонов. - 2016 йил давомида "Ватанпарвар" ўқув марказининг радио-алоқачи бўлимида таҳсил олдим. Бу мени ҳарбий бўлишга интилишимни янада оширди. Бу давр мобайнида аскарликка хос жанговорлик, ҳозиржавобликни, она замин тупроғини муқаддаслигича асраш масъулиятини янада чуқурроқ англадим. Муддатли ҳарбий хизматдан кейин албатта, юрт посбонлари сафида қоламан. Ватан олдидаги бурчимни оқлайман.
Тадбир давомида туман хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Эшмуродова, "Нуронийлар" жамғармаси туман бўлими раиси С.Хурсандовлар ҳам сўзга чиқиб, йигитларга оқ йўл тилашди.
Чунончи, интилиш ва мардлик, жасорат ва эзгу ниятлар ижобати йўлида собитқадамлик, ишонч зарур. Эзгу ниятлар доимо йўлдошинг бўлсин, бўлажак аскар!
Гулжаҳон МАРДОН қизи.

Йўналиш: Янгиликлар

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.