Бош Сахифа » Янгиликлар » «Менинг ўғлим ватан учун хизмат қилади» тадбирлари ўтказилди

 
 
 

«Менинг ўғлим ватан учун хизмат қилади» тадбирлари ўтказилди

Муаллиф: 013101 дан 24-01-2017, 12:24, курилди: 205

0
Ватан ҳимояси ҳар бир ёниқ юрак учун муносиб бурч ва шараф ҳисобланади. Айниқса, йигит кўрки унинг жасорати ва мардлигида. Шу боис, ҳар бир йигитнинг қалбида бу туйғулар ғурури, эзгу истагига монанд ҳолда болалигиданоқ ниш отиб боради.

Таълим муассасамизда бўлиб ўтган «Менинг ўғлим Ватан учун хизмат қилади» мавзусидаги маънавий- маърифий тадбир ҳам мактабда таълим олаётган йигитлар қалбига Ватан тупроғини муқаддас билиш, миллий ғоямизга садоқат ва ҳурмат, она юрт учун муносиб фарзанд бўлишдек, эзгу мақсадларни сингдиришга бағишланди. Тадбирда айни пайтда билим даргоҳимизда таълим-тарбия олаётган ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, она замин ҳимояси йўлида фидойилик билан хизмат қилган Ватан посбонлари иштирокида ўтказилди.
- Бугунги тадбирда ўғлим - шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жонибекнинг намунали иштирокидан бошим кўкка етди,- дейди Оқ олтин маҳалласилик Муҳтарам Юсупова.- Бундан англадимки, фарзандимнинг ҳарбий бўлишга интилиши чексиз. Ишонаманки, Жонибек келажакда албатта, Ватан учун сидқидилдан хизмат қилади.
Бу каби эзгу истакларни тадбирда ўз иқтидорларни намойиш этган ўқувчиларнинг ҳар бирининг ота-оналари айтишди. Уни ташкил қилишда мактаб маърифий-ахлоқий ва маънавий ишлар бўйича директор ўринбосари Р.Абдураҳмонова, М.Хомитова, Ф.Турсунова, А.Зубаев каби фаол ўқитувчиларнинг ҳиссаси катта бўлди.
Хайрулла ТУРДИЕВ,
51-умумтаълим мактаби директори.

***

Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Мардлар қўриқлайди Ватанни» мавзусидаги маданий-маърифий тадбир тумандаги 19-умумтаълим мактабида ҳам ўзгача ташкил этилди. Ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва Ватан ҳамда юрт ҳимоячилари жасоратини ифода этувчи шеърлар тадбир иштирокчилари қалбига ғурур, ифтихор бахш этди. Мактаб директори М.Сувонов тадбир давомида сўзга чиқиб, Ватан ҳимояси муқаддас эканлиги, бу ҳар бир йигитнинг бурчи эканлигини алоҳида қайд этиб ўтди.

Назрулло ЛАТИПОВ,
19-мактаб ўқитувчиси.

***


Ушбу мавзудаги тадбир 4-умумтаълим мактабида ҳам кенг нишонланди. Тадбирга таклиф этилган ҳарбийлик касбини муқаддас билиб фидойилик кўрсатаётган Ватан ҳимоячилари ўқувчиларга юрт тинчлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг бурчи эканлигини уқтириб ўтишди.
- Айни пайтда 9-синф ўқувчисиман, - деди Шоҳжаҳон Расулов, - Ҳарбий либосда юртимиз сарҳадларини қўриқлаётган оловқалб инсонларга ҳавасим келади. Тадбирда сўзга чиққан Ватан ҳимоячиларининг фикрларидан керакли хулосани чиқариб олдим. Келажакда албатта, уларнинг йўлидан бориб, она заминимиз учун ҳақиқий ўғлон бўлишни дилимга тугиб қўйдим.
Мактаб директори Ғ.Эргашев ўз сўзи давомида иштирокчиларни улуғ айём билан муборакбод этди.

Дилором МАМАТОВА,
4-умумтаълим мактаби.

***

Тумандаги 12-умумтаълим мактабида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган «Мардлар қўриқлайди Ватанни» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унга таклиф этилган юрт осойишталиги йўлида беминнат хизмат қилган Ватан фидойилари она замин тупроғи муқаддаслиги ва юрт ҳимояси ҳар бир ўғлоннинг бурчи эканлиги ҳақида ўқувчиларга тушунчалар берди. Тантана сўнгида мактаб директори Гулдона Бойқобилова сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан муборакбод этди ҳамда айни пайтда ушбу таълим муассасасида таълим олаётган, келажакда юксак мақсадларни кўзлаб, интилаётган ўғлонларга омад тилади. Ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ҳамда шеърлар барчага манзур бўлди.

Нодира НЎРМЎМИНОВА,
12-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

***

Тинчлик ва осойишталигимиз посбонлари - ҳарбийлар байрами мамлакатимиз кенг нишонланди. Хусусан, билим даргоҳимизда ҳам Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унга маҳалламизда истиқомат қилаётган истеъфодаги ҳарбийлар таклиф этилди. Тадбирда сўзга чиққан меҳмонлар бугунги армиямиз ва унинг куч-қудрати ҳақида ўз фикрларини билдириб, ватан ҳимояси–олий шараф эканлигини айтиб ўтишди.
- Қуролли Кучларимиз ташкил этилганига 25 йил бўлди, - деди истеъфодаги ҳарбий Ўткир Ҳасанов. – Мана шу ўтган давр мобайнида армиямиз мустаҳкам куч-қудратга эга бўлди. Мен бугунги байрам билан нафақат ҳарбийларни, балки ўзини ватан ҳимоячиси деб билган мард ва жасур йигитларни табриклайман.
Шунингдек, тадбирда мактабнинг 9-синф ўқувчилари она Ватан, аскар ва ҳарбийларни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари билан йиғилганлар кайфиятига кўтаринкилик бағишлади.

Самида АВҒОНОВА,
61-мактаб ўқувчиси.

***

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25-йиллиги муносабати билан мактабимизда «Миллий армиямиз фахру ғуруримиз» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда туман мудофаа ишлари бўлимининг чақириққа ёшларни тайёрлаш бўлими бошлиғи Ўлмас Холбеков иштирок этиб, Ватан ҳимоячилари куни байрамининг мазмун моҳияти ҳақида сўз юритди.
- Юртимизда ҳарбий соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилаяпти, - деди Ў.Холбеков. - Хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини давлатимиз ҳар томонлама қўллаб қувватлаяпти, улар учун кенг имконият ва имтиёзлар яратилган. Буни чин дилдан ҳис этган ҳарбийларимиз шарафли вазифаларини янада масъулият билан сидқидилдан бажармоқда. Шу боис сарҳадларимиз дахлсиз, тунларимиз сокин, кунларимиз нурафшон.
Шунингдек, давра суҳбатида ўқувчиларга ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, бошланғич ҳарбий таълим бериш борасидаги ишлар самарадорлиги ошгани, ҳарбий қисмлар билан жамоатчилик ўртасида доимий алоқанинг кенг йўлга қўйилганлиги ва ҳарбий хизматда йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг ҳаёти ҳақида қизиқарли маълумотлар айтиб ўтилди. Суҳбат давомида ўқувчилар ўзлари қизиққан саволларига жавоб олишди.
Т.АБДУРАИМОВ,
8-умумтаълим мактаби болалар етакчиси.

Йўналиш: Янгиликлар

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.