Бош Сахифа » Иқтисодий » ФЕРМЕР АЁЛ

 
 
 

ФЕРМЕР АЁЛ

Муаллиф: Admin дан 23-06-2017, 15:25, курилди: 176

0
ФЕРМЕР АЁЛ
Айша опа ғаллазорга туташ уватда битта бошоқнинг донларини бир-бир санаётган ишчисини бир зум кузатади. Кафтидаги донларни кўз-кўз қилаётган кишининг чеҳрасидаги илиқликдан кўнгли тўлганини сезиш қийин эмас.
Хўжалик раисининг қарашидаги саволни англаган ишчи деди:
- Ҳар бошоқда ўртача 70-80 тадан дон бор. Бу мавсум 60 центнерни қоралайди-ёв.
- Агротехник тадбирларни меъёрида ўтказилганлигининг самараси бу, - деди мамнуният билан фермер. - Демак, режага нисбатан, 1 баробар кўп ҳосил оламиз. ўаллага ўроқ тушди. Омборларимиз донга тўлади.
Икки кишининг ўзаро ушбу суҳбатларини тинглай туриб, фермер хўжалигида олиб борилаётган юмушлардан воқиф бўлдик. "Аёл киши фермер хўжалигини бошқара олмайди. Деҳқончиликнинг машаққати осонми?", деган кишилар "Туроб Усмон нурли воҳаси" фермер хўжалигини тажрибали агрономлар даражасида бошқараётган Айша Туроповага аллақачон тан беришган. Опа ихтиёридаги 50 гектар майдонда қатор йиллардан буён баракали пахта, ғалла ҳосили етиштириб келмоқда. Жорий йил ҳам 24 гектар майдонда бўлиқ ғалла ҳосили етиштирилган. Аҳоли ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экиш, рўзғорларини обод қилиш, ўзларига белгилаб берилган режага кўра ҳосил топшириш бўйича фермер хўжалиги билан шарт-нома имзолашган.ФЕРМЕР АЁЛ
- Юртбошимизнинг озиқ-овқат хавф-сизлигини таъминлашга доир кўрсатмалари асосида мавжуд майдонга тўлиқ такрорий экинлар экиш, сабзавот маҳсулотлари етиштиришни мўлжаллаяпмиз. Шу боис, ғалла ўримидан сўнг, майдон сомондан тозаланади. Сабзи, ош лавлаги, шолғом, турп ва кўкатлар экиш учун уруғ, минерал ва маҳаллий ўғитлар ғамлаб қўйилган. Маҳсулотларни экспорт қилиш билан шуғулланадиган ташкилотларга режадаги ҳосилни етказиб бериш орқали хўжалигимиз даромади янада ортади. Ички шартномага асосан мўлжалдагидан кўп ҳосил етиштирган аҳоли рўзғорига ҳам барака киради.
Ҳа, фермер бугун даромад ҳақида ўйлайди. Раис опа ҳам юқорида бу гапларни бежизга таъкидламади. Жорий йил давлат буюртмасидаги 70 тоннадан ортиқ сара донни қабулгоҳларга етказиб беришдан ташқари, хўжалик ихтиёрида яна шунча ҳосил қолиши кутилаяпти. 17,5 гектар ерда пахта етиштирилаётган бўлса, бу муҳим хомашёдан келадиган даромад ҳам хомчўт қилиб қўйилган. Шунинг учун ҳам саратон киргунга қадар ғўза ниҳолларига 4 марта сифатли ишлов берилди. Қатор ораларида бир марта чизель чуқурлатгич юрғизилганлиги ниҳоллар ривожини янада оширди.
Айни пайтда, ҳар туп ниҳолда 4-5 тадан ҳосил тугунчалари пайдо бўлган.
Тажрибали деҳқонлар жамланган хўжаликда барча экинларнинг агротехникаси оби-тобида олиб борилмоқда. 10 қути ипак қурти парваришлаган хўжалик заршунослари қайта ишловчи корхоналарига 550 килограмм муҳим саноат хомашёси етказиб беришди. Бундай натижаларга эришишда хўжалик раисига Абдурасул Очилов, Абдурасул Саъдинов сингари деҳқончилик ҳадисини олган инсонларнинг ёрдами катта. Хўжаликнинг яна 6 нафар аъзолари моддий манфаатдорлик ортаётганидан руҳланиб сидқидилдан меҳнат қилишмоқда. Ўтган йили ишчиларнинг ҳар бири рўзғорларига етарли даражада сабзавот маҳсулотлари, чорва озуқаси ғамлашдан ташқари, меҳнат ҳақлари ҳисобига икки тоннадан ғалла олишган. Бу йил кўрсаткич яна ҳам ортиши мўлжалланаяпти.
Режалар уддаланса, фермернинг юзи ёруғ, қўли узун. Ўйлаган режаси, ниятлари амалга ошишига йўл равон. Фермер аёлнинг кўнгил қатида ҳам улуғ ниятлар ниш урмоқда.
- Хўжалик тармоғини кенгайтириш имкони бор энди, - деди у киши. - Чорвачилик, балиқчиликни йўлга қўймоқчимиз. Бу борада дастлабки ишлар бошлаб юборилган. Шунинг эвазига янги иш ўринлари яратилади, хўжаликнинг иқтисодий имконияти янада ошади.

Отабек ЭРГАШЕВ,
Қиёмжон ЗИЁТОВ
(фото).

Йўналиш: Иқтисодий

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.