Бош Сахифа » Иқтисодий » ДЕҲҚОНЧИЛИК ҲАДИСИНИ ОЛГАН томорқа эгалари

 
 
 

ДЕҲҚОНЧИЛИК ҲАДИСИНИ ОЛГАН томорқа эгалари

Муаллиф: Admin дан 30-05-2017, 11:30, курилди: 339

0
ДЕҲҚОНЧИЛИК ҲАДИСИНИ ОЛГАН
томорқа эгалари
- Маҳаллада пешона терини томорқага тўккан, бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиб, миллион-миллион сўм даромад олаётган деҳқонлар кўп, - дейди Болдир маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шодиёр Сориев. - Шу боис, ҳудуд аҳлининг дастурхони тўкин, рўзғори бут. Меҳнатлари ортидан замонавий уйлар, тўйлар қилишяпти.
Хонадонларда аҳоли билан мулоқотда бўлганимизда оқсоқолнинг юқорида келтирган таърифу-тавсифининг гувоҳи бўлдик. Соат 11 дан ўтган, қуёш қиздирган пайт. Бир зум иссиқнинг "кўзи"да турган киши ҳансираб қолади. Меҳнатда тобланган болдирлик деҳқонлар қадоқ қўлларига кетмон тутганча, томорқа юмушлари билан овора.
- Ҳорманг, Ваҳоббой. Меҳмон баҳона бирпас дам оладиган бўлдингиз, - деди томорқасида куйманаётган деҳқонга маҳалла раиси.
- Вақтида келдингиз, раис бобо. Ёрдамчи кучи керак бўлиб турганди, - дея ҳазиломуз жавоб берди хонадон эгаси.
Салом-аликдан сўнг Ш.Сориев пешонасидаги терларни артиб улгурмаётган Ваҳоб Бобомуродовнинг оиласи ҳақида гап бошлади.
- Ўзи, уста-қурувчи. Хотини Санобар Юсупова билан биргаликда февраль ойидан томорқага биринчи экинни экишни бошлайди. Мана ҳозир иккинчи экинга ер тайёрлашяпти. Ҳалол меҳнати билан намунали оилалар қаторида туради.
- Шу кеча-кундузда 8 сотихга экилган картошкани ковлаб, ўрнига помидор экишни мўлжаллаяпмиз, - дея гапга қўшилди В.Бобомуродов. - Йилига шу тариқа томорқамиздан уч маротаба ҳосил оламиз. Ҳали кузгача помидор йиғиб олингач саримсоқпиёз, пиёз ҳам экамиз. Табиат бу йил деҳқонларни сийлади. Картошкани эрта экканлар ютқазмади. Биз ҳам 2-3 тоннадан ошиқроқ ҳосил чамалаб турибмиз. Яхши ниятлар бисёр. Келгусида 4-5 сотихлик иссиқхона қуриб, лимон экмоқчиман. Худога шукур, турмушимиз фаровон. 5-6 бош чорва, 15-20 парранда ҳам бор. Хуллас, рўзғор учун керакли мева-сабзавотлар томорқадан чиқаяпти, ортганини сотаяпмиз. Бозордан фақатгина кийим-кечак оламиз, десам ҳам бўлаверади. Уч ўғлим ҳам вояга етиб, қўлимдан ишни оладиган бўлган. Шунинг учун қурувчиликни ҳам, деҳқончиликни ҳам эплаяпмиз.
- Маҳаллада нафақага чиққан бекорчи эмас, - дея оқсоқол яна бошқа хонадонга йўл бошлади. - Эр-хотин Тоир Сайданов ва Осиё Очиловалар кексаликни ҳали тан олмаган, тиниб-тинчимас пенсионерлардан. Томорқалари обод. Буни устига ҳар йили 200-250 бош гўшт йўналишида товуқ боқади.
- Турмуш ўртоғим иккимиз ҳам ўқитувчиликдан нафақага чиққанмиз, - дейди О.Очилова. - Доимий ишлаган одам уйда бекор ўтирса ярашмас. Хўжайиним тонг азондан томорқада экин-тикин парвариши билан андармон. Мен жўжа боқиш билан машғулман. 1700 сўмдан олинган жўжаларни парваришлаб, парҳез гўштнинг бир килосини 12-13 минг сўмдан дўконларга топширамиз. Энг муҳими, набираларимизни меҳнатга, тадбиркорликка ўргатаяпмиз.
Қишлоқ одамларининг бундай меҳнатсеварлиги фаровонлик учун интилишларига ҳавас ортади. Ҳудудда истиқомат қилаётган 3200 га яқин аҳолининг асосий даромад манбаи томорқадан. Масалан, Рустам Раҳмонов томорқасидан 2-3 сотихлик мўъжазгина иссиқхона ташкил этган. Унга сентябрь ойининг охирида 800 туп помидор экиб, парваришлабди. Янги йил олдидан помидор харидоргирлигини эса бугунги томорқа эгаси яхши билади. Меҳнатининг самараси 6-7 миллион сўм даромад. Ҳосилни саранжомлаб, иссиқхонани қайта экинга тайёрлаган. Бу галгиси яна бир даромад. Фойдасини қурилиши якунланмаган янги иморати битишига сарфламоқчи.
Мухтасар айтганда, деҳқончилик ҳадисини олган томорқа эгаларининг оиласида қут-барака бор. Шу боис дастурхони тўкин. Юрт равнақи йўлида меҳнат қилаётган болдирликларнинг топгани татияпти.

Гулпошша
ЭШҚОБИЛОВА.

Йўналиш: Иқтисодий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.