Бош Сахифа » Янгиликлар » ЖАСОРАТ ВА СОДИҚЛИК

 
 
 

ЖАСОРАТ ВА СОДИҚЛИК

Муаллиф: 013101 дан 24-02-2017, 13:38, курилди: 147

0
ЖАСОРАТ ВА СОДИҚЛИК
ҳеч қачон унутилмайди
Юрт тинчлигини таъминлашдек, шарафли ва масъулиятли вазифани зиммасига олган мард ўғлонлар - Ватан ҳимоячилари доимо халқимиз, давлатимиз эътиборида туради. Шу йил 12 январь куни Президентимизнинг "Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилингани ҳам осойишталик посбонлари юртимизнинг фахр ва ифтихори эканлигидан далолатдир. Ушбу фармонга кўра, тумандошимиз, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитасининг Чегара қўшинлари минтақавий штаб хизмати бошлиғи Элёр Чориев (марҳум) ҳам "Жасорат" медали билан тақдирланди.
32-мусиқа ва санъат мактабининг анжуманлар залида бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган майор Элёр Чориевнинг оила аъзоларига давлат мукофотини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимлиги, прокуратураси вакиллари, ИИБ, Миллий хавфсизлик хизмати, мудофаа ишлари бошқармалари раҳбарияти, туман Кенгаши депутатлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирда туман ҳокими С.Эргашев, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси П.Мамаюсупов, вилоят ҳокимлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ишини назорат қилувчи гуруҳ раҳбари А.Шерматов ҳамда Элёр Чориевнинг устози Э.Боймуродов, синфдош дўсти Р.Дангаловлар бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлоннинг ҳаёт йўли, хотираси доимо ёдга олиниши ҳақида гапиришди.
Элёр Чориевнинг оиласига мукофотни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарарини ҳимоя қилувчи қўмита вакили, подполковник А.Вергун тантанали равишда топширди.
- Ўғлимнинг хизматлари инобатга олиниб, юксак мукофотга лойиқ кўрилгани учун давлатимиздан миннатдорман, - деди ҳарбий хизматчининг отаси А.Чориев. - Оиламиз бошига мусибат тушган кезлар маҳалла-куй, тумандошлар, юртимиз раҳбарлари ёлғизлатиб қўймади. Ўғлимизнинг сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида шараф билан хизмат қилгани кўнглимизга таскин берди.
Жума шаҳрининг "Истиқбол" тадбирлар масканида марҳум хотираси учун эҳсон оши тортилиб, қуръон тиловат қилинди.

Б.ШУКУРОВ,
Қ.ЗИЁТОВ
олган сурат.

Йўналиш: Янгиликлар

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.