» » “TEMURBEKLAR MAKTABI”DA TOBLANGAN YIGIT

ЖАМИЯТ ВА ХАЁТ

“TEMURBEKLAR MAKTABI”DA TOBLANGAN YIGIT

Юлдуз бугун ҳам эрта тонгдан уйғонди. Уйғонди-ю, ўғли Дилшоджоннинг хонасига кўз югуртирди. Ўғлининг ўриндиғига бирпас термулиб тургач, секингина борди-да, дилбанди ҳарбий ўқишга отланаётганда яхши ният билан тишланган уй тўрида осилган нонга боқди.
- Жасур болам ўзимнинг, доимо омон бўлгин. Мана, Ватан хизмати, эл корига ярайдиган йигит бўлдинг. Юртим деган кам бўлмайди. Элнинг, Ватаннинг фахри бўлгин, - деди ҳам соғинч, ҳам ифтихор билан.
Дарвоқе, Дилшоджон болалигидан ҳарбий кийим кийишни орзу қиларди. Мактабда устозлари "Ҳарбий бўлишни истаган йигит доно, билимли, зукко бўлиши, жисмонан ва маънан чиниққан бўлиши лозим", дея уқтирганлари сабабми, дарсдан бўшади дегунча, спорт машғулотлари билан банд бўлар, шу билан бир қаторда, ҳарбийлар ҳаёти ва фаолиятига доир кинофильмларни берилиб томоша қилар, "Темур тузуклари", "Бобурнома", буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг бос-қинчиларга қарши курашига оид китобларни ўқишни канда қилмасди. "Ким бўлмоқчисан?" деган саволга ҳеч иккиланмай, "Ҳарбий бўламан", дея жавоб берарди. Фарзандининг қалбида оловланаётган эзгу орзу-ниятларни она англар, шу боис, унга ўз мақсадига эришишида кўмак бериши лозимлигини ўйларди. Бир куни Дилшоджон мактабдан хурсанд ҳолда қайтди.
- Ойижон, бугун дўстимнинг ҳарбий акаси билан мактабимизда учрашув ўтказилди. Кийими роса ярашган, ҳавасим келди. У киши билан учрашиб, юрагимдаги гапларимни айтдим. 4-синфни тугатиб, Тошкентдаги "Темурбеклар мактаби"да ўқишни давом эттиришим мумкинлигини айтиб қолди. Илтимос, ойижон, йўқ деманг, ўша ёққа мени олиб боринг…Она бирпас ўйга чўмди. Қандай бўларкин, ахир, отаси яқиндагина оламдан ўтган бўлса… Ўғлининг ялиниб-ёлвориши онанинг хаёлини бўлди.
- Майли, болам, чиндан ҳам ҳарбийликка қизиқсанг, бобонг билан сени бирга олиб борамиз.
Дилшоджон қувончдан қийқириб юборди-ю, онасининг бағрига отилди.
Ҳа, йиллар ўтиб кетавераркан. Бу воқеа гўёки кечагина содир бўлгандек, Юлдузнинг кўз ўнгида гавдаланди. Бугун ўғли фахрга, ғурурга арзигулик комил йигит, эл тинчлиги учун камарбаста Ватан ҳимоячиси бўлиб етишди.
- Набирам Дилшоджоннинг Чирчиқдаги ҳарбий мактабда илк таълимни бошлаган дамлари ёдимда, - дейди унинг бобоси Санақул Хурсандов. - Кичик жуссасига ҳарбийлик либоси ярашган, лекин кўзларида қувонч, шу билан бирга, "Уддалай оламанми?" қабилидаги болаларга хос хавотирни сезганман. Аммо ке-йинчалик устозларидан неварам ҳақида яхши гапларни эшитганимдан сўнг, унинг ҳақиқий ҳимоячи бўлишига кўзим етиб, хотиржам бўлганман. Кўпинча, баъзи ота-оналарнинг "Боламни қайси ўқишга киритсам экан ёки қаерга ишга қўйсам экан?" деган гаплари қулоғимизга чалинади. Аслида, бола қалбида интилиш бўлса, унинг ўзи ҳаётда шарафли йўлини топиб кетавераркан.
Чунончи, 2011-2014 йилларда "Темурбеклар мактаби"ни муваффақиятли тугатган ёш ватанпарвар Ўзбекистон Қуролли кучлари Академиясига ҳужжатларини топширди. 4 йил давомида мазкур ҳарбий таълим даргоҳида устозлар кўмаги, танлаган соҳасига меҳри, иштиёқи қўл келиб, курсдошлари, таълим даргоҳи миқёсида ўзига хос эътибор топди ва "лейтенант" ҳарбий унвони билан академия курсларини тамомлади.
- Айни пайтда Тошкент шаҳрида Мудофаа Вазирлигининг қўриқлаш батальонида хизмат қилаяпман, -дейди Дилшоджон. - Яқинда вазирликнинг фахрий ёрлиғи билан тақдирландим. Бу менинг, эл-юрт осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги учун масъул эканлигим ифодасидир. Қолаверса, бир куни таълим муассасаларидан бирида ҳарбийлар билан ўтказилган давра суҳбатида иштирок этарканман, кўпчилик ўқувчи - йигитларнинг бир саф бўлиб турган ҳарбийларга ҳавас билан боқиб турганларини кўриб, ўзимнинг болалигим ёдимга тушди. Эзгу орзу ва режалар беқарор эмас, балки барқарор бўлса, улар бирин-кетин ушалиб боравераркан.
Ҳа, умр ўтаверади. Кимдир ўтаётган дақиқаларини мардлик, жасорат, фидойиликка йўғрилтириб, иззат-икром, шаън ва шараф топса, яна кимдир бунинг акси… Самарқанд маҳалласилик Дилшоджон Раҳмоновдек марду майдонлар сафи кўпаяверсин! Темурбек янглиқ Ватан равнақи, юрт тинчлиги йўлида хизматга бел боғлаганлар омон бўлишсин!

                                                               Гулжаҳон МАРДОН қизи.
скачать dle 11.3
Калит сўз Harbiy

Ўхшаш янгилик

Янгиликдаги изоҳлар

Ҳурматли фойдаланувчи, Сиз сайтимиздан рўйхатдан ўтмаганмисиз.
Унда марҳамат Рўйхатдан ўтинг.

Ўзингизнинг изоҳингизни қолдиринг:

Ижтимоий тармоқлар

  • Фэйсбук
  • Твиттер
  • Телеграм
  • Сайт материалларидан фойдаланилганда WWW.PDH.UZ манбаи курсатилиши шарт.

    Тезкор алоқа

  • Админ билан алоқа телеграм

    Журналистлар

    Манзилимиз

    Самарқанд вилояти
    Паст Дарғом тумани, Жума шаҳри,
    Амир Темур кўчаси, 50-уй.

    Телефон : ( 8366 ) 465-12-56