» » UNUTILGAN VA UNUTILMAGAN HAQIQAT

ИҚТИСОДИЙ / МАЪРИФАТ ВА МАДАНИЯТ

UNUTILGAN VA UNUTILMAGAN HAQIQAT

Машхур ўзбек адиби Шукруллонинг "Тирик руҳлар" романи буюк ўзбек зиёлиси Убайдулла Хўжаевга бағишланганини кўпчилик кишилар яхши билишади. Романда Убайдулла Хўжаевнинг машаққатли ҳаёт йўллари ва ўша даврдаги алғов-далғов замоннинг адолатсиз, оғриқли нуқталари баён этилган.
Халқимизнинг чинакам ўғлони Убайдулла Хўжаевни ўзбек миллатининг жонкуяр ҳуқуқшуноси, миллатнинг эртанги кунини ёритган шамчироғи эди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. У миллати дардини ўйлаб халқни дунё билимларидан хабардор қилиш, бошқача айтганда одамларнинг кўзи очилиши учун "Садои Туркистон" деган газетани очиб, унга ўзи муҳаррирлик қилиб, халққа зиё нурини сочган. Шунингдек, у Туркистон Мухторияти тузилгач, ҳарбий ва ички ишлар вазири вазифасини ҳам бажарган.
Ўша даврда замон шундай бир таҳликали эдики, қанчадан қанча зиёлилар пантуркист, панисломист деган уйдирмалар билан ноҳақдан қамоқ жазосига ҳукм этилган. Замондан шикоят қилган, қамалганларга ачиниш билдирган кишилар уларга ҳамфикр саналиб, бошлари балога қолганлиги ҳам аччиқ ҳақиқат.
Асарда Убайдулла Хўжаев ҳақида шундай фикр айтилган: "Буюклик тоғларга хос! Аммо буюк инсон бўлмоқ учун ҳам тоғдек бардош керак!". Ҳа, чиндан ҳам бу фикрда заррача муболаға йўқлигига ҳар бир зиёли киши ишонади.
Энг ачинарлиси, ўзбек миллатининг гултожи бўлган жадид У.Хўжаевдан зурриёд қолмади. У бу ёруғ дунёга келиб, на рушнолик, орзу-ҳавас, на фарзанд кўрди. Умрини миллатга бахш этишдан бошқа нарсани билмади. Ақли дониш, одамларга меҳри баланд, миллатпарвар, элсевар, зукко одам эди.
Асарда Убайдулла Хўжаев ҳақида шундай юрактешар сўзлар келтирилган: "Ҳар бир она ўз фарзандини қобил-солиҳ бўлиши, узоқ умр кўриши, фарзанд доғини кўрмаслигини Аллоҳ таоладан тилайди. Аммо бахтга қарши, бу онанинг фарзандлари орасида қобил-солиҳи ҳам, эл ичида энг эътибор топгани ҳам, умр бўйи куйдиргани ҳам Убайдуллахон бўлди".
Аҳамиятлиси, романда ҳамма даврлар учун муҳим ҳисобланган илм, маърифат ҳақида фикрлар айтилган. Хусусан, "Фуқарога илм ҳам керак, маърифат ҳам! Бунинг учун жаридалар ҳам, рўзномалар ҳам чиқармоқ керак! Керак! Аммо булар қачон чиқарилади-ю, қачон халқ уларни ўқиб, илмли-маърифатли бўлади?! Қачон кўзи очилади?!".
Асарни мутолаа қилган ўқирман (ўқувчи) инсонни эзгуликка чорловчи, ўлмас ғоя ва фикрларни ўқийди. Чунончи, "Бир етимнинг бошини силасанг, бир ғарибнинг мушкулини осон қилсанг, бир беморнинг кўнглига малҳам бўлсанг, бунинг савобига не етсин!... Аммо халқнинг дардига дармон бўлмоқ ниятида жон фидо қилсанг, унинг бахт-саодати учун ўз ҳаловатингдан кечсанг, ҳаётингни шунинг йўлига тиксанг, бунинг савобига тенг савоб бўлармикан дунёда?! Халқ учун жонини қурбон қилишдан афзалроқ, инсон учун улуғроқ савоб иш йўқ! Халқининг бахту озодлиги йўлида қурбон бўлганларга ўлим йўқ!".
Чиндан ҳам, бу фикрлар юрагида инсонийлик қони жўш уриб турган ҳар қандай кишини ватанпарварликка, савоб ишларни амалга оширишга, эзгуликларга ундайди.
Таъкидлаш жоизки, романда Убайдулла Хўжаевнинг ватанпарварлиги ҳақида қуйидаги сатрларга кўзимиз тушади: "Ватанпарварлик-ўзини унутмоқ! Мана шундай ҳис билан Истиқлол учун курашга кирганлардан бири Убайдулла эди".
Асарда адвокат касбига шундай ажойиб таъриф берилган: "Адвокат-қонунни жуда яхши билган, адолатли кишиларга холис хизмат қилувчи, ноҳақ жабрдан қутқариш учун курашувчи олижаноб шахс".
Романда ҳақиқат ва ҳақгўйлик ҳақида жонли ва жуда таъсирли сўзлар келтирилган. "Одамлар бор, фақат ҳақиқат ҳақида, ҳақгуйлик ҳақида жон куйдириб гапиради. Аммо ўша одамлар ноҳақликни қилаётган кимлар эканини ўзлари билмайдими? Йўқ билади! Бу ноҳақликларнинг келиб чиқишига ўзлари ҳам сабабчи эканликларини тан олгилари келмайди. Унга қарши курашга келганда-чи, Кўзларига жонлари ширин кўриниб қолади. "Тинчлик бўлсин", - дейдилар-у, сукут сақлайди".
Шу каби, адолат ҳақида ҳам қуйидаги қимматли фикрларни ўқиймиз: "Ёвузликка ёвуз бўлмоқ-адолат! Ёвузликка шафқат йўқ".
Китобда ўзбек жадидчиларидан яна бири Абдурауф Фитратнинг буюк Амир Темур руҳига айтган оташин фарёди баён этилган: "Бағрим ёниқ, юзим қора, кўнглим синиқ, бўйним букук. Сенинг зиёратинга келдим, султоним! Эгилган бошим, қисилган виждоним, куйган қоним, ўрганган жоним учун сағанангдан даъво излаб келдим, хоқоним! Юз йиллардан бери жафо кўриб, ғам чекиб келган туркнинг қонли кўз ёшларини этакларингга тўкарга келдим. Қоронғилар ичра ёғдусиз қолган ўзбек кўзлари учун тупроғингдан сурма олгали келдим".
Айтиш жоизки, романда мустақиллик ва истиқлол ҳақида ҳам шонли сўзларни ўқиймиз: "Мустақиллик. Бунга етмоқ ниятида не-не курашлар бўлмади! Не-не асл фарзандларимиз жонларини фидо қилиб, қурбон бўлиб кетмадилар. Истиқлолнинг бу қадар жон фидо қилгулик не сеҳри, не мўъжизаси борки, асрлардан буён инсоният Истиқлол учун, бир қулоч ери бор халқлар ҳам жон олиб, жон бериб курашган. Ахир бизнинг Турон юртимиз гўзалликда ҳам, бойликда ҳам Худонинг марҳамати ёғилган бир замин эмасмиди? Йиллар бўйи таланмадими? Ўзимиз қайтадан эга бўлганимизга шукрлар! Муборак бўлсин! Истиқлол йўлларимизни ёритадиган машъал нури, ҳар биримизнинг дилларимизга чуқур кириб боргандагина абадий бўлади!".
Мухтасар айтганда, адиб Шукруллонинг "Тирик руҳлар" романи кишиларни ватанпарварлик, истиқлолимизнинг қадрига етиш, юртимизнинг эртанги куни учун бутун куч-қувватини аямасдан ҳаракат қилишга, адолатли ва халқпарвар бўлишга чорлайди.
Луқмон АСАТОВ,
туман иқтисодий суди раиси.
скачать dle 11.3
Калит сўз

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56