Бош Сахифа » Иқтисодий » ИЗН БЕРГАН МУТАСАДДИЛАР

 
 
 

ИЗН БЕРГАН МУТАСАДДИЛАР

Муаллиф: 013101 дан 4-03-2017, 16:08, курилди: 349

0
- Уйим захлаб кетаяпти. Нега зовурни қазишмайди? - зорланиб қолди бир аёл.
Бориб ўргандик. Ҳақиқатдан ҳам уй сувоқлари захдан кўчиб тушган. Пахса деворининг қарийб бир метригача зах кўтарилган. Шу атрофдаги бошқа уйларда ҳам шу аҳвол. Бунга ким айбдор? Зовурнинг ёнгинасидан (10 метр оралиқ, айримлари зовурга 5 метр оралиқда ҳам молхона, хўжалик иншоотлари қуришган) уй қурган хонадон эгасими ёки зовур шу ердалигими? Зовур тармоғининг қирғоқ бўйи минтақасида ҳар хил қурилишлар ва бошқа турдаги ишларни амалга ошириш бўйича чекловлар белгилаб қўйилганини уй-жой учун ер ажратган мутасаддилар билмасмиди? Ҳовузак зовурининг Оғурда қишлоғи яқинидан оқувчи қисмида қурилган уй-жой, хўжалик иншоотлари бунга мисол. Тумандаги қишлоқлар оралиғидан ўтган бошқа зовурлар четидаги қурилишларда ҳам шундай ҳолатларни кузатиш мумкин.
Сувнинг халқ хўжалигидаги, ҳаётдаги аҳамиятини яхши биламиз. Ҳукуматимиз ирригация ва мелиорация ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Сув танқислигининг олдини олиш мақсадида қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан экинларни томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш учун жойларда семинарлар ташкил этилмоқда. Мелиорация соҳасига катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Жумладан, Паст Дарғом туманида ҳам жорий йил учта зовурни таъмирлаш, тиклаш ишларини бажариш учун бир миллиард 20 миллион сўм, тўртта зовур реконструция қилиниши учун бир миллиард 960 миллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу тадбирларнинг бажарилиши натижасида 124,7 километр зовурлар тармоғи тозаланиб, 3120 гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, ҳосилдорлик ошади.
Давлат томонидан мелиорация ишларига миллиардлаб сўм маблағ ажратилаётган бир паллада айрим фермер хўжаликлари мутасаддилари ўз даласига осонгина сув чиқариш учун зовурларга дамба ташлашмоқда. Оқибатда экин майдонларида сизот сувларининг кўтарилиши ва ер шўрланишга сабаб бўлаётир. "Чимбой Ш-2-1", "Ўтарчи Ш-2, Ш-17, Ш-18" ва Авзакент зовурларидаги ана шундай тўсиқларни бир неча бор тозалашга тўғри келган. Худди шунингдек, айрим далалардан чиқаётган оқова сув зовурларга дуч келган ерлардан ташланмоқда. Шу каби ҳолатлар натижасида кўп маблағ сарфланиб қазилган зовурлар аянчли аҳволга келиб қолаётир. Сув ташламаларини маълум жойлардан қувур ёрдамида оқизиш мумкин-ку.
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имкониятлар яратилмоқда. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурлари доирасида балиқ урчитиш ҳавзалари йилдан-йил кўпаяётгани ҳам фикримизнинг тасдиғи. Бироқ, балиқчилик хўжаликларининг аксарияти ҳавзаларни айнан муҳофаза зоналарида ташкил этишаётгани юқорида таъкидланганидек мелиорация ишларига сарфланган маблағлар совурилишига сабаб бўлаётир. Ҳовузак зовурида 2015 йил мелиорация ишлари амалга оширилди. Экскавоторни киритиш имкони бўлмаганлиги сабабли зовур бир тарафлама қазилишига тўғри келди. Чунки, мазкур сув йўналиши қирғоқ бўйларида 10 га яқин балиқчилик хўжаликлари ташкил этилган. Бунинг устига улар томонидан зовурнинг кўп қисмига дамбалар ташланиб, балиқ ҳавзаларига сув бошқарилаётганлиги сарфланган маблағларни беҳуда кетишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда сизот сувлари кўтарилиб яқин атрофдаги экин майдонларининг мелиорация ҳолати издан чиқаётир.
Тўғри, балиқчилик хўжаликлари ташкил этиш қишлоқ хўжалиги соҳасидаги асосий дастурлар сирасига киради. Балиқчилик ҳавзалари ташкил этилиши учун вилоят экология экспертизаси томонидан муҳофаза зонаси ҳисобга олинган ҳолда рухсат берилади-ку. Афсуски, рухсат берган яна кўплаб мутасаддилар қонунга хилоф равишда қирғоқ бўйларида ҳавзалар ташкил этилаётгани билан ҳали бирон марта қизиқишмаган. Худди шунингдек, зовурларнинг қишлоқлар оралиғидан ўтаётган қисмидаги хўжалик иншоотлари қурилишига рухсат берганлар ҳам жим. Оқибатда, мелиорация ишларига ҳар йили сарфланаётган маблағлар зое кетаяпти. Бугун, ҳудуддаги барча ариқ ва зовурларни кўздан кечирар эканмиз, чиқиндилар билан тўлаётганига кенг жамоатчилик ҳам жим қараб турибди. Зовурлардаги бундай ноҳуш ҳолатлар учун ким жавоб беради?
Неъмат ГУЛМУРОДОВ,
вилоят "Сувназорат" инспекцияси мутахассиси.

Йўналиш: Иқтисодий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.