» » ДАРСЛИКСИЗ ДАРС

МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

ДАРСЛИКСИЗ ДАРС

Ўз ХДП вилоят ва туман кенгаши вакиллари Ш.Ғофуров, С.Абдуғаниев, Ҳ.Шарипов ҳамда 41-Арабхона сайлов округидан вилоят Кенгашининг депутати Б.Шукуровлар иштирокида Болтали маҳалласи аҳли билан сайёр қабули ўтказилди.
Маҳаллада томорқа хўжалигини ривожлантириш, иссиқхоналар қурилиши, имтиёзли кредитлар ҳисобига тадбиркорликни ривожлантиришга доир муносабат, мулоҳазалар юзма-юз мулоқот муқаддимаси бўлди. Ҳудуддаги ечимталаб масалалар билан боғлиқ савол-жавоблар эса масъулларни аллақачон "уйғотиши" керакка ўхшайди. Партия фаоллари ва депутатлик гуруҳи аҳоли томонидан билдирилган масалаларни назоратга олиш, тегишлилиги бўйича масъул соҳа раҳбариятига етказишга келишилди.
- Озгина шамол турса свет ўчади. Айрим кунлари 14-15 соатлаб бўлмайди. Бу ўз навбатида, кўплаб муаммоларни келтириб чиқараяпти. Электр таъминотидаги узилишлар сабаб ичимлик сувига муҳтож бўлиб қоламиз. 50 йил бурун ўрнатилган симёғочлар чириб, ағанаш даражасига келиб қолган. Ўзимиз бир неча бор қийшайиб қолган симёғочларни тўғрилаб, тиргаклар қўйдик, симларни қайта тортиб чиқдик. Улама симлар узилгидай бўлса, фалокат бўлиши мумкин. Бир неча бор мутасаддиларга мурожаат қилдик, натижа йўқ. Яна бир масала, ҳудуддан оқадиган Қўмсой ариғи ахлатга тўлиб кетаяпти. Ойлаб ахлат олиб чиқадиган машиналардан дарак йўқ, - деди фуқаро Муҳиддин Муҳаммадиев.
Мавлуда Рўзиева: - Маҳалланинг энг четига юзга яқин янги хўжалик кўчиб чиққан. Бари электр энергияга, табиий газга эҳтиёж сезади. Ҳар қайси хонадон эгаси хоҳлаган жойидан қўлбола симёғоч ўрнатиб, сим тортган. Газ таъминотида ҳам шу аҳвол. Коммунал соҳанинг бу тармоқлари истеъмолчи сифатида эҳтиёжимизни қондирмаяпти. Юқорида айтилганидек, кунлаб электр таъминотида узилиш бўлади. Табиий газ босими сезилмайди ҳам. Лекин қарздорлик келиб чиқаяпти.
680 та хўжалик истиқомат қилаётган маҳаллада газ босими пастлиги, нореал қарздорликлар кўплиги хусусида Марҳабо Тошқувватова, Нурия Худойқулова, Очил Расуловлар ҳам фикр¬ларини айтишди.
Учрашув 26-мактаб биносида бўлди. Шу боис, мулоқотнинг давомида ўқувчилар фикрларига қизиқдик. Бола, бола-да, борини айтади, йўғини яширмайди.
- Мусиқа дарсларида қатнашамиз. Лекин бирор марта мусиқа ўқитувчиси фанга доир чол¬ғу асбобини олиб кирмаган. Ақалли 2-3 та мусиқа асбоблари бўлганида ҳам ўрганардик, ҳам мактабдаги турли тадбирларни ўтказишда ўзимизнинг меҳнатимиз кўринарди.
- Информатикага қизиқаётганлар кўп. Аммо назария бору, амалиёт йўқ. Ўқув йили бошидан буён ҳали бирор марта компьютер хонасига кирмадик. Икки ойда ўқув йили тугайди. Бизларнинг компьютер саводхонлигимизни ким ўйлайди?
Кейинги савол юзасидан информатика фани ўқитувчисига юзландик. У кишининг ҳам жавоби тайёр экан. "Хонага уланган кабелни алмаштириш керак. Шунга компьютер хонасига болаларни киритмай турибмиз". Бу жавобдан "Алдагани бола яхши", деган маънони англаш мумкин. Наҳотки, озгина симни қайта улаш учун 6-7 ой вақт кетса. Болаларнинг саволига "алдамай" жавоб қайтарадиган одам эса топилмади.
Мулоқотда аксарият болалар китоб, кутубхона, дарсликлар билан боғлиқ кўплаб масалаларни ўртага ташладики, бу ҳолат оддийгина эътиборсизлик оқибатидан бошқа нарса эмас. Болаларнинг қуйидаги саволларига жавоб беришини сўраб кутубхоначини чақиртирдик. Афсуски, шу куни кутубхона мудирига "дам олиш" куни экан. Мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари ҳам бу ҳолни изоҳлашга ожиз қолди.
- Фақат 5-синф ўқувчилари инглиз тили фани дарсликлари билан 28 февраль кунига келиб тўлиқ таъминланди. 7, 8-синфларда атиги шу фан бўйича дарсликлар 2-3тадан холос.
- Кутубхонага ҳар 2-3 кунда бир марта кириш мумкин. Бошқа кунлари кутубхоначини топиш қийин. Бунинг устига бадиий китоблар кам. Кўпроқ ўқишни, билим олишни "Ёш китобхонлар" танловидагидек, биз ҳам иқтидорларимизни намоён этишни истаймиз. Имконият бўлса, маҳалла қошида кутубхона ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Савол берган, муаммоларни ўртага ташлаган болаларнинг исми-шарифларини кўрсатмадик. Лекин англаганимиз, улар билимга чанқоқ. Кўпроқ ўқишни исташади. Тўгаракларга қатнашишни хоҳлашаяпти. Билганимиз тўгараклар ташкил этиб, машғулотлар олиб бориши учун мактабда бўш хоналар йўқ. Ўқиш икки босқичда олиб борилар экан. Шу боис, маҳалла оқсоқоли имконият даражасида ёшларга шароит яратиб бериш режаларини айтди. Маҳалла раисининг ташаббуси билан инглиз тили фани тўгараги иш бошлабди. Иқтидорли ўқувчи бу ерда катта-ю кичикка машғулот ўтаётганидан қувондик. Шу йил май ойи атрофида маҳалла қошида кутубхона қуриб беришни ҳам оқсоқол зиммасига олди. Эътибор беринг, маҳалла фаоллари муаммоларга ечим излаётганлиги дарров сезилди. Лекин нега мактаб маъмуриятида бундай ташаббус, ташкилотчилик етишмайди.
Болталиликларнинг муаммолари бўйича тегишли ташкилотлар ҳамда туман халқ таълими бўлими мутасаддилари белгилаган чора-тадбирлари юзасидан газетхонларни хабардор қилишига умид қилиб қоламиз.
Т.АТАМУРОДОВ,
ЎзХДП туман Кенгаши ижрочи
котиби.
скачать dle 11.3
Калит сўз ЎзХДП

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56