Бош Сахифа » Жамият ва ҳаёт » "Одноклассники" келтирган иснод

 
 
 

"Одноклассники" келтирган иснод

Муаллиф: Admin дан 29-04-2017, 10:16, курилди: 171

0
"Одноклассники"
келтирган иснод
Бугун ҳаётимизни уяли алоқа воситаларисиз асло тасаввур эта олмаймиз. Улар куну тун ёнимизда. қўл телефонимизни кечалари бошимизга қўйиб ётамиз, ўзимиз оч ухлаб қолсак ҳам телефон ҳисоб рақамини пулсиз қолдирмаймиз.
Уяли алоқа воситаларидан фақат суҳбатлашиш ва мусиқа тинглаш билан чеклансак, кошкийди. Замон тараққий этиб, қўл телефонлари орқали ҳам интернетга кириш имкони пайдо бўлди-ю, бошимизга бало ҳам келди…
Оқдарё туманида яшовчи Соҳиб Баротов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўрта маълумотни олгач, ўзига та-йинли иш топа олмади. Субутсизлиги сабаб на бир ҳунарнинг бошини тутди, на ота-онасининг айтганларини қилди. Аммо ота-она ўғлининг ҳаётда ўрнини топиб, кунини кўриб кетиши учун кўп ҳаракат қилишди, ҳали у ерда, ҳали бу ерда ишлатиб кўрди. Бироқ, кўп рўшнолик топмади. Рўзғор бошига тушса ўзгарар, деб уни уйлантиришди. Соҳиб ўзгармади. У икки фарзанд-ли бўлди ҳамки қўлидан телефонни туширмасди. У бора-бора телефон ва интернет, ижтимоий тармоқлар ишқибозига айланди. "Ўттизга кирганинг-да ўтин ёрадиган ўғлинг бўлсин", дейди халқимиз. Аммо Соҳиб бу ёшида ўғил-қиз тарбиясидан кўра, "Вацап", "Телеграмм", "Одноклассники" каби ижтимоий тармоқларга кириш ва у ердан дўстлар орттириб, валақлашиб, турли видеоларни кўриб ўтиришни афзал биларди. Оқибат шу бўлдики, 2013 йилнинг ёзида Соҳиб "Одноклассники"да "Жиҳодчилар" диний экстремистик оқими аъзолари билан "Ислом давлати" халқаро террорчилик ташкилоти сафида жиҳод қилишга ёлланган, Сурия, Ироқ давлатларида жанговор ҳаракатларда қатнашиб юрган кимсаларнинг таъсирига тушиб қолди. Асли субутсиз, шахсий фикри йўқ йигит эмасми, уларнинг даъватига, ёлғонларига учиб, улар "Одноклассники" орқали юбораётган аудио ва видеороликларни қизиқиб кўра бошлади. Натижада, тўла уларнинг таъсирига тушиб қолди ва ота-онанинг кўзидан йироқ, уларга яқинроқ бўлиш учун Россияга кетишни ният қилди.
Телефондан бош кўтармайдиган бекорчи ўғлининг Россияга кетмоқчилигини эшитган ота-она қувонди. Ўғли яхши ишлаб кетса, у ердан келадиган пулларни тасаввур қилиб кўрди, бошқаларга ўхшаб банк олдида навбат кутиш ва Соҳибжон юборадиган долларларни олиб келишни, рўзғорнинг кам-кўстига ишлатиш, орттириб, машина минишни ўйлаб, эр-хотин ширин хаёлларга берилишди.
Соҳиб уйдагиларнинг қўйинларини пуч ёнғоққа тўлдириб, Россияга кетди ва у ерда бир қассобхонада ишлай бошлади. Бир муддат ишлагач, иш яхши бўлаётганини айтиб, хотинини ҳам чақиртириб олди ва уни қассобхонага фаррош қилиб қўйди. Энди иккаласи ҳам ишлай бошлади. Айни шу дамларда Соҳиб "Вацап" ва "Скайп" интернет тармоқлари орқали "Бек", "Абу Убайда", "Абдураҳим" каби шахсларнинг таъсири ва йўл-йўриқлари остида бўлди, "Ислом ҳаракати" халқаро террористик ташкилотига қўшилишга розилик билдирди. Сўнгра "Одноклассники"да ўзига саҳифа очди ва профилида 18 та гуруҳга аъзо бўлиб, 229 нафар виртуал дўст орттирди, гуруҳдаги дўстларининг ўзлари амалга оширган ишлар тасвирланган видеоларини мунтазам кўриб борди. Уларни қўллаб-қувватлаб, "класс" босиш орқали бу тасвирларни ўзининг 229 нафар дўстига ҳам "кўринадиган" қилиш, яъни, тарқатиш билан шуғулланди. Соҳиб шунчаликка бордики, энди у тезроқ Сурияга боришни ва "ИШИД"га қўшилишни истарди. Бунинг учун у аввал Туркияга бориши керак эди…
Соҳиб интернетдаги дўстлари билан келишиб, Туркияга боришга тайёргарлик кўра бошлаган, уни Истанбул аэропортида шериклари кутиб олишга келишиб юрган бир пайтда Оқдарёда оила аъзоларидан бири тўй қиладиган бўлиб қолди ва сафар кечикди. Соҳиб бор пулини уйга юборишга мажбур. 2015 йилнинг ёзида Соҳибнинг қўл телефонига "Вацап" орқали "Абдураҳим" ва унинг шеригининг ўлгани ҳақида изоҳли суратлар келиб тушади. Сурат изидан эса Туркиядан "Аббос" исмли номаълум шахс алоқага чиқади ва Соҳиб ҳақида "Абдураҳим"нинг акаси маълумот берганини ва Соҳибни ўзи билан Сурияга олиб кетмоқчи эканлиги айтади.
Соҳиб йўл кира топса бўлди, барчасига тайёр эди. Аммо бир куни хотини тасодифан унинг телефонидаги суратлар ва видеоларни кўриб қолиб, эрининг нималарга аралашиб қолганини дарров фаҳмлади ва жаҳл устида "Сони эксплей" телефонни синдириб ташлади. Оқибат эр-хотин ўртасида катта жанжал юзага келди. Натижада аёл эрини бу йўлдан қайтариш учун Ўзбекистонга, ота-онаси ёнига қайтишга кўндирди, яъни, аёлнинг жанжаллари самара берди. Соҳиб билан хотини 2016 йилнинг бошида Оқдарёга қайтишди. Бу вақтда Соҳиб Россияда синган телефони ўрнига "Вега эксплей" русумли аппарат ишлатиб юрарди. Аёл эрининг тинчиб қолганидан хотиржам эди, гўё Соҳиб ўзгарган, хато қилганини билган эди. Аммо ҳаммаси бекор экан, у ҳамон Сурияга кетиш ниятида ижтимоий тармоқлар орқали дўстлари ва ҳамфикрлари билан ёзишиб, видеоларни бир-бирига улашиб юрган экан…
Ватанга қайтган Соҳибнинг паспорти муддати ўтган эди. У паспортини алмаштириш учун тумандаги ИИБ паспорт столига келганда ички ишлар ходимларининг суҳбатидан ўтаётганда, айни суҳбат жараёнида Соҳибнинг телефонига "Вацап" тармоғи орқали сигнал келиб тушади ва шу ернинг ўзида барча кирдикорлари фош бўлади. Унинг телефони компьютерга солиб текширилганда кириш-чиқиш қўнғироқлари, ижтимоий тармоқлар, хусусан, "Одноклассники"даги суратлар, видеороликлар, диний экстремизмни тарғиб қилувчи материалларнинг барчаси аниқланди…
Судда Соҳиб Баротов ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди. Унинг барча кирдикорлари фош бўлиб, унга узил-кесил 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Энди айтингчи, инсоннинг оғирини енгил қилиш учун кашф этилган уяли телефонлар, фақатгина вертуал дийдорлашув, маълумотларни тез ва осон алмашиш учун яратилган ижтимоий тармоқлар орамиздаги айрим билимсиз, калтафаҳм ва тор фикрли инсонларни ўз домига тортиб кетаверса… тараққиётнинг қулига айланиб қолмаймизми? Қачон кўзимизни очамиз? Қачонгача юртимизни ёмонламоқчи бўлган, бизни ўз нағмасига ўйнатмоқчи бўлган ёвуз ниятлилар домига илинаверамиз? Қачон шу жаннатмакон юртимиз ва тинчлигимизнинг, тўкис ҳаётимизнинг қадрига етамиз? Қачон ношукрлик қилишни бас қиламиз?
Х.САФАРОВ.

Йўналиш: Жамият ва ҳаёт

Ҳурмтли меҳмон, Сиз ҳали руйхатдан утмагансиз.
Сиз малумот қолдиришингиз учун Рўйхатдан утиш лозим.