» » ҚОЗОНДА СУЯК БОР, ЭТИ ЙЎҚ

ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

ҚОЗОНДА СУЯК БОР, ЭТИ ЙЎҚ

Халқ депутатлари туман Кенгашининг ижтимоий - маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари ҳамда туман ташкилоти вакилларидан иборат гуруҳ февраль ойининг беш куни давомида ҳудуддаги мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий аҳволини ўрганишди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида келажак ворисларининг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидланган. Фармон ижросини таъминлаш юзасидан ҳудуддаги МТМларда қандай ишлар амалга оширилаяпти? Афсуски, ўрганилган 36 та МТМдаги аҳволдан юқоридаги саволга қониқарли жавоб олиш имкони йўқлиги ойдин бўлди.
Олтиқаҳрамон МФЙ да жойлашган 46-МТМга Ҳосила Ҳайитова раҳбарлик қилади. Болалар тарбияланаётган хоналар иссиқ. 220 ўринга мўлжалланган боғчага шу куни 85 нафар бола келган. Қисқа муддатли гуруҳ тарбияланувчиларидан фақат 3 нафари келганлиги сабабли, бошқа гуруҳларга қўшиб қўйилган. Кунлик таомнома 80 нафар тарбияланувчига тузилган. Шу куни қозонга 5,1 килограмм ўрнига, меъёридан 2,1 килограмм кам гўшт солинган. Таомномада тушликка икки хил овқат кўрсатилган бўлса-да, фақат бир хил овқат тайёрланган. Гуруҳлардаги болаларнинг тирноқлари ўсган, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилинмаган. Барча меъёрий ҳужжатлар ҳануз халқ таълими вазирлиги номи билан юритилмоқда.
58-МТМ ичимлик суви билан таъминланмаган. Ҳожатхона эшиги йўқ. Санитария талабларига жавоб бермайди. Иккита гуруҳдаги 60 нафар ўрнига 16 нафар бола боғчага келган.
Таомномада болалар сони ошириб кўрсатилган. Овқат гўштсиз, бир хилда тайёрланган. Таомномада эса биринчи овқатга мастава, иккинчи овқатга борщ кўрсатилган. Гўзалкент қўрғонидаги 59-МТМ замонавий бинода жойлашган. Боғчада ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Тарбияланувчиларга таомномада кўрсатилган тушлик тўлиқ тайёрланмоқда.
48-МТМ даги ободонлаштириш ишлари мутлақо талабга жавоб бермайди. Хоналар табиий газ ва кўмир билан иситилса-да, носоз печкадан фойдаланилмоқда. Ходимлар ўртасида вазифалар тақсимоти қилинмаган.
Зорман МФЙ да жойлашган 54-МТМ биноси таъмирталаб. Боғча ҳамшираларининг ҳужжатлари йўқ. Кир буюмлар озиқ-овқат сақланаётган омборхонага қўйилган.
Тумандаги 2-сон махсус мактабгача таълим муассасаси 100 ўринга мўлжалланган. Айни пайтда 51 нафар бола тарбияланмоқда. Лекин педагог ходимларнинг иш ҳақини ҳисоблаш тарификациясида бешта гуруҳда 60 та бола борлиги кўрсатилган. Таомнома тузилмаган. Нонтахта столида ҳар хил дори-дармон ва шприцлар аралашиб ётибди. Мавжуд 63 нафар ишчи-ходимдан 23 нафаригина тиббий кўрикдан ўтган. Ўрганиш кунида ходимларнинг 10 нафари иш жойида эмас. Боғчанинг логопед штатида ишловчи Мунира Эшмуродова тиббиёт коллежида ҳам 1, 5 ставкада ишлар экан. Икки ойдан буён ишга келмаса-да, маош олаётгани аниқланди. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрда тасдиқланган "Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиб тўғрисида"ги низом талаблари бузилган. Иккита гуруҳ тарбияланувчилари қўшиб юборилган. Шу куни таомнома 43 нафар болага тузилган. Тайёрланаётган таомга беш кило-ю 250 грамм ўрнига 1,5 килограмм гўшт солинган. Бир хил овқат тайёрланмоқда.
56-МТМ да ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Боғча ҳолати санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Ошпаз ва ҳамшира тиббий кўрикдан ўтмаган. Болалар тарбияланаётган хоналар совуқ. Дам олиш хоналари эса иситилмаган. Кўмир захираси бор, лекин ишлатилмаган. Ўрганилган кунда боғчада ошпаз, бир нафар тарбиячи ҳамда икки нафар ёрдамчи тарбиячидан бошқа ҳеч ким йўқ. Овқатга 34 нафар бола учун бир килограмм гўшт солинган.
57-МТМ да 18 нафар педагог ходимлар ишлайди. Улардан 16 нафари тиббий кўрикдан ўтмаган. 180 ўринга мўлжалланган Илм қишлоғидаги 51-МТМ га Ситора Эшмирзаева раҳбарлик қилади. Боғчанинг санитария ҳолати талабга жавоб бермайди. Хоналар совуқ. Ўйинчоқлар кир-чир. 18 нафар ходимдан бирортаси тиббий кўрикдан ўтмаган. 61 нафар болага овқат тайёрланмоқда. Ҳақиқатда эса 24 нафар бола бор. Тайёрланаётган овқатга гўшти қириб олинган 300 грамм суяк солинган. Давлат томонидан жиҳозлар берилган, лекин фойдаланилмасдан турибди.
25-МТМ да ҳам юқоридагидек ҳолат. Биринчи тиббий ёрдам шкафида муддати ўтиб кетган дорилар сақланмоқда. Болалар тарбияланаётган хоналарда кунлик тозалаш ишлари олиб борилмаган. 13 нафар ходимлардан бирортаси тиббий кўрикдан ўтмаган. 90 нафар ўрнига 18 нафар бола келган боғчада 300 грамм гўшт солиб овқат қилинмоқда. 3-МТМда ҳам 76 нафар болага белгиланган меъёрдан гўшт маҳсулотининг ярмидан камроғи солинган. 24 ходимдан 16 нафари тиббий кўрикдан ўтган.
Иккинчи сектор ҳудудидаги 29, 8,14, 39, 10, 43, 16, 20, 17, 13, 4, 44-МТМ ларда ҳам ободонлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилмаган, иссиқлик тизими талабга жавоб бермайди. Болаларнинг интеллектуал ва англаш қобилиятини ривожлантиришга қаратилган ўйинчоқлар йўқ. Ўқув ва кўргазмали қуроллар мавжуд эмас. 43, 30, 44-МТМ ларда тарбичи ва бошқа ходимларнинг кийиниши талабга жавоб бермайди. 22-сонли МТМ да 20 та кроватда 30 нафар тарбияланувчилар ухламоқда. 15 нафар ходим тиббий кўрикдан ўтмаган. 40, 26, 29-МТМ ларда ҳам шундай ҳолатларга дуч келдик. Аксарият мактабгача таълим муассасаларида тиббий ҳамшира хонаси керакли жиҳоз ҳамда асбоб-ускуна билан таъминланмаган. 18 хил дори-дармондан 4-5 турдагиси мавжуд, холос.
Юқоридаги ҳолатлардан кўриниб турибдики, юртимизда мактабгача таълим муассасаларига бўлган эътибор, соҳа ходимларининг ўз ишларига фидойиликлари талаб этилаётган айни кунларда ҳам айрим мудиралар ғафлат уйқусидан уйғонмаган. Ҳудудни ободонлаштириш, ҳожатхоналарни санитария талаблари даражасига келтириш, меъёрий ҳужжатлар юритиш, ижро интизомига риоя қилиниши борасида кескин ўзгаришлар сезилмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа вакилларига қўйилаётган вазифаларнинг қанчалик муҳимлигини ҳанузгача ҳис қилмаган мудиралар таомномаларга яқин-ўртада кўз қирларини ташламаган кўринади. Ҳатто, МТМлар пешлавҳаларидаги "ХТВга қарашли…" деб бошланган ёзувлардан ҳам буни илғаш қийин эмас. Ҳар куни кўз билан кўриб пешлавҳани алмаштириш хаёлига келмаган мудира таомномани ўқишга, қозонга чўмич солиб кўришга вақт "тополмаслиги" ҳам тайин-да. Шу ўринда айтиш керакки, таомномалардаги камчиликлар, ободонлаштириш ишларининг амалга оширилмаганлиги, ходимларнинг тиббий кўрик масаласига эътиборсизлигини назорат қилувчи туман ДСЭНМ ходимлари юқоридаги ҳолатлар бўйича ўз муносабатларини билдиради, деган умиддамиз.

Ўз мухбиримиз.
скачать dle 11.3
Калит сўз Танқид

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56