Бош Сахифа » Иқтисодий » ТЎҚБОЙ ҚИШЛОҚЛАРИДА ИШБИЛАРМОНЛАР, ТАДБИРКОРЛАР КЎП

 
 
 

ТЎҚБОЙ ҚИШЛОҚЛАРИДА ИШБИЛАРМОНЛАР, ТАДБИРКОРЛАР КЎП

Муаллиф: 013101 дан 30-12-2016, 10:24, курилди: 334

0
4970 нафар аҳоли истиқомат қилаётган тўқбойликларнинг аксарияти тадбиркор, ишбилармон, чорвадору-балиқчиликнинг ҳадисини олишган. Музаффар Дониёров оқсоқоллигида аҳиллик билан умргузаронлик қилаётган ҳудуд аҳлининг яшаш тарзи ҳавас қилгулик.
- 5 та қишлоқдан иборат маҳалламизда кафтдек ердан мўмай даромад оладиган асл деҳқонлар, тадбиркорлик билан шуғулланиб, оиласига, юртга нафи тегаётган ишбилармонлар талайгина, - дейди М.Дониёров. -Маҳалла котибаси Гавҳар Ашурованинг ишлари фикримизга мисол. У маошга қаноат қилиб ўтирмасдан, асаларичилик билан ҳам шуғулланади. 2015 йилда "Ёдгор, Мафтуна" асаларичилик фермер хўжалигини ташкил этган Г.Ашурова 40 оила асаларидан 700 килограмм асал олиб, 12 миллион сўмдан ошиқ даромад қилди.
- Бир йиллик фойдадан 2,5 АҚШ долларга мева-сабзавотлар сақланадиган музлаткичли омбор¬хона қурдик. 40 тонналик бу омборхонада ҳовлимиздаги 35 туп ёш токлар ҳосилидан олинган 3 тонна узум, 10 тонна олма ва маҳалладаги деҳқон, тадбиркорларнинг 15-16 тонна мева-сабзавотлари сақланаяпти, - деди ишбилармон Гавҳар Ашурова.
- Маҳалламиз фаоли Бурхон Эшқобилов томорқани хазина билганлардан, - дея суҳбатни давом эттирди оқсоқол. - У 8-10 сотих жойга иссиқхона қурган. Айни пайтда қиш бўлишига қарамай, унинг томорқасида баҳор. Яшилликка бурканган иссиқхона шундай қурилганки, уни иситиш учун ҳеч қандай харажатга ўрин йўқ.
- Иссиқхонамиздаги мўътадил ҳарорат табиий ҳолда сақланади, - деди Б.Бурхонов. - Октябрь ойи бошида экилган саримсоқпиёз, исмалоқ ва турли кўкатлар бугун тўкин дастурхонимизга кўрк бағишлаб турибди. Тайёр маҳсулотни 10-15 январгача ҳосилни бозорга сотиб, ўрнига помидор экамиз. Хуллас, ҳар йили 15 сотих томорқадан 11-12 миллион сўм даромад оламан. Бунда турмуш ўртоғим Собира Бойқобилованинг ҳам катта ҳиссаси бор. Даромадларни яхши ниятлар ижобатига сарфлаб, рўзғор тўкинлиги-ю, турмуш фаровонлигини таъминлаяпмиз.
- Маҳаллада Фахриддин Каримов, Рустам Ниёзов, Шоҳрух Жалилов сингари ташкилотчи, саховатли кишилар ҳам кўп, - деди раис фахр билан. - Ҳудуддаги "Чиллаота" ва "Хавас" қабристонларининг ҳамда Қадим, Тўқбой қишлоқлари йўллари ана шундай инсонлар ташаббуси билан таъмирланди. Зах кўтарилган ҳудудларда зовур қазилди.
Ёш авлод таълим-тарбияси ҳам ота-оналарга монанд бўлишлиги учун маҳалла аҳли бирдек масъул. Олимжон Алиев, Марғуба Солиева каби фаоллар билан ҳар бир оиладаги аҳвол, вояга етаётган фарзандларнинг феъл-атвори, юриш-туришидан хабардор бўлиб, зарур пайтда керакли маслаҳат ва тавсиялар бериб бораяпмиз. Ёшларнинг маънавий-мафкуравий иммунитетини шакллантиришда "Оила-маҳалла-таълим муассасаси" ҳамкорлик тизими ташкил этилган. Бу борада Ўктам Дўстмуродов, Шерали Жиянов, Зарифа Отамуродова каби намунали оила вакиллари ҳамда имом хатибларимиз Турди Ҳошимов, Ғайрат Бойматов, Мусохон Файзиевлар яқин кўмакчи.
"Изланган имкон топади", дейи¬шади. Оддийгина томорқага ишлаб рўзғорини обод қилаётганларга қараб ҳаваси ортади кишининг. 15-20 сотих ҳовлиси бўла туриб, чет элга отланган, ўзга юртларда алданиб қолганлар қанча? Энг ёмони, хорижда муҳтожликдан арзимас пўл эвазига экстремистик оқимлар тузоғига тушиб қолганлар ҳам бор. Юқорида бир маҳалланинг бир-икки тадбиркори ҳақида сўз юритдик. Аслида тадбиркорликнинг қайсидир тури билан шуғулланаётганлар ҳар бир хонадонда топилади. Шу туфайли бу гўшага муносиб ворислар оталар изидан боришади.

Гулпошша ЭШҚОБИЛОВА.
ТЎҚБОЙ ҚИШЛОҚЛАРИДА ИШБИЛАРМОНЛАР, ТАДБИРКОРЛАР КЎП
ТЎҚБОЙ ҚИШЛОҚЛАРИДА ИШБИЛАРМОНЛАР, ТАДБИРКОРЛАР КЎП
ТЎҚБОЙ ҚИШЛОҚЛАРИДА ИШБИЛАРМОНЛАР, ТАДБИРКОРЛАР КЎП

Йўналиш: Иқтисодий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.