Бош Сахифа » Иқтисодий » Cолиқ соҳасидаги ўзгаришлар

 
 
 

Cолиқ соҳасидаги ўзгаришлар

Муаллиф: 013101 дан 10-02-2017, 12:47, курилди: 254

0
Айтиш жоизки, сўнгги пайтларда республикамизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш ва кичик бизнес субъектларини қўл¬лаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг тармоқларини ривожлантиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари, шу жумладан, бевосита, солиқ соҳасига оид 3 та қонун, Президентимизнинг 2 та Фармони ва 5 та қарори қабул қилинди.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан, мамлакатимизда тадбикорлик субъектларига қулай солиқ муҳити яратиш ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси сақланиб қолинди.

Хусусан, ўтган йили якунида "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида" ги Қонун, Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги Қарори ҳамда бошқа бир қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, уларга биноан, турли йўналишлар бўйича енгилликлар берилди.
Шунингдек, қонун ҳужатларига биноан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди. Хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида фаолият юритувчи юридик шахсларни фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари 12 та фаолият тури, шундан 4 таси республиканинг барча ҳудудий ва 8 таси қишлоқ жойларда амалга оширилганлиги учун 2020 йилгача тадбиқ этилиши белгиланди. Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқарувчилар учун ҳамда республикамизда автомобиль саноатини янада ривожлантириш мақсадида берилган солиқ имтиёзлари ҳам худди шу муддатгача, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётларига берилган имтиёзлар муддати эса 2019 йилгача узайтирилди. Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тартибларини соддалаштириш ва бир хиллаштириш мақсадида 2017 йилнинг 1 январидан эътиборан бошқа тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ягона ижтимоий тўловни ҳар бир ходим учун ойига минимал иш ҳақига каррали миқдорда ҳисоблашнинг амалдаги тартиби чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш соҳаси корхоналарига ҳам татбиқ этила бошланди.

Бундан ташқари, асосий солиқ турлари бўйича ставкалар жорий йилда ҳам ўтган йилгидек сақланиб қолинди. Яьни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиҚи, юридик шахсларнинг фойда (7,5 фоиз), мол-мулк (5 фоиз), ягона (0,95 фоиз) ер ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш (8 фоиз), шунингдек, экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва мол-мулк солиқларининг регрессив ставкаси 2016 йилдагидек қўлланилади.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари ҳам 2016 йил даражасида сақлаб қолинди. 2017 йил 1 январдан ҳунармандларга (қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича) энг кам иш ҳақининг 0,5 баробари миқдорида қатъий белгиланган солиқни тўлаш жорий этилади. Давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бўйича тўловлар ставкалари эса ўтган йил даражасида қолдирилди. Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ солиш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича Солиқ кодексига тегишли ўзгартишлар киритилди. Жумладан, юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қарзи бир йил мобойнида тўланмаган тақдирда, қарзни ундиришни мол-мулкига қаратиш учун белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш тартиби белгиланди. Нотижорат ташкилотлари томонидан бошқа даромадлари бўйича солиқ мажбуриятларини бажаришда турли талқинларнинг олдини олиш мақсадида Солиқ кодексининг 7 та моддасига ўзгартириш киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги Фармони асосида 2016 йилнинг 29 декабрида имзоланган Қонунга асосан эса 13 та Қонун ҳужжати, шу жумладан, Жиноят, Жиноят процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўҚрисидаги ҳамда Солиқ кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жорий йилнинг 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан ташқари текширишларнинг барчаси бекор қилингани, жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчиликни бузилгани ҳолатлари бўйича берилган мурожаатлари асосида фақатгина Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши Қарорига биноан қисқа муддатда (яъни 8 соатдан ошмайдиган) текширишлар ўтказиш мумкинлиги белгилаб қўйилди. Шу йил 1 февраль куни тумандаги барча назорат қилувчи органлар раҳбарлари, тадбиркорлар иштирокида ўтказилган семинарда ҳам бу борадаги ўзгаришлар айтиб ўтилди.

Қолаверса, молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширишда тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этса ва бу ҳуқуқбузарлик инсоннинг соғлиғи ҳамда ҳаётига зарар етказмаса, у етказилган зарарни белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда қопласа, шунингдек, белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўласа, жавобгарликлардан, жарима ва молиявий санкциялардан (пенядан ташқари) озод қилинади. Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда, маъмурий ва жисмоний жавобгарликлардан озод этилиши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Жиноят кодексининг 7 та моддасидаги жиноят тури, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41 моддасидаги жавобгарлик чоралари легаллаштирилди. Жиноят кодексида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарздаги жазо тайинланмаслик белгилаб қўйилди.

М.ТУРДИҚУЛОВ,
туман давлат солиқ
инспекцияси бошлиғи, назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи туман комиссияси раиси ўринбосари.

Йўналиш: Иқтисодий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.