» » AZIMJONNING SEHRLI OVOZI tinglovchi qalbini rom etadi

МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

AZIMJONNING SEHRLI OVOZI tinglovchi qalbini rom etadi

Газета қошида фаолият юритаётган "Истеъдод" клуби аъзолари иштирокида ўтказиладиган машғулотларга одатда, ёшлар асосий "кўмакчи" сифатида ижодкор учун зарур бўладиган "қоғоз, қалам" билан "қуролланиб" келишади. Бу галги машғулотга эса қўлида рубоб билан кириб келган бола барчанинг эътиборини тортди. Буни сезди чоғи, у жавобга шайланди:- Мамлакатимизнинг барча гўшаларида "Ёшлар куни" кенг нишонланмоқда. Байрам муносабати билан клуб аъзоларини айём билан табриклаб 1-2 та қўшиқ айтмоқчиман.
Шеърхонлик қўшиқларга уланиб кетди. Ўзбек миллий қўшиқларини йиғилганлар жон қулоғи билан тинглашди. Азимжоннинг юрак қури билан берилиб айтган ашулаларидан кўнгиллар баҳра олди. Шу онда барчанинг хаёлида бир фикр айланди: "Туманимизда яна бир истеъдод "бўй" кўрсата бошлабди. Овозига кўз тегмасин!"
Азимжон Исломов 14 ёшда. Тумандаги 2-умумтаълим мактабида таълим олиш билан бирга, 32-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида анъанавий хонандачилик йўналишида қўшиқчилик сир-асрорларини ўрганаётган экан.
- Ўғлимизнинг ёшидаги тенгдошларининг кўпчилиги жаҳон эстрадасини, қолаверса, турли "бақир-чақир" оҳангидаги куй-қўшиқларни тинглашга "киришиб" кетган бир пайтда унинг ўзбек мумтоз ашулаларига меҳр қўйиши, ўзича хиргойи қилиб айтиб юриши диққатимизни тортди, - дейди Азимжоннинг ота-онаси Чори ака ва Зайнаб опалар. - Телевидение экранларида тор билан қўшиқ куйлаётган санъаткорнинг ижросини тинглаш баробарида қўшилиб ижро этарди. Уни тумандаги 32-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига ўқишга бериб, адашмабмиз. Мусиқа асбобларини чалишни ўрганди. Мумтоз ашулаларни ижро этганида, кўпчиликнинг бу қўшиқларга меҳри, иштиёқи баландлигини қутловлардан сезамиз.
Чинакам иштиёқ инсонни юксак чўққилар томон элтиши тайин. Азимжон Исломов ижросини айни кунда нафақат тумандошлар, балки вилоят аҳли тан олаётгани рост.
- 4 йилдирки, устозларим Уйғун Бўтаев, Ўрозали Муҳаммадиевлар кўмагида мумтоз ашулаларни маромига етказиб куйлаш "техника"сини ўзлаштиряпман, - дейди истеъдод соҳиби. Жавлон Шарибоев, Қувончбек Шодиқулов, Ҳумоюн Аббосов, Зарнигор Мажидова, Самандар Алиқулов каби иқтидорли тенгдошларим билан телекўрсатувларга таклиф этилдик, турли мавзудаги танловлар ғолиби бўлиб, Ўзбекистон маданият вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман, вилоят кенгашларининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари соҳибига айландим. Энг муҳими, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган мумтоз куй-қўшиқларимизни катталар қатори, ёшлар ҳам завқ билан тинглаётганидан бениҳоя хурсандман.
"Куйла дилкаш дуторим-а, дуторим,
Хуморим ёз, хуморим ёз, хуморим…"
Бутун зал жимжит. Ҳамманинг диққати саҳнада берилиб қўшиқ ижро этаётган ёш йигитга қаратилган. Азимжоннинг эзгулик, иқтидор ва Оллоҳ инояти ила йўғрилган овози… Бу овоз жаҳон саҳналарида баралла янграшини истаб қоламиз.
Гулжаҳон МАРДОН қизи.
скачать dle 11.3
Калит сўз дуторим

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56