Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » ДИЁРИМИЗНИНГ ЖАҲОНДАГИ ЎРНИ

 
 
 

ДИЁРИМИЗНИНГ ЖАҲОНДАГИ ЎРНИ

Муаллиф: Admin дан 30-05-2017, 11:34, курилди: 180

0
ДИЁРИМИЗНИНГ
ЖАҲОНДАГИ ЎРНИ
ёшлар тарбиясига боғлиқ
2016 йил 14 сентябрдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ёшлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда амалга оширишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир. Ушбу қонун ўз моҳиятига кўра, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни назарда тутади. Қонуннинг амалга самарали татбиқ этилиши ижтимоий ҳимоянинг махсус чора-тадбирларига муҳтож бўлган ёшларга доир муносабатларни, қўшимча иш жойларга ва ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этиш, ўқитиш, қайта ўқитиш ва малака оширишнинг махсус дастурларини ташкил этиш, ташкилотлар томонидан уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини банд қилиб қўйишда ёрдам бериш йўли билан тартибга солишга имкон беради.
Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ ёш авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Бундан оқилона фойдаланаётган эртамиз эгалари ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб ҳамма соҳада юксак натижаларни қўлга киритишмоқда. Бинобарин, мустақилликка эришиш остонасида биринчи Президентимиз янги давлат ва жамиятни барпо этиш билан боғлиқ кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири сифатида ёшларга оид сиёсат ҳамда уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш вазифасини қўйгани бежиз эмас. Мазкур ҳуқуқий асос замонавий қонун ижодкорлиги тажрибасидан келиб чиқиб, юридик техника талабларини ҳисобга олган ҳолда яратилган. Хусусан, "ёшларга оид давлат сиёсати", "ёшлар (ёш фуқаролар)", "ёш оила", "ёш мутахассис", "ёшлар тадбиркорлиги" каби тушунчаларнинг мазмуни очиб берилган. Жумладан, ёшлар (ёш фуқаролар) деганда, 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилмоқда. Ёш оила деганда эса 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёхуд фарзанд (бола) парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила тушунилади. Янги қонун орқали ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақоми, шунингдек, улар фаолиятининг давлат кафолатлари белгиланган. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 600 дан ортиқ ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш мақсадида тузилган ва фаолият олиб бораётган ННТлар мавжудлигини ҳисобга олсак, улар фаолиятининг асосий кафолатлари Қонунда алоҳида ёритилгани эътиборга молик. Ёшларни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари янада кучайтирилди. Хусусан, қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган ёшлар учун қўшимча кафолатлар: бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим олиш, таълим муассасаларида ўқишга имтиёзли кредитлар тақдим этиш, таълим муассасаларини битиргандан кейин ёшларнинг бандлигини таъминлаш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминлаш, ёшларнинг дам олиш ва соғломлаштириш ташкилотлари тизимини ривожлантириш ва бошқа шу каби муҳим масалалар алоҳида моддаларда кўрсатилди.
Шунингдек, мазкур қонун орқали мукофотлар, стипендиялар белгилаш, таълим грантларини тақдим этиш, фан, маданият ва санъат соҳасида ижодий устахоналар ва мактабларни йўлга қўйишга кўмаклашиш, спорт секциялари фаолиятини ташкил этиш кабилар орқали амалга ошириш мумкин бўлган истеъдодли ёшларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам тартибга солинади. Мамлакатимиз ёшлари улкан ижодий, интеллектуал, ижтимоий-сиёсий салоҳиятга эга. Ана шу куч ва салоҳиятнинг юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлиги сари сафарбар этиш энг муҳим вазифалардан биридир.
Хулоса қилиб айтганда, "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги Ўзбекистон ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлари янада кучаяётганлигини англатиш баробарида, эртанги кунда мамлакатимиз ёшларининг янги-янги марраларни забт этишга, уларнинг юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига замин яратди. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов қайд этганларидек, "…мамлакатимизнинг келажаги, ўзбек миллатининг, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай жой олиши бугун ёшларга берилаётган тарбиямиз, кўрсатаётган ғамхўрлигимизга боғлиқ".

Воҳид АҲМЕДОВ,
вилоят адлия бошқармасининг шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими бош маслаҳатчиси.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.